1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Балки сукут нажотингиздир

12:34 / 13 май 1352 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Махлуқотлар ичида Аллоҳ таоло фақат инсонгагина ўй-фикрини, хоҳиш-истагини ифодалаши учун тил берди, инсоннинг ботинини зоҳирга таржима қиладиган неъмат билан қувватлантирди. Гарчи баъзи ҳайвон ва қушларнинг тури қайсидир маънода гапирса-да, улар бу ишни онгли равишда эмас, тақлидан амалга оширади.

Тил – Аллоҳнинг улуғ неъмати, латиф санъатидир. У жисман кичик бўлса ҳам итоати туфайли топадиган савоби ёхуд итоатсизлиги туфайли содир этадиган гуноҳи жуда катта. Чунки куфр ҳам, иймон ҳам фақат тил гувоҳлигида аён бўлади. Куфр ва иймон эса тоат ва исённинг бошланиш чегараларидир.

Шу билан бирга ҳар қандай борлиқ ёки йўқлик, маълум ёки номаълум нарсанинг барчаси тил воситасида изоҳланади ва ҳар қандай ҳолатда ўша нарсага тил ўзининг исботи ёки инкори билан рўбарў келади. Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса, шайтон уни миниб олади, жар ёқасига ҳайдаб, ҳалокатга судрайди. Одамлар тиллари «эккан ҳосил» туфайли жаҳаннамга юзтубан қулайди.

Динимизда мўминнинг сўзи амали каби эътиборлидир. Тилнинг тоати ҳам, исёни ҳам катта бўлади. Никоҳ ва талоқ масалаларида ҳам мўмин ва мўминаларнинг бир оғиз сўзи ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Розиликни ифодаловчи сўз билан икки бегона инсон бир умрлик жуфтга айланади ёки ажралишни билдирадиган сўз билан эр-хотин бир-биридан ажралади. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бир сўзи ҳисобда эканини бизга билдириб, фаришталар одамлар гапираётган, амалга ошираётган савоб ёки гуноҳ сўз ва амалларни ёзиб борадилар ҳамда бу китоб қиёмат кунида ўқиб кўриши учун кишининг ўзига тақдим этилади.

Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазилатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди.

Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ибн Амрдан ривоят қилинади: «Ким сукут сақласа, нажот топади» (Аҳмад ва Термизий ривояти).

Абу Саъийддан ривоят қилинади: «Одам боласи тонг оттирса, унинг аъзоларининг барчаси тилга: «Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз. Тўғри бўлсанг, тўғримиз. Эгри бўлсанг, эгримиз», дейдилар» (Термизий ривояти).

Тилни сақлаш барча яхшиликларнинг аслидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Тилдан кўра тутқунликда туришга лойиқроқ нарса йўқ», деган. Чунки бўш қўйиб юборилган тилнинг зарари мўминнинг дунё ва охиратини ёндириб юбориши мумкин. Энг катта гуноҳ бўлган ширк, ёлғон гувоҳлик бериш, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик ва бошқа сўзга боғлиқ гуноҳлар киради. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ Кироман котибийн ҳар бир сўзни ёзиб бориши ҳақидаги ҳадисни эшитганларидан кейин ҳатто касаллик даврида инграшдан ҳам сақланган эканлар.

Инсоният тарихига назар ташласак тил офатлари сабабли оилалар пароканда бўлган, жамиятлар, давлатлар ўртасида низо, урушлар келиб чиққан, қонлар тўкилиб, қанчадан-қанча инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган. Кўпгина ҳолларда оилаларнинг бузилиб кетишида, қўйди-чиқдиларнинг кўпайишига ҳам тилнинг тиймаслик, ортиқча гап-сўз сабаб бўлади. Ҳар икки томоннинг тилни тиймай, ниманидир исботлашга, ўзини оқлашга ҳаракат қилиши орқасидан жанжал келиб чиқади. Жанжал ва тортишувлар ҳам ботил гапга яқин нарсалардир. Уларда бировнинг хатосини исбот қилиш учун низолашилади. Бунга бировдан устун келиш истаги сабаб бўлади.

