1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Аллоҳ нима учун ғам-ташвишларни яратди?

11:28 / 03 март 5934 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бирор марта хаёлингизга «Аллоҳ ғам-ташвишларни нега яратган ўзи?» деган савол келганми?

Мен эса бу саволни жуда кўп қизларга бериб кўрганман. Лекин кўпчилигидан жўяли жавоб ололмаганман. Баъзилари: «Бу савол мени анчадан бери қийнаб келади. Жуда кўп марталаб: «Ахир биз мусулмон бўлсак, доим Аллоҳга итоат этишга ҳаракат қилсак, нима учун бизга турли мусибатлар етаверади? Нега У Зот бизнинг йиғлашимизга қўйиб беради?» деб сўраганман», дейишган.

Умид қиламанки, мени қийнаб келаётган мусибатлар ортидаги ҳикматни бирор кун англаб, қалбим таскин топиши учун бу саволга албатта жавоб топаман!

Аллоҳ таоло қайғуларни нега яратган?

Нима учун тақдиримизга кўз ёшларини ёзган?

Мусулмонга етадиган мусибатларда тўртта фойда бўлади.

Биринчи фойда:

Мусибатлар гуноҳ ва хатоларни ўчиради.

Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят килинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто оёғига тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Буни қаранг!

Мўмин бандага етадиган ҳорғинлик (ҳолсизланиш, оғир меҳнат туфайли, ҳатто узоқ юриш сабабли пайдо бўладиган қийналиш ҳам);

Беморлик (узоқ давом этадиган, тузалиши қийин касаллик);

Ташвиш (ҳали содир бўлмаган иш учун безовта бўлиш);

Қайғу (бўлиб ўтган мусибат учун сиқилиш);

Озор (бировлардан етадиган ноҳақ жабр-ситамлар);

Ғам (ҳеч қандай сабабсиз кўнгилнинг хира тортиши). Ҳатто оёққа ёки бошқа аъзомизга тикан ёки игна кириши!

Буларнинг барчаси сабабли Аллоҳ банданинг хатоларини ўчириб, гуноҳларини кечириб юборади, токи Раббига пок ҳолатда рўбарў бўлиб, жаннатга сазовор бўлсин.

Бир қиз ҳаётида бўлиб ўтган қуйидаги воқеани келтиради:

«Аллоҳ мени қандли диабет билан имтиҳон қилди. Инсулин бошладим. «Энди бир умр шундай юраман экан-да» деб, қаттиқ сиқила бошладим. Даволангим ҳам келмай қолди. Инсулиннинг оғриғи арзимас бўлса-да, уни ҳар куни, доим олиб юриш ҳаётимнинг даҳшатли онларига айланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бандага ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ бу туфайли унинг гуноҳларини кечиради», деган сўзларини эшитгунимча ҳаётим шу тарзда рангсиз ўтаверди. Шунда ўзимга ўзим: «Ахир шприцнинг игнаси ҳам худди тиканнинг ўзи-ку! Аллоҳ шу сабабли ҳам гуноҳларимни кечирар?!» дедим. Шундагина кўп укол олиш билан синалганим ортида яширинган ҳикматни кўра олдим. Бу ўзига хос мағфират эди. Шундан бошлаб инсулин ҳақидаги фикрим, унга муносабатим бутунлай ўзгарди. Мен уни «мағфират тикани» деб атайдиган бўлдим. Аввалига кўп укол олаверганим учун маҳзун бўлиб юрган бўлсам, энди уни Аллоҳнинг мағфиратига васила деб билиб, хотиржам яшай бошладим».

«Қулоғим сенда қизим!» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2024 йил 5 сентябрдаги 03-07/5394-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
IIIҲафса бинти Умар розияллоҳу анҳо нубувват хонадонига янги аъзо бўлиб келганларида у ерда Савда онамиз ва Оиша онамиз бор эдилар. Ҳафса бинти Умарнинг оталари давоми...

2757 13:30 / 16.03.2019
Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилганида Оли Жаҳш ҳаммалари Исломни қабул қилдилар. Убайдуллоҳ ибн Жаҳш биринчилардан бўлиб мусулмон бўлди. Унинг давоми...

3253 11:05 / 18.12.2019
учинчи мақолаОсиёнинг Аллоҳга бўлган иймони Бир куни Мусо Бани Исроилни ҳимоя қилиб, Фиръавн аҳлларидан бирини ўлдириб қўйдилар. Подшоҳнинг азоб беришидан давоми...

7712 11:00 / 04.03.2021
Ёш бўлишларига қарамай, Оиша онамиз оталарининг уйида туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташвишларига шерик бўлар эдилар. У киши Пайғамбар давоми...

4291 17:03 / 05.11.2018
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021