1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Қозоғистон банкларида «Ислом дарчалари» тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда

23:26 / 04.04.2025 1093 pdf Ўқиш режими + -

Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш давлат агентлиги раиси биринчи ўринбосари Нурлан Абдрахманов 2025 йил 31 март куни Сенатда бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида ислом молияси соҳасида қонунчиликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида айтиб ўтган. Бу ҳақда Zakon.kz манбаси хабар берди. 

Нурлан Абдрахмановнинг таъкидлашича, бугунги кунда ислом банк-молия муассасаларини очиш ва улар фаолият юритиши учун зарур бўлган тўлиқ қонуний меъёрлар яратилган, аммо ислом банклари улуши бутун банк тизими активларининг атиги 0,4%ини ташкил қилмоқда.

«Биз кўряпмиз, кўп мамлакатларда ислом банк-молия тизими анъанавий банклар билан параллел равишда фаолият юритади — бу тизим биз таклиф этаётган «ислом дарчалари» орқали амалга оширилади. Шу муносабат билан «Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун»нинг янги таҳририни ишлаб чиқиш жараёнида мазкур масала қамраб олинган. Қонун лойиҳаси жорий йилнинг август ойида Парламентга тақдим этилиши режалаштирилган. Унда анъанавий банкларда «ислом дарчалари» ташкил этиш меъёрлари кўзда тутилмоқда. Бу чора маҳаллий тижорат банкларига ҳам анъанавий, ҳам ислом банк хизматларини тақдим этиш имконини беради ҳамда ислом молия хизматларининг қамровини кенгайтиришга ёрдам беради», — деди Нурлан Абдрахманов.
Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистонга хорижий ислом молия муассасалари кириб келиши ва уларнинг филиаллари очилиши кутилмоқда.

«Ислом молияси» ташаббуси доирасида агентлик шундай инвестицияларни жалб қилишни режалаштирмоқда. Ҳозиргача тахминан 12 миллиард тенге тўғридан-тўғри ислом молия муассасалари томонидан инвестиция қилинган. Улар асосан реал тармоқ — транспорт, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларни молиялаштиришга қизиқиш билдиришмоқда», — дея таъкидлади Нурлан Абдрахманов.

Halyk Bank бошқаруви раиси ўринбосари Дауран Сартаев таъкидлашича, сўнгги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Қозоғистон аҳолисининг 60% ислом динига эътиқод қилади ва уларнинг тахминан 20% и эса ўз динлари талабларига доимий равишда амал қилувчи мусулмонлардир.

«Энг аввало, банкларда «ислом дарчалари»ни ташкил этиш муҳим. Банклар инфратузилма ва дастурларга катта инвестициялар киритмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, шариат талаблари асосида ишлаш ва молиялаштириш учун алоҳида инфратузилмага эга юридик шахс ташкил этилиши керак. Агар «ислом дарчалари» бўлса, аммо анъанавий ва ислом банк-молия фаолияти алоҳида ҳисоб-китоб ва тартиб билан юритилса, ушбу жараён тезроқ йўлга қўйилади ва шундай молия маҳсулотлари ҳам оммабоп бўлади», — деди у.

Унинг фикрича, иккинчи муҳим жиҳат — солиқ қонунчилиги.

«Ислом молиясида молия муассасалари корхоналар фаолиятига анча чуқур кириб боради. Бу ҚҚС, тушумлар, дивидендларни ҳисоблаш тартибига оид савол-масалаларни келтириб чиқаради. Бунинг барчаси солиқ ҳисобида тўғри акс эттирилиши керак, шунда ҳар икки томон ҳам оқилона даромад меъёрларини белгилай олади», — дея сўзини якунлади Дауран Сартаев.

Манба: zakon.kz

Мавзуга оид мақолалар
Гап шундаки, бу рўйхат Россия Федерациясидаги жазони ижро этиш муассасалари маҳкумлари учун тузилган янги исломий адабиётлар рўйхати ҳисобланади. давоми...

2746 18:01 / 28.11.2018
Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов 2019 йил 19 апрель куни Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхасини давоми...

3037 16:30 / 20.04.2019
Қадим Андулисиядаги ун ва нон бозорида, соғлиқни сақлаш мақсадида, муҳтасибнинг назорати остида тумшуқбанд ниқоб тақиш одати шарт қилинган.Ибн Абдийн атТужайбий давоми...

1926 10:30 / 14.07.2021
Мамлакат Туризм вазирлиги саккизта давлатга Озарбайжон, Aлбания, Ўзбекистон, Жанубий Aфрика, Грузия, Тожикистон, Қирғизистон ва Малдив оролларига .электрон низом, давоми...

1855 10:54 / 09.08.2023