Агар масала динга тегишли бўлса, мункар нарсани инкор қилиш ва тўғрисини баён қилиб бериш зарур. Аммо гап дунё тўғрисида бўлса, талашиб-тортишиб ўтиришнинг кераги йўқ. Бу офатнинг давоси ўз фазлини изҳор қилишга сабаб бўлган кибрни синдиришдан иборат.

«Ҳужжатул Ислом» Абу Ҳомид Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин» китобида тил орқали келадиган офатларга тўхталар экан, қуйидаги фикрни билдиради:

«Биринчи офат аҳамиятсиз нарсалар ҳақида гаплашишдир. Билгил, энг яхши ҳолат барча офатлар: ғийбат, чақимчилик, ёлғон, тортишув, мужодала ва бошқалардан тилингни сақлашинг ва мубоҳ бўлган, у тўғрида сенга ва бирор мусулмонга асло зарари йўқ нарсаларни гапиришингдир. Сен эса аҳамиятсиз, унга ҳожатинг бўлмаган сўзларни ҳам сўзлайсанки, бу билан вақтингни зое кетказасан. Тилинг амали учун ҳисоб қилинасан. Яхши нарсани ундан ҳақирига алмаштирасан. Чунки сен гаплашган замонингни фикрга алмаштирганингда эди, фойдаси улкан бўлган фикр пайтида сенга Аллоҳнинг раҳмат насимлари эсган бўларди. Агар Аллоҳ субҳанаҳуга тасбеҳ ва таҳлил («Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимасини) айтсанг, зикр қилсанг, бу сенга яхши эди. Қанчадан-қанча калималар бор, улар сабабли жаннатда қасрлар бино қилинади, қодир бўлган киши хазиналардан бирига эга бўлади. Буларнинг ўрнига у фойда бермайдиган лой оладики, у аниқ зиён кўрувчидир. Бу Аллоҳ таолонинг зикрини тарк қилган, ўзига аҳамиятсиз, мубоҳ билан машғул бўлган кишининг мисолидир. Гарчи у гуноҳкор бўлмаса-да, зиён кўриб қолмоқда. Чунки улкан фойда бўлган Аллоҳ таолонинг зикрини бой бермоқда. Зеро, мўминнинг жим туриши фикр, қараши ибрат ва сўзлаши зикр бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар».

Шундай экан, тилимизни дунё ва оxиратимизга фойдаси тегадиган нарсалар билан банд қилиш пайида бўлайлик. Ўттиз икки тишимиз муносиб тийиб туролмаган тилимиз сабаб кимнингдир дилини оғритиб ёки ғийбат, ёлғон, бўҳтон, туҳмат, иғво каби гуноҳи кабиралар билан эришган савобларимизни бой бериб қўймайлик. Ким билсин, балки охиратда бизнинг нажотимиз ана шу сукутимиз сабабидан бўлиб қолар?!

Маҳмуд Маҳкам

«Ҳилол» журнали 7(64)-сон

Ушбу журнал Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 5 декабрдаги 03-07/7163-сонли рухсати асосида чоп этилди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳмурид ва яқинларига .сафар қилсангиз ва юкингиз сизга бепул олиб кетишингизга рухсат берган миқдордан ортиқ бўлса, албатта, давоми...

1041 14:13 / 10 июль
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Ҳинднинг ғазотини ваъда қилганлар. Агар ўшангача етиб борсам, давоми...

2433 13:22 / 17.07.2024
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқдилар. У зот бир жойда дам олиб ўтирганларида бир аъробий келиб баланд овозда деди ndash Эй Муҳаммад Набий давоми...

2612 09:41 / 26 июль
Кечаси бедор бўлиб, уни ибодат ила ўтказишни .қиёмул лайл, дейилади. Бу иш жуда ҳам фазилатли ҳисобланади. .Қиёмул лайл, ила машғул бўлган кишиларни Аллоҳ таоло ҳам, давоми...

3507 21:40 / 08.02.2019