
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(1958-2013)
Мулла Лутфиддин домла 1958 йили Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси, Сув жувоз маҳалласи (собиқ 3-Пионер кўчаси)да ишчи оиласида таваллуд топди. У халқ орасида мулла Лутфуллоҳ домла номи билан танилди.
Бобоси — Убайдуллоҳ, бувиси эса — Дарвешахон ая бўлган. Айтишларича, Падари бузруквори Насриддин (1928-1990) бува, ота-онадан эрта айрилиб, етимлик ва қийинчиликда катта бўлган. Волидаи муҳтарамаси — Моҳирахон (1930-2002) ая Мўминбой ота қизиларидир. Бу икки жуфтлик тўқувчилик касби ортидан оила боқиб, рўзғор қилган.
Болалигидан одоб-ахлоқли, меҳнаткаш бўлиб улғайган Лутфуллоҳ илк араб ва туркчадан ўқиш-ёзишни опаси Дилоромхон (1956-2020) ая билан биргаликда Авлиё домла маҳалласида истиқомат қилувчи Маҳмудахон (1912-1993) ойи мулла Нажмиддин қизидан ўрганади. Кейинчалик, Қуръони Карим қироати ва маҳсидўзлик сирларини Фаҳриддин (1945-2021) бувадан ўзлаштиради. У «Бешикдан қабргача илм ўрган» деган нақлга амал қилиб шаҳримизнинг машҳур уламоларидан Абдурауф (1912-2001) қори, Боқихон (1902-1992) тўра, Шамсиддин (1914-1998) қори, мулла Олимхон (1953-2020) ва мулла Умархон (1954) домла каби илм аҳлларидан таълим олади. У устозларидан фиқҳ, ақоид, тафсир ва бошқа илмлардан дарс олиб, яхшигина мулла бўлиб етишади.
Ҳазрат домлани қадрдонларидан Бойдада ака у зотни шундай хотирлайди: «Биродарим раҳматли мулла Лутфуллоҳ ҳожи домла билан бир маҳаллада яшаб улғайдим. Икковлон 1965 йили 29-ўрта мактабнинг 1-синфига ўқишга чиқдик. 1973 йил 8-синфни тугатиб, Наманган тўқимачилик техникуми олийгоҳига ўқишга кирдик. 1977 йили эса даргоҳни тамомладик. Мен ҳожи домладан фақат ҳарбий хизматга борган йилларим ажрадим. Бошқа вақт доимо бирга бўлишга харакат қилдим. Лутфуллоҳ дўстим болалигидан жуда одобли, ҳалим бўлганлар. Мактабни ҳам олийгоҳни ҳам аъло баҳоларга якунладилар. У киши менинг биродарим бўлиш билан бирга устозим ҳам эди. Мактаб давримизданоқ менга шариат аҳкомларини ўргатдилар. Хизматдан қайтганимдан кейин «Устози аввал», «Муаллим ус-Соний» ва «Қуръони Карим»дан сабоқ бердилар. Ҳазрат домла диний илм бериш билан чекланмай ижтимоий одоб-ахлоқни, яъни овқатланиш, кийиниш, муомала, меҳмондорчилик, тўй-маросим ва қўшничилик одоблари ҳақида тушунча ва насиҳатлар бердилар.
Мулла Лутфуллоҳ домла билан республикамизнинг жуда кўп жойларида сафарда бўлганман. Ҳамиша йўлимиз очиқ, мақсадимиз ҳосил бўлган. Бир куни машинамда ҳазрат домла, Яҳёхон (Ҳайдаров) ва Нуриддин (Муминов) исмли дўстларимиз билан Самарқанд, Бухоро ва Хива томонларни зиёрат қилмоқчи бўлиб, сафарга отландик. Аввалига Самарқандга кирдик. Сўнгра, кейинги манзилга йўл олдик. Аср намози вақтида Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларига етиб бордик. Шу орада дарров қоронғи тушиб тунашга жой излаш муаммоси пайдо бўлди. Бир пайт Лутфуллоҳ домла: «Шошилманглар, олдин пирни зиёрат қилайлик, сўнг Аллоҳ бир йўл кўрсатар», дедилар. Биз зиёратгоҳга кирганимизда, у ерда бир киши тиловат қилиб ўтирар эди. Бизни кўриб, устозни ёнига ўтиришларини айтди. Домла дарҳол бориб ўтирдилар. Улар келганларга навбатма-навбат тиловат қилишди. Бироз одам пасайгандан кейин ҳалиги киши: «Водийданмисизлар, қаерга кетяпсизлар?» дея сўради. Устоз Хивага деб жавоб бердилар. Бугунми? дея сўради. Устоз ҳа, дедилар. Ундай бўлса, ҳозир кеч бўлди. Бу кеча менинг меҳмоним бўласизлар. Эрталаб бомдод намозидан сўнг яна йўлда давом этаверасизлар. Энди, фалон жойга бориб китоб фуруш Ҳайдар аканинг уйи қаер десангиз кўрсатишади. Мен ортингиздан етиб бораман деб, бизни кузатиб қўйди. Биз айтилган манзилга бордик ва у кишини меҳмони бўлдик. Эрталаб у киши бизга: «Хивага бориб Жалол кулол деган кишини топиб, мени номимдан келганингизни айтасилар. У киши сизга ҳамроҳ бўлади» деб бизни кузатиб қўйди. Биз Яратганга ҳамд айтиб йўлга тушдик. Хивага хуфтондан сўнг тун қоронғисида кириб бордик. Устозга: «Қоронғида Жалол кулолни қандай топамиз» дедик. Шунда устоз дедилар. Бухорода қўноқ ғамида эдик. Яратган бизга жой, иссиқ таом берди. Бу ерда ҳам мушкулимизни осон қилади иншаАллоҳ», дедилар. Яна йўлда таваккал давом этдик. Бир манзилга келганимизда устоз: «Шу ерда тўхтанг» дедилар. Ярим кечаси ўша ерлик бир кишини кўриб қолдик. Салом-аликдан сўнг, биз мусофир эдик. Мабодо, Жалол кулол деган кишини танийсизми? Биз у кишининг уйини қидириб юрибмиз» дея истихора билан сўрадик. Бир пайт, ҳалиги киши: «Ҳа, танийман. Ҳў анави тўғридаги эшик» дея кўрсатди. Бир-биримизга қараб, ҳайрон бўлиб эшикни чақирдик. Хонадон соҳиби чиқиб биз билан саломлашди. Бизни китоб фуруш Ҳайдар ака юборганини айтиб, бевақт келиб, безовта қилганимиз учун узр сўрадик. У киши хурсанд бўлиб, уйига таклиф қилди ва эртасига кечгача бизга хамроҳ бўлди. Ушбу воқеадан сўнг Лутфуллоҳ домладан ҳар ишда Аллоҳга таваккул қилишни ўргандик[1].
Маълумотларга кўра, таҳминан 1980 йили Лутфуллоҳ домла Наманган атлас-шойи газламалар комбинатига ишга кирганлар. У ерда бош муҳандис бўлиб ҳам фаолият олиб борадилар. Комбинатда ҳам ўзларининг чиройли хулқлари, гўзал муомалалари билан ишчи ходимлар кўнглидан йўл топадилар. Ҳамкасблари: «Лутфуллоҳхон биродаримиз тўғрисўз, босиқ ва камтар инсон эдилар. Доимо изланишда, харакатда эдилар» деб эслашди.[2]
Ҳазрат домланинг илк диний соҳадаги фаолиятлари 1990 йили Самарқанд кўчасидаги маҳаллий масжиддан бошланди. 1992 йил Рамазон ойида Мулла Алюл қори жоме масжидига бош имом-хатиб бўлиб тайинланадилар. Ўн етти йил имом-хатиблик қилиб 2007 йили айрим сабабларга кўра фаолиятларини якунлайдилар.
Дарҳақиқат, илм ва тақвода кўпчиликка ибрат-намуна бўлган мулла Лутфуллоҳ домла марака ва маросимларда муқаддас ислом дини арконларини содда ва равон тилда шарҳлаб берар, давра иштирокчиларининг саволларига манбалар асосида жавоб қайтарардилар. Турли тадбирларни камхаражат ва мазмунли ўтказишга даъват этардилар.
Қолаверса доим ота-оналарига иззат-икром кўрсатиб, уларнинг дуоларини олишга харакатда бўлганлар. Аллоҳнинг ёрдами билан 1998 йили волидаи муҳтарамалари билан Каъбатуллоҳ тавофига мушарраф бўладилар.
Хуллас, маҳаллий аҳоли орасида кўплаб кишиларга илм зиёсини улашган Мулла Лутфуллоҳ домла 2013 йил 3 сентябрь куни бир йил беморликдан сўнг оламдан ўтдилар. Жаноза намозларини Абдулатифхон домла бошчилигида адо этилди. Маййитни «Мавлавий» қабристонининг 7 йўлагига яқин қариндошлари ёнига қўйилди. Мулла Лутфуллоҳ домланинг завжалари Робияхон (1962-2006) ая Ёқубжон (1916-1997) қизи бўлганлар. Улардан Шукурулло (1982) исмли ўғил ва икки қиз зурриёд кўрганлар. Бироқ аҳлияларининг умри қисқа экан. 2006 йили мулла ҳазратларининг ўзлари кўпчилик иштирокида дафн намозларини ўқийдилар. Кейинчалик, Райҳонахон (1975) исмли аёлга уйланиб, ндан қиз фарзанд кўрдилар. Аллоҳ таоло мулла Лутфуллоҳ домланинг охиратларини обод айласин.[3]
Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов
[1] Дала материаллари Турғунов Бойдада 1957 йил Наманган шаҳри Хумдон кўча тупик-1,, №4-уйда туғилган. Ҳозирда нафақада. Қарилик гаштини суриб, шу манзилда истиқомат қилиб келмоқда.
[2] Дала материаллари: Исомиддинов Муҳаммад Али 1958 йил Наманган тумани Шўқўрғон қишлоғи, Чек кўчаси №117-уйда туғилган. Ҳозирда нафақада. қарилик гаштини суриб, шу манзилда истиқомат қилиб келмоқда.
[3] Мазкур маълумотлар мулла Лутфуллоҳ домланинг Маҳмудхон (1967), Маъруфхон (1970) укалари ва бир неча шогирдлари билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 17 мартдаги 03-07/1750-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.