1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онага тик қарамаслик

14:41 / 28.10.2024 1751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ الْوَلِيدِ الْوَصَّافِيِّ قَالَ: سَمِعْتُ عَطَاءً يَقُولُ فِيهَا: لَا تَرْفَعْ يَدَكَ عَلَيْهِمَا.

Убайдуллоҳ ибн Валид Вассофийдан ривоят қилинади:

«Атонинг ўша оят ҳақида «Икковларига қўл кўтарма», деганини эшитдим».

Шарҳ: Бу ривоятда Аллоҳ таолонинг «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат», деган ояти ҳақида сўз бормоқда.

Бизда «қўл кўтариш» деган бирикма «уриш» маъносида ишлатилади. Аммо бу ривоятда мазкур салбий маъно эмас, гаплашаётганда ишора учун қўлни кўтармаслик кўзда тутилган. Шунинг учун ҳам имом Жалолиддин Суютийнинг «Дуррул Мансур» номли тафсирида ушбу ривоятга «қачон икковлари билан гаплашсанг» деган қўшимча зиёда қилинган экан.

Қаранг, ота-онанинг ҳурмати қанчалар улуғ! Улар билан гаплашаётган фарзанд ишора, таъкид ёки бошқа мақсад билан ҳам қўлини кўтармаслиги керак. Бундан шунга ўхшаш беодоблик ёки ота-онага нисбатан қўполликка ўхшаб кўринадиган бошқа хатти-ҳаракатлар ҳам дуруст эмаслиги келиб чиқади.

عَنْ عُرْوَةَ قَالَ: مَا بَرَّ وَالِدَهُ مَنْ شَدَّ. قَالَ عَبْدُ اللهِ: الطَّرْفَ إِلَيْهِ. وَقَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ: الْبَصَرَ إِلَيْهِ.

Урвадан ривоят қилинади:

«Ўзини туққан инсонга ўқрайган яхшилик қилган бўлмайди. Абдуллоҳ: «Кўз қири билан», деди. Абдурраҳмон: «Назари билан», деди».

Шарҳ: Ким ота-онасига ўқрайиб қараган бўлса, у одамни «ота-онасига яхшилик қиладиган одам», деб айтиб бўлмайди.

Демак, фарзанд ота-онасига қарашда ҳам эҳтиёт бўлиши керак экан. Эҳтиётсизлик қилиб, нотўғри назар солиб қўймасин, беодоблик билан қараб қўймасин. Бу, ота-онаси олдида фарзанднинг юзида, кўзида ҳеч қандай норозилик аломатлари сезилмасин ёки гаплари ёқмай турган бўлса ҳам, буни билдириб қўймасин, деган маънони англатади.

Ҳаётда ҳар хил ҳолатлар бўлади. Кўпинча фарзандлар ҳаётий тажрибалари камлиги туфайли ота-оналарининг баъзи хатти-ҳаракатларини, гап-сўзларини, қаттиқроқ айтилган насиҳатларини тўғри қабул қила олмай хуноб бўладилар. Баъзан ишларидаги, турли одамлар билан мулоқотдаги ноҳақликлардан кўнгли сиқилган анчагина иймонли фарзандларга ҳам ота-оналарининг сабр ва тақвога ундовчи панд-насиҳатлари малол келиб қолиши мумкин. Ана шундай пайтларда бу фарзандларга ота-оналари олдида кўзларини ердан узмаган ҳолатда туриш тавсия этилади. Чунки юқоридаги ҳадис ҳам гап тўғридан-тўғри ўқрайиб қараш тўғрисида кетаётгани йўқ. Кўз қири билан ўқрайиш ҳақида кетмоқда, назар билан ўқрайиш ҳақида кетмоқда. Бу икки ҳолатга рухсат бўлмагандан кейин бошқаларини ҳар ким ўзи тушуниб олаверсин.

عَنِ الْمُؤَمِّلِ قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ، بِهَذَا الْإِسْنَادِ، نَحْوَهُ.

Муаммилдан ривоят қилинади:

«Бизга Суфён ушбу санад ила шунга ўхшашни айтиб берди».

Шарҳ: Бу ривоят ҳам худди юқоридаги ҳадисга ўхшар экан. Демак, бу бир марта айтилган гап эмас. Ушбу маъно бошқа ровийлар тарафидан ҳам зикр қилинган ва таъкидланган. Бу мусулмонларнинг ичида кенг тарқалган маънолардан эканини билдириш учун имом Марвазий раҳматуллоҳи алайҳи яна бир бор ривоят қилган.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Саъд ибн Убода Зарқийдан, у отасидан ривоят қилади.Мадинанинг масжидида Амр ибн Усмон ибн Аффон билан ўтирган эдим. давоми...

2187 13:30 / 19.02.2020
44. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади.Абу Ҳурайра икки кишини кўриб қолиб, улардан бирига.Бу киминг бўлади, деди..Отам бўлади,, деди у..Ундай бўлса, уни исмини давоми...

4071 08:45 / 26.01.2019
Отаонага оқ бўлиш оғир гуноҳ эканини кўпчилик билади. Аммо оқ бўлишнинг чегараси, ўлчови, оқ бўлишга сабаб бўладиган нарсалар айнан нималардан иборат экани ҳақида давоми...

3198 14:16 / 14.12.2024
. ,. Ҳасандан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Раҳмнинг эшик оғалари бор. Улар ила Аллоҳ азза ва жаллага яқинлашилур,, давоми...

1019 15:41 / 15 сентябрь
Аудиолар

211068 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130329 14:35 / 11.08.2021