1447 йил 1 шаъбон | 2026 йил 20 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Қуръони Каримни тиловат қилишга одатланиш

09:03 / 07.12.2024 2552 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг китоби. Унинг таълимотлари дунё ва охират саодатига кафилдир. Ҳар бир лафзида нур бор. Унинг маъносини тушунмасдан, фақат тиловат қилиш ҳам савоб ва хайр-баракага сабабдир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир яхшилик бўлади. Бу бир яхшилик ўнта яхшиликка тенгдир. Мен «алиф, лаам, миим»ни бир ҳарф демайман, балки, «алиф» бир ҳарф, «лаам» бир ҳарф ва «миим» бир ҳарфдир», дедилар.

Имом Доримий ривояти.

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, агар бирор кимса фақат «алиф, лаам, миим»ни тиловат қилса, шунинг ўзидан унинг номаи аъмолига ўттизта яхшилик ёзилади.

Яна ушбу ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўладики, бу савоб оятларнинг маъноларини тушунмасдан ўқиса ҳам берилади. Чунки, «алиф, лаам, миим» шундай лафзки, унинг маъносини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Унинг ҳақиқий маъносини билишга ҳеч кимда имкон йўқ. Чунки, булар «ҳуруфи муқаттаот» жумласидан бўлиб, муташобиҳ оятларга киради. Уларнинг маъносини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «алиф, лаам, миим»ни мисол қилиб, шуни ҳам очиқ баён қилдиларки, Қуръони Карим тиловатининг савоби унинг маъносини тушунишга боғлиқ эмас, балки, маъносини тушунмасдан тиловат қилишга ҳам савоб берилади.

Демак, фақат «алиф, лаам, миим»ни ўқишга ўттизта савоб бўлса, Қуръони Каримнинг бир неча ояти ёки бирор сурасини ўқишга қанча савоб бўлади? Шунинг учун ҳар бир мусулмон ҳар куни эрталаб бошқа ишларга машғул бўлишдан олдин бироз бўлса ҳам Қуръони Карим тиловатини одат қилиб олсин. Агар кўпроқ ўқишнинг иложи бўлмаса, чорак пора, бунинг ҳам имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаса, бир неча оятларни ўқиб турсин. Шунда ҳар куни унинг номаи аъмолига минг-минглаб яхшиликлар ёзилиб бораверади.

Шунингдек, ҳар бир мусулмон Қуръони Каримнинг бир неча сурасини ёдлаб олсин. Шунда, қачон имкон топса, Қуръони Каримни очмасдан ҳам ёддан ўқийверади. У юриб кетаверади, тиловат туфайли номаи аъмолига яхшиликлар ёзилиб боради.

Бомдод намозидан кейин ҳар бир мўмин озгина бўлса-да, Қуръони Каримни ўқишни одат қилсин. Бирор куни тиловатсиз қолмасин. Қуръони Каримда етти манзил бор. (Бир манзил - ҳафтияк, яъни Қуръоннинг еттидан бир қисми). Олдинги замонларда одамлар ҳар куни бир манзил (яъни, Қуръони Каримнинг еттидан бири, тахминан, тўрт ёки тўрт ярим пора) тиловат қилишга одатланишган эди. Шунда улар ҳар етти кунда хатм қилишган. Бизлар эса, анча заиф одамлармиз. Қуръонни бу қадар кўп ўқишга бардошимиз етмаслиги аниқ. Лекин имкон қадар ҳаракат қилайлик. Хоҳ бир пора бўлсин, хоҳ ярим пора бўлсин, ўқийлик. Ҳеч йўғи, Ҳакимул уммат қоддасаллоҳу сирроҳ айтганларидек, агар кимгадир ярим пора ҳам мушкул бўлса, у ҳолда чорак пора ёки икки-уч рукуъни ўқисин. (Бир рукуъ - бир маъно тўлиқ тугаган ёки бир ракъатда ўқиладиган миқдор). Лекин бирор куни Қуръони Карим тиловатидан ҳоли ўтмасин.

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 4 апрелдаги 02-07/ 2234-рақамли ва 2023 йил 23 мартдаги 03-07/ 1912-рақамли хулосалари асосида чоп этилди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллома Ибн Абдулбарр ўз санади билан Ғолиби Қаттон роҳматуллоҳи алайҳнинг бир воқеасини ҳикоя қилиб беради. Бундан уларнинг қанчалик илмга муҳаббатли ва илм давоми...

3364 14:00 / 27.04.2023
Яширин даъватдан ошкорага ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзининг амри ила бўлди. У зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги икки оятни нозил қилди.Ва давоми...

4809 20:47 / 19.12.2017
101. Яна ўша кишидан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, мўмин уни қаерда топса ҳам давоми...

6284 17:26 / 07.07.2018
Вақтивақти билан руҳиятимизда ўзимиз ҳам тушунмайдиган ўзгаришлар содир бўлиб туради. Баъзида сабабсиз кулсак, баъзида тўсатдан ичимиздан йиғи тошиб келаверади. давоми...

2450 14:02 / 30.08.2024