1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онага хизмат қилишнинг фазли

16:43 / 30 май 1380 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ إِبْرَاهِيمَ بْنِ مَيْسَرَةَ: أَنَّ أَعْرَابِيًّا طَلَعَ عَلَى أَصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَعْجَبَهُمْ شَبَابُهُ وَقُوَّتُهُ وَنَشَاطُهُ وَنَحْوُ هَذَا، فَقَالُوا: لَوْ كَانَ شَبَابُ هَذَا وَنَشَاطُهُ وَقُوَّتُهُ فِي سَبِيلِ اللهِ، فَسَمِعَ ذَلِكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «أَوْ مَا فِي سَبِيلِ اللهِ إِلَّا مَنْ قَاتَلَ؟ - أَوْ قَالَ: غَزَا - مَنْ سَعَى عَلَى وَالِدَيْهِ لِيَعُفَّهُمَا فَفِي سَبِيلِ اللهِ، وَمَنْ سَعَى عَلَى عِيَالِهِ يَعُفُّهُمْ فَفِي سَبِيلِ اللهِ، وَمَنْ سَعَى عَلَى نَفْسِهِ لِيَعُفَّهَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَمَنْ سَعَى مُكَاثِرًا فَفِي سَبِيلِ الشَّيْطَانِ».

Иброҳим ибн Майсарадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари олдига бир аъробий чиқди. Унинг ёшлиги, қуввати, ҳаракатчанлиги ва шунга ўхшаш нарсалари уларнинг ҳавасларини келтирди. Улар: «Қани энди бунинг ёшлиги, қуввати, ҳаракатчанлиги Аллоҳнинг йўлида бўлса эди», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни эшитиб, шундай дедилар: «Сизлар фақат урушганни ёки ғазот қилганни Аллоҳнинг йўлида деб ўйлайсизларми? Ким ота-онасини беҳожат қилиш учун таъминласа, Аллоҳнинг йўлида бўлади. Ким аҳли аёлини беҳожат қилиш учун таъминласа, Аллоҳнинг йўлида бўлади. Ким ўзини беҳожат қилиш учун ўзини ўзи таъминласа, Аллоҳнинг йўлида бўлади. Ким молини кўпайтириш учунгина уринаётган бўлса, шайтоннинг йўлида бўлади».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кўпчиликнинг хаёлига ўрнашиб қолган хато фикр тўғриланмоқда. Ушбу ривоятдаги саҳобаларга ўхшаб, кўпчилик кишилар «Аллоҳнинг йўлида», деганда фақат уруш ёки ғазотни хаёлга келтирадилар. Мазкур аъробий йигитнинг ёшлиги, қуввати, ҳаракатчанлиги ва шунга ўхшаш нарсалари уни кўрган саҳобаларнинг ҳавасини келтирди. Улар «Қани эди бу йигит ўзининг ушбу сифатлари ила Аллоҳ таолонинг йўлида урушда қатнашса», деган маънода гап айтдилар.

Бу ҳолатни кўриб, гапларни эшитиб турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга тушунтириш бериб, қуйидагиларни айтдилар:

«Сизлар фақат урушганни ёки ғазот қилганни Аллоҳнинг йўлида деб ўйлайсизларми?»

Агар шундай ўйлайдиган бўлсангиз, нотўғри ўйлаган бўласиз. «Аллоҳнинг йўлида» деган гапнинг маъноси сиз тасаввур қилаётгандан кўра жуда кенг. Аллоҳ таолонинг таълимотига мос ва яхши ният билан қилинган ҳар бир ҳалол-пок иш Аллоҳ таолонинг йўлида бўлаверади.

«Ким ота-онасини беҳожат қилиш учун таъминласа, Аллоҳнинг йўлида бўлади».

Фарзанд «Ота-онам қийналмасинлар, бировга муҳтож бўлмасинлар, уларнинг молиявий эҳтиёжини қондирай», деган ният билан ҳалол мол касб қилса, Аллоҳнинг йўлида хизмат қилган бўлади ва савоб олади.

