1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Танзир ва татбиқ босқичи

12:02 / 12.02.2025 1105 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз айтган «танзир» (назария) босқичида мутлақ ижтиҳод даражасига етган, ўзининг усуллари орқали Китоб ва Суннатга мурожаат қилиб, ҳукмлар истинбот қилишга қодир зотнинг сўзигина олинади. Ким бу сифатларга эга бўлмаса, сўзи қабул қилинмайди. Агар бу қоидани яхшилаб ўзлаштирсак, замондош ёки ҳозирги замонга яқин яшаган одамлар томонидан даъво қилинган янги истинбот тўғрисидаги гап-сўзларга эътибор бермаймиз, фикримизни ҳам чалғитмаймиз. Фақат бунда даъвонинг айтилиши истинбот йўли билан бўлиши керак, яъни уларнинг ҳукми, агар Қуръон ва Суннатдан олинган бўлса ҳам, энди қабул қилинмайди, чунки истинбот қилиш учун мутлақ ижтиҳод керак. Бу нарса усулул-фиқҳ китобларида, мутлақ мужтаҳид бўлишнинг шартлари ҳақидаги бобларда айтилади. Бу даражадаги ижтиҳоднинг энг биринчи шарти шуки, мужтаҳид ўз усулул-фиқҳини яратиши керак. Масалан, Қуръон ва Суннатдаги ҳар бир ҳарф, сўз, жумла нимани англатади, улар билан қандай шуғулланиш керак, бир неча далиллар қандай мувофиқлаштирилади ва ҳоказо.

Демак, танзир босқичида мутлақ ижтиҳод шарт қилинади. Қуръон ва Суннатдан тўғридан-тўғри далил чиқарадиган одам мутлақ мужтаҳид бўлиши шарт.

Иккинчи босқич татбиқ қилиш босқичи бўлиб, буни мужтаҳиди мутлақ ҳам, ундан кейин турадиганлар ҳам қилиши мумкин. Хўш, бу ишни мутлақ мужтаҳид қандай амалга оширади? Масалан, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ истеҳсон [1] қоидасини қўллайдилар. У киши кўплаб масалаларда «Бунда қиёсга кўра бундай бўлади», дейдилар, сўнг истеҳсонни келтирадилар. У зотнинг наздларида истеҳсоннинг баъзилари урф, зарурат, осонлаштириш ва бошқа нарсалар учун қилинади. Натижада истеҳсон туфайли ўзлари айтган қоидани – қиёсни тарк қиладилар, сўнг одамларнинг ҳолатига муносиб ҳукмга фатво берадилар. Мана шу татбиқ дейилади.

Бунга бир мисол келтирамиз. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний роҳимаҳуллоҳ: «Покловчи нарса фақатгина сувдир, фақат сув поклайди», дейдилар. Бу гапдан бошқа суюқликлар, ишқалаш ва ҳоказолар покловчи ҳисобланмас экан, фақатгина сув поклай олар экан, деган хулоса чиқади. У зот бу гапни мутлақ мужтаҳид сифатида айтганлар. Лекин Раъй шаҳрига бориб, у ерда қози бўлганларида шуни билдиларки, бу фикрда маҳкам туриб олсалар, одамлар қийналиб, Исломга амал қила олмай қолар экан, чунки шаҳардаги деярли ҳамма йўллар лой, балчиқ эди. Бу йўллардан юрган одамнинг кийимига ҳайвонларнинг тезаги билан қоришиб кетган лой тегмаслигининг иложи йўқ эди. Кўчада юрдими, бўлди, кийимга лой тегарди. Хўш, имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ нима қилдилар? Танзирни, яъни назарий қоидани тарк қилиб, татбиққа келганда: «Нажосат билан аралашган лой афв қилинади», дедилар. Бу эса биз юқорида айтган зарурат натижасида қабул қилинган истеҳсон қоидасидир.

Демак, мутлақ мужтаҳид татбиқ босқичида ҳам иштирок этиши мумкин экан. Лекин татбиқнинг аксар масалаларида мутлақ мужтаҳид иштирок этмайди, балки буни ундан кейин келган қуйи даражадаги имомлар қилишади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

[1] Истеҳсон – кучлироқ далил зоҳир бўлганда қиёсни тарк этиб, махфий қиёс асосида ҳукм чиқариш.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқоридага сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир, ҳадисини давоми...

7202 16:14 / 28.03.2017
Фиқҳrdquo сўзи луғатда фаҳм қилмоқrdquo, фаҳмлашrdquo, англамоқrdquo ва тушунмоқrdquo каби маъноларда бўлиб, у оддий фаҳмлашrdquo эмас, балки диққат билан чуқур англаб олиш, давоми...

6883 16:16 / 28.03.2017
Ушбу мақолада аҳли суннанинг манҳажи ва йўлини баён қиламиз. Бу нима ўзи Аҳли суннани бошқа тоифалардан ажратиб турадиган энг ёрқин жиҳат шуки, Аҳли сунна ёлғиз давоми...

1660 14:10 / 05.11.2024
Ташаддуд йўналишида ижтиҳод қилиш ман қилинган, яъни ижтиҳод қила олмайсиз. Ҳукмни фақат Қуръон ва Суннатдан олишингиз мумкин. Лекин улар, яъни ташаддудчилар давоми...

1613 09:24 / 02.03.2025