1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Саховат тоғининг чўққиси

12:31 / 04 май 1497 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг чақириғи билан Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлган ҳазрати Усмон ибн Аффон табиатан ҳалим, юмшоқ кўнгилли, яхши хулқли бир шахс эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, калимаи шаҳодатни айтди ва умрининг охиригача бу диннинг ҳимоячиси бўлди. У мусулмон бўлган пайтда ўттиз тўрт ёшда эди. Отасидан катта миқдордаги молни мерос қилиб олган ҳазрати Усмон тижорат ишлари билан машғул бўлди. У Маккадаги саноқли бой тижоратчилардан бири эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Руқайя розияллоҳу анҳо исмли қизларига уйланган ҳазрати Усмон аёли билан биргаликда Маккадан Ҳабашистонга ҳижрат қилди. У ерда бир муддат турганларидан сўнг бир гуруҳ мусулмонлар билан бирга яна Маккага қайтиб келдилар. Кейин эса Мадинага ҳижрат қилдилар.

Бадр ғазотидан ташқари барча ғазотларда иштирок этган ҳазрати Усмон бутун умри давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, Исломга ва мусулмонларга ёрдамчи бўлди. Ҳазрати Усмон Хайбар ғазотида, Макка фатҳида ва Ҳавозин жангларига қўшган ҳиссаси катта бўлган.

Ҳунайн ғазотида мустаҳкам қалъа сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мудофаа қилган саҳобалар орасида ҳазрати Усмон ҳам бор эди. Ҳудайбия сулҳи келишувида у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан Маккага борган.

Ҳазрати Усмон розияллоху анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин халифа бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг хос котиби бўлган. Ҳазрати Абу Бакрнинг халифалик даврида маслаҳат кенгаши аъзолари орасида ҳазрати Усмон ҳам бор эди. У киши ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида бутун куч-қуввати билан унга ёрдамчи бўлган. Бу даврда ҳазрати Усмон давлатнинг иккинчи шахси эди. Инсонлар ҳазрати Умардан бирор нарсани сўрамоқчи бўлсалар, аввал ҳазрати Усмондан сўраб, у киши билан маслаҳатлашарди.

Ҳазрати Умарнинг вафотидан сўнг у тайин қилган ҳайъат мажлисининг қарорига кўра, ҳазрати Усмон халифа қилиб тайинланган. Унинг халифалик даврида исломий фатҳлар доираси янада кенгайди, зироат билан бирга тижорат ҳам ривожланди ва инсонларнинг ижтимоий фаровонлик даражаси энг юқори савияга етди. Кўплаб мусулмонлар эҳтиёжларидан ортиб, бойликка эга бўлдилар. Ҳазрати Усмон халифалик даврининг охирги йилларида фаровонлик ва бойликнинг ортиши билан бирга, баъзи бир минтақаларда сафоҳат (бузуқлик) ва ахлоқий заифликлар ҳам вужудга келган. Ислом душманлари мана шу фурсатдан фойдаланиб, мусулмонларнинг орасида фитналар чиқарган. Ҳазрати Усмон шаҳид қилинган кунгача жами ўн икки йил давомида халифалик қилган. У киши ҳижрий 35 (милодий 656) йилда исёнчилар тарафидан шаҳид қилинганида саксон икки ёшда эди.

Ҳазрати Усмон умр йўлдоши Руқайянинг жиддий хасталиги сабабли ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига биноан Бадр ғазотида қатнашмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳодга чиқиб кетганларида Руқайя розияллоҳу анҳо дунёдан кўз юмди. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Бадрнинг ғалаба муждасини Мадинага олиб келганида, ҳазрати Усмон аёлини дафн қилиш билан овора эди. Шундай қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг жанозасига қатнаша олмадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жангда узрли сабаб билан қатнаша олмаган ҳазрати Усмонга тушган ғаниматлардан улуш ажратдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон билан яқин қариндошлик риштасининг узилиб кетишини хоҳламадилар ва яна бир қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳони у кишига никоҳлаб бердилар. Шу сабабли у киши «икки нур соҳиби» маъносидаги Зуннурайн лақабини олди.

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 26 март 03-07/1613-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ САҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларМуаллиф Аҳмад МУҲАММАД ТУРСУНИслом.уз сайтининг муҳтарам мухлислари давоми...

10572 16:38 / 21.04.2017
Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида ихлос билан қатнашдилар. Бадр жангида у киши махсус топшириқ бажарувчилар ичида давоми...

2113 16:29 / 23.01.2024
биринчи мақолаХолид ибн Валид розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан ва забардаст қўмондонлардан бўлиб, Қурайшнинг Бану Махзум уруғида таваллуд топдилар. давоми...

4560 11:00 / 25.01.2021
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар .ПАЙҒАМБАР ЙЎЛИДАН ЧЕКИНИШ ЙЎҚ,18қисмРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

5382 21:59 / 20.04.2017
Аудиолар

211041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130301 14:35 / 11.08.2021