«Ким аҳли аёлини беҳожат қилиш учун таъминласа, Аллоҳнинг йўлида бўлади».

Худди шунингдек, киши «Аҳли аёлим ўзлари қийналмасин, бировга муҳтож бўлмасин, уларнинг молиявий эҳтиёжини қондирай», деган ният билан ҳалол мол касб қилса, Аллоҳнинг йўлида ҳаракат қилган бўлади ва савоб олади.

«Ким ўзини беҳожат қилиш учун ўзини ўзи таъминласа, Аллоҳнинг йўлида бўлади»

Ўз уйим, уловим ва барча ибодатларимни хотиржам бажариш учун етарли жамғармам бўлмагани учун қийналиб қолмайин, бировга муҳтож бўлмайин, ўзимнинг молиявий эҳтиёжимни ўзим қондирайин, деган ният билан ҳалол мол касб қилса, Аллоҳнинг йўлида елиб-югуриб юрган бўлади ва савоб олади.

Чунки у шундай қилмаса, ўзи ҳам, ота-онаси ва аҳли аёли ҳам ёки хору зор бўлиши, ёки ҳаромга қўл уриши керак бўлади. Бу ишлар эса ҳаром ва гуноҳдир. Ҳаром ва гуноҳнинг олдини олиш албатта, ажр ва савобдир.

Аммо мол-дунё топишда ният бошқача бўлиб қолса, Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўлга ўтиб қолинади.

«Ким молини кўпайтириш учунгина уринаётган бўлса, шайтоннинг йўлида бўлади».

Демак, бола-чақасининг, ота-онасининг ва ўзининг мол-дунё борасида иффатли бўлиши, ҳалол-пок бўлиши ва бировга муҳтож бўлмаслиги учун касб қилиш Аллоҳ таолонинг йўлидаги ҳаракат бўлар экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Саҳобалар кишининг ёшлиги, қуввати, ҳаракатчанлигига ҳавас қилганлари.

2. Саҳобалар одамнинг ёшлиги, қуввати, ҳаракатчанлиги Аллоҳнинг йўлида бўлса эди, деган орзуда бўлишгани.

3. Фақат урушган ёки ғазот қилган одамгина Аллоҳнинг йўлида бўлмаслиги.

4. Ота-онасини беҳожат қилиш учун ҳаракат қилиб, мол-мулк касб қилиш ҳам Аллоҳнинг йўлида бўлиши.

5. Аҳли аёлини беҳожат қилиш учун ҳаракат қилиб, мол-мулк касб қилиш ҳам Аллоҳнинг йўлида бўлиши.

6. Ўзини беҳожат қилиш учун ҳаракат қилиб, мол-дунё топиш ҳам Аллоҳнинг йўлида бўлиши.

7. Қандай бўлса ҳам, молим кўпайса бўлди, деб уриниш шайтоннинг йўлида бўлиши.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Онам менинг ўқишим учун узукларини сотдилар. Синглимни турмушга бериш учун билагузукларини сотдилар. Укамни даволатиш учун чиройли маржонларини сотдилар. Шу давоми...

3242 17:00 / 31.07.2022
Мужоҳиддан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг олдида эдим. Унинг хизматчиси қўйнинг терисини шилаётган эди. Шунда у киши.Эй ғулом Қўйни сўйиб давоми...

3465 13:05 / 20.12.2019
. Саъид ибн Мусайяб .Киши ўзидан кейин фарзандининг қилган дуоси ила кўтарилади,, деди ва .Мана бундай,, деб икки қўлини кўтарди,. Шарҳ .Бир одам вафот этгач, давоми...

3897 12:52 / 23 февраль
. ,.100. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим.Аллоҳ азза ва жалла раҳматни юз давоми...

2628 09:05 / 06.08.2019
Аудиолар

211011 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130271 14:35 / 11.08.2021