1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларнинг қанчаси Абу Ҳанифага тегишли?

14:13 / 15.11.2024 1547 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа бу фиқҳнинг қоидаларини жамлашда ўз замонидаги тобеъинлар ва улардан кейингилардан ҳам кўп меҳнат қилди. Шунинг учун ҳанафий мазҳабидаги энг катта одам бўлди, энг катта таъсир кўрсатган инсон бўлди. Ўтганлардан нақл қилиб, далиллар келтиргани учун, тартиблаб чиққани учун унинг номи билан айтиладиган бўлди. Мабодо Абу Ҳанифа дунёга келмаган тақдирда ҳам, бошқа бир одам Куфада Ибн Масъуд, Алий ва бошқаларнинг фиқҳини нақл қилган бўлар эди. Мазҳабимиз Юсуфий ёки Муҳаммадий мазҳаби деб ёки бошқа бир Фалончининг мазҳаби деб номланаверар эди. Хуллас, Абу Ҳанифа шу мазҳабга мансуб одамлардан биридир, бу мазҳабдаги бирламчи одам эмас.

Энди бир шахсга тақлид қилмаслигимизни исботловчи иккинчи бир далилни кўриб чиқайлик. Бу ҳам жуда муҳим гап. Гап шундаки, бу мазҳабда чиқарилган фатволарда Абу Ҳанифанинг эллик фоиз фиқҳига амал қилинмаган. Музораъа, мусоқот, ҳаж ва барча қозилик масалаларида Абу Ҳанифанинг сўзига фатво берилмаган. Агар биз бир шахсга тақлид қилганимизда, бир шахсга эргашганимизда, унинг бирорта айтган сўзидан чиқмаган бўлардик. Ваҳоланки, Абу Ҳанифа берган фатволарнинг ярмига амал қилинмаяпти. Демак, биз шахсга тақлид қилмаяпмиз.

Яна бир мисол. Ҳозирги кунда ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларнинг қанчаси Абу Ҳанифага тегишли? Менимча, икки ёки уч фоиздан кўп эмас, чунки имом Аъзамдан кейин келган аксар уламолар унинг қавлларини тахриж қилишган (усулидан масалаларни келтириб чиқаришган). Натижада фиқҳий фатво китобларининг 90 фоизидан ошиғи тахриждан иборат бўлиб қолган.

«Абу Ҳанифанинг сўзидан тахриж қилинди», дегани нима ўзи? Бунинг маъноси шуки, мазҳабдаги ҳукмлар Абу Ҳанифанинг ўз сўзи эмас. Масалан, унинг шогирди имом Муҳаммад «Зоҳирур-ривоя» китобида Абу Ҳанифанинг сўзига биноан масалаларни чиқариб: «Абу Ҳанифанинг сўзига қиёсан…» дейди.

Ундан кейинги фатволарнинг ҳаммаси тахрижлардир.[1] Демак, «Абу Ҳанифа мазҳаби» дегани фахрий номдир. Биз бу улуғ олимнинг буюк хизматлари туфайли унинг номини ана шундай улуғлаймиз. Яна бир муҳим гапни айтиб ўтаман. Бу маълумотлардан мақсад ўқувчида илмий қараш ҳосил қилишдир. Шунда йўлингиз мустаҳкам бўлади, динни тушунишдаги йўлингиз кучли ва тўғри бўлади. Ташаддуд ва тараддуд мактаблари ва тарихдаги адашган тоифалар бу фикрдан узоқдадир. Биз Аҳли сунна сифатида бунга эътибор қаратамиз ва мана шу ғояни сақлаб қолишни истаймиз. Юқорида биз якка шахсларга эргашмаслигимиз ҳақида сўз юритиб:

– Абу Ҳанифа бу мазҳабнинг бир аъзоси эканига мисоллар келтирдик;

– Абу Ҳанифанинг сўзларидан кўпига фатво берилмаганини айтдик;

– Абу Ҳанифанинг бевосита ўзига тегишли масалалар ниҳоятда кам эканини айтиб ўтдик.

Энди бир савол бериб кўрайлик. Мазҳабда биз Абу Ҳанифанинг сўзига суянамизми ёки мазҳабдаги муражжиҳ (яъни ихтилофли масалаларнинг бири иккинчисидан устун эканини баён қилган) уламоларнинг сўзигами?

Жавоб: Мазҳабдаги муражжиҳ уламоларнинг сўзига.

Ибн Обидин «Росмул-муфтий»да мазҳаб ичидаги мужтаҳидларнинг гапини олишимиз керак, деб қарор қилган, яъни агар уламолар Абу Ҳанифанинг сўзини маъқуллашса, шуни оламиз. Агар бошқасини таржиҳ қилишса, шунга юрилади. Мана шулардан тезкор хулоса қилишимиз мумкинки, биз, яъни Аҳли сунна шахсга тақлид қилмаймиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқалар маъсум эмас. Ҳатто саҳоба ҳам хато қилиши мумкин, Абу Ҳанифа ҳам хато қилиши мумкин, ҳамма хато қилиши мумкин. Шундай экан, кучли йўл туриб, нега хато қилиш чегарасига кириш керак?

[1] Мужтаҳиднинг усули асосида ҳукм чиқариш (тарж.)

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса, у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача давоми...

5712 16:14 / 28.03.2017
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўз замонларида ўзлари ишлаб чиққан танзир қоидаларига кўра .Музораъа савдоси жоиз эмас,, деб фатво берганлар. Музораъаndashшерикчилик давоми...

1100 11:39 / 16 февраль
Қуръон ва Суннатга қайтмоқчимисиз Қуръон ва Суннатдан истинбот қилишга қайтишнинг биринчи шартиndashмутлақ мужтаҳид бўлиш Бугунги кунда эса ўзининг усул китобига давоми...

780 15:26 / 19 июнь
Ҳанафийлик мазҳаби уламолари мазкур мазҳаб фиқҳидаги китобларнинг даражаларини ривоят қуввати, келтирилган масалалар кучи ҳамда муаллифнинг илмий салоҳиятига давоми...

4744 16:11 / 28.03.2017
Аудиолар

213380 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132600 14:35 / 11.08.2021