1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Макон мийқотлари

13:32 / 22 май 1285 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَّتَ لِأَهْلِ الْمَدِينَةِ ذَا الْحُلَيْفَةِ، وَلِأَهْلِ الشَّامِ الْجُحْفَةَ، وَلِأَهْلِ نَجْدٍ قَرْنَ الْمَنَازِلِ، وَلِأَهْلِ الْيَمَنِ يَلَمْلَمَ، وَقَالَ: هُنَّ لَهُمْ وَلِكُلِّ آتٍ أَتَى عَلَيْهِنَّ مِنْ غَيْرِهِنَّ، وَمِمَّنْ أَرَادَ الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ، وَمَنْ كَانَ دُونَ ذَلِكَ فَمِنْ حَيْثُ أَنْشَأَ، حَتَّى أَهْلُ مَكَّةَ مِنْ مَكَّةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина аҳлига Зул-Ҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Нажд аҳлига Қорнул-манозилни ва Яман аҳлига Яламламни мийқот қилдилар. Ўшалар у ерликларга ва ўша томондан келадиган улардан бошқа ҳаж ҳамда умрани ирода қилганларга мийқотдир. Ундан ичкарида бўлганлар қаердан жўнаса, ўша ердан эҳромга киради. Макка аҳли Маккадан», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

«Мийқот» сўзи арабча «таъқийт» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «бирон нарсанинг вақтини тайин қилиш» маъносини англатади. Кейинчалик бу сўз кенгроқ кўламда «макон» маъносида ҳам ишлатиладиган бўлди. Шаръий истилоҳда эса «мийқот» сўзи ҳаж ёки умра қилмоқчи бўлган кишининг эҳром боғлайдиган жойи ва вақтини билдиради. Табиийки, умра учун вақт маъносидаги мийқот бўлмайди, умрани йил давомида адо этиш мумкин.

Демак, «мийқот» деб эҳромга киришнинг тайинли вақти ва тайинли маконига айтилади. Ҳажнинг вақт бўйича мийқоти – Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунидир.

Макон мийқоти эса турли мамлакатлардан келган ҳожилар учун, уларнинг Маккаи Мукаррамага келиш йўлларига қараб турли жойлар бўлади. Масалан, макон мийқоти – Маккаи Мукарраманинг атрофидаги махсус белгиланган чегара, десак бўлади.

Ҳадисда айтилаётган Зулҳулайфа Мадинаи Мунавварадан Маккаи Мукаррамага қараб юрганда биринчи келадиган манзилдир. У ер ҳозирда «Обори Али» деб ҳам номланади. У ерга махсус масжид, ғуслхоналар қурилган ва эҳром боғлаш учун лозим бўлган бошқа шароитлар яратилган. 

Жуҳфа ҳақида машҳур олим Ёқут Ҳамавий «Мўъжамул Булдон» китобида қуйидагиларни ёзади:

«Жуҳфа Мадинадан Макка томон кетишда тўрт марҳала (манзил) узоқликда жойлашган катта қишлоқ бўлган. Миср ва Шом аҳли Мадина орқали юрмасалар, мийқотлари Жуҳфа бўлади. Агар Мадина орқали юрсалар, мийқотлари Зулҳулайфа бўлади.

Унинг қадимги исми Маҳайъа эди. Баъзи йиллари сел келиб, унинг аҳлини хонавайрон қилганлиги учун Жуҳфа (вайрона) деб аталиб қолган».

Қорнул-манозил – Маккаи Мукарраманинг шарқий тарафида, икки кунлик масофада жойлашган тоғнинг номи. У «Қорнус-саъолиб» деб ҳам аталади.

Яламлам – Маккадан икки кунлик масофада жойлашган Тиҳома тоғларидан бирининг номи.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, юқорида зикри келган мийқотлардан ташқарида яшайдиган мусулмонлар Маккаи Мукаррамага ҳаж ёки умра нияти билан келмоқчи бўлсалар, ўша мийқотлардан эҳромсиз ўтишлари мумкин эмас. Кимки ҳаж ёки умрани ният қилиб туриб, мазкур мийқотлардан эҳромсиз ўтса, жиноят қилган ҳисобланади (ҳаж ва умра истилоҳида жиноят деб эҳром ман қилган амалларни содир қилишга айтилади).

Ким мазкур мийқотлардан ўтмасдан, бошқа томонлардан ўтадиган бўлса ҳам, мийқотларнинг тўғрисига келганда эҳром боғлаши шарт.

Мийқотлардан кейин келадиган манзилларда яшайдиган кишилар эса ўзларининг турар жойларидан эҳром боғлайдилар. Макка аҳли ҳажга ўз уйидан эҳром боғласа, умрага ҳарамнинг чегарасидан чиқиб туриб эҳром боғлайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 10-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022-йилдаги 03-07/3309-сонли тавсияси асосида чоп этилган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳaждa бaжapилaдигaн aмaллap фapз, вoжиб вa cyннaтгa бўлинaди. Фapз aмaллap aдo этилиши шapт мажбурий бўлгaн aмaллap бўлиб, yлapдaн биpopтacи aдo этилмaй қoлca, ҳаж адо бўлмaйди, янa бoшқaтдaн давоми...

2344 09:00 / 14.06.2024
. Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилингrdquo Кавсар 2 оят. . Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда давоми...

5301 05:00 / 16.01.2017
Тўққизинчи зулҳижжa куни Минoдaн Aрaфoтгa рaвoнa бўлишнинг суннaт тариқаси шуки, ўша куни қуёш чиқишини кутиб турилaди. Сaбийр тoғининг устидa қуёш нурлари кўрингач, давоми...

3792 05:00 / 16.01.2017
У Ҳижру Исмоил деб ҳам номланади. У ярим доира шаклидаги очиқ бинодир. Хатим деб номланишига сабаб, у Каъбадан синдириб олингандир. Қурайш Каъба биносини давоми...

1766 16:26 / 17 июнь
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021