
2025 йил 29-30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида «Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиляпти. Унда 20 дан ортиқ мамлакатдан етмишдан ошиқ уламо ва олимлар, халқаро ташкилот раҳбарлари, муфтийлар, таниқли уламолар ва илмий тадқиқотчилар қатнашяпти.
Мазкур тадбир доирасида Бирлашган Араб Амирлигидаги Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом, Миср Араб Республикаси Вақф ишлари вазири Усома Азҳарий, Миср Араб Республикаси муфтийси Муҳаммад Назир Айяд, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси мутасаддилари, Қирғизистон муфтийси Шайх Абдулазиз Закиров, «Ҳинд уламолари жамияти» президенти Мавлоно Маҳмуд Маданий каби Ислом оламининг нуфузли шахслари ҳамда Иордания, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Малайзия, Германия, Бразилия, Буюк Британия, Корея, Индонезия, Покистон, Италия, АҚШ каби давлатларнинг илмий тадқиқот ва таълим муассасаларининг етук олим ва мутахассислари юртимизда меҳмон бўлиб турибди.
Меҳмонларни Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортида диний-маърифий соҳа мутасаддилари кутиб олиб, уларни диёримизга ташрифи билан қутлаш баробарида халқаро анжуманнинг аҳамияти, таниқли уламолар ва аҳли илмларнинг юртимизга тез-тез ташрифи динимиз равнақи ва халқимиз манфаати йўлида хизмат қилаётгани ҳақида сўз юритдилар.
Анжуманда иштирокчилар Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти, мотуридийлик намояндалари ва асарлари, мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотлар, глобаллашув жараёнида мўътадил ислом таълимотининг аҳамияти, замонавий исломшунослик тадқиқотлари сингари муҳим илмий масалаларни муҳокама қиладилар.