
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим муфтий Муҳаммад Шафеъ Усмоний қуддиса сирруҳ бир воқеани сўзлаб бердилар. Аллоҳнинг валийларидан бири қаергадир кетаётган эдилар. Кимлардир у зотни танимасдан мазах қилди. Ҳатто бир кас: «Айтинг-чи, сиз яхшими ёки менинг итимми?» деб масхараомуз савол берди. Аммо бу саволдан у улуғ зотнинг жаҳли чиқмади, ҳолати ҳам ўзгармади. Жиддий туриб шундай жавоб берди: «Айни пайтда мен яхшиманми ёки сенинг итинг яхшими айта олмайман. Чунки менинг қай ҳолатда вафот этишим маълум эмас. Агар умрим иймон ва солиҳ амал устида хотима топса, мен яхши бўламан. Аллоҳ кўрсатмасин, хотимам ёмон бўлса, у ҳолда аниқ сенинг итинг мендан яхши бўлади. Чунки у жаҳаннамга тушмайди ва унга бирор азоб берилмайди...»
Аллоҳнинг валий бандалари айнан шундай эдилар, улар хотимага – инсон қай ҳолатда вафот этишига қарар эдилар. Шунинг учун айтадиларки, кўзинга ёмон кўринган ҳар инсонни ҳақир санама, ёмон дема. Балки унинг амалини ёмон деб айт. Масалан, фалончи хамр ичади, гуноҳга мубтало, деб. Лекин токи оқибати хотимаси қандай экани маълум бўлмагунча, унинг шахсини ёмон деб айтиш жоиз эмас.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 4 апрелдаги 02-07/ 2234-рақамли ва 2023 йил 23 мартдаги 03-07/ 1912-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.