Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Талоқ масаласи | Сийрат дарслари (332-дарс)

19:00 / 13 июнь 1423 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

690. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага юзланганларида «Эй Аллоҳнинг Расули! Байтул-Мақдисга қараб намоз ўқиб вафот этиб кетганларнинг ҳоли нима бўлади?» дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Аллоҳ иймонингизни зое қилмас»(ояти)ни нозил қилди».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

691. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эр аёлини талоқ қилса, иддаси чиқишидан олдин уни қайтариб олиши мумкин эди. Агар уни минг марта талоқ қилса ҳам. Бир киши хотинини талоқ қилди. Аёлнинг иддаси чиқишига яқин қолганда қайтариб олди. Яна талоқ қилди. Сўнгра унга: «Аллоҳга қасамки, сени ўзимга ҳам олмайман, бошқага ҳам ҳалол бўлмайсан», деди. Шунда Аллоҳ таоло: «Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш»(ояти)ни нозил қилди. Ўша кундан бошлаб одамларнинг талоқ қилгани ҳам, қилмагани ҳам талоқни янгитдан қарши олишди».

Молик ва Термизий ривоят қилишган.

692. Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Синглим бор эди. Уни сўраб совчилар менга келишар эди. Амакимнинг ўғли келган эди, унга никоҳлаб бердим. Кейин уни ражъий талоқ қилди. Иддаси чиқиб кетгунча тарк қилди. Бошқа совчилар менга келганда у ҳам келди. Шунда: «Аллоҳга қасамки, уни сира никоҳлаб бермайман», дедим. Шунда мен ҳақимда «Хотинларни талоқ қилганингизда (идда) муддатлари охирига етгач, яхшилик билан ўзаро рози бўлишиб, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, қийинлаштирманг» ояти нозил қилинди. Мен қасамимнинг каффоротини адо этдим ва синглимни унга никоҳлаб қўйдим».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

693. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз Иброҳимдан кўра (шакка) ҳақлироқмиз. Ўшанда у «Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганида У Зот: «Ишонмадингми?» деди. У: «Йўқ, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди. Аллоҳ Лутни раҳматига олсин, ваҳоланки у мустаҳкам жойга жойлашган эди. Агар зиндонда Юсуф турганча турганимда, чақирувчига ижобат қилган бўлар эдим», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда бундай келган:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Карим ибн Карим ибн Карим ибн Карим Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. Агар зиндонда Юсуф турганча турганимда, кейин менга элчи келса, мен унга албатта ижобат қилган бўлар эдим»,  дедилар». Сўнгра «Унга элчи келган пайтда: «Хўжанг ҳузурига қайтиб бор ва ундан қўлларини кесган хотинларнинг ҳоли нима бўлганини сўра, деди»(ояти)ни қироат қилдилар. «Аллоҳ Лутни раҳмат қилсин. Ваҳоланки, у мустаҳкам жойга жойлашган эди. Чунки у: «Қани энди сизларга қувватим етса эди ёки мустаҳкам жойга беркинсайдим», деди. Аллоҳ ундан кейин набий юборса, фақат қавмининг ҳимояси билан юборди», дедилар».

Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
485. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Макка ва Мадинадан бошқа ҳар бир юртни дажжол албатта оёқости қилади. давоми...

3455 15:00 / 05.03.2021
743. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қалбида зарра оғирлигида кибри бор одам жаннатга кирмайди,, дедилар,. давоми...

4357 19:00 / 22.07.2022
293. Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Биз туя боқар эдик. Навбатим келганда уларни кечаси яйловга олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

5956 14:00 / 15.11.2019
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, келажакда сиз учун ажам юртлари фатҳ давоми...

3725 12:09 / 02.02.2020
Аудиолар

213343 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар