1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Онага бўлган эҳтиром

11:25 / 20.10.2024 1716 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَوْنٍ قَالَ: دَخَلَ دَاخِلٌ عَلَى مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ، وَهُوَ عِنْدَ أُمِّهِ، فَقَالَ: مَا شَأْنُ مُحَمَّدٍ، أَيَشْتَكِي شَيْئًا؟ قَالُوا: لَا، وَلَكِنْ هَكَذَا يَكُونُ إِذَا كَانَ عِنْدَ أُمِّهِ.

Ибн Авндан ривоят қилинади:

«Муҳаммад ибн Сирийннинг олдига бир одам кирди. У онасининг олдида турган эди. Ҳалиги киши: «Муҳаммадга нима бўлган, касал бўлиб қолдими?» деди.

«Йўқ, онасининг олдида турганида шундай бўлади», дейишди».

Шарҳ: Яъни бирор-бир ҳаракатим онамга ёқмай қолмасин, дея титраб-қақшаб, онасининг кўзига тикилиб, ниҳоятда ўзини хокисор тутганидан, ташқарида турган одам «Бу одам касал шекилли», дейдиган даражага етиб қолар экан.

Онага бўлган эҳтиром, у кишига кўрсатилган ҳурмат ана шу даражада, бутун вужуд билан берилган ҳолда адо этилган. Уни билмаган одам «Касал бўлиб қолибди, ҳозир бунга бир нарса бўлади», дейдиган даражада қўрқиб кетар экан.

Муҳаммад ибн Сирийн машҳур тобеъинлардан. У киши Ибн Сирийн номи билан машҳур, жуда илмли, бутун Ислом оламида донг таратган улуғ тобеъинлардан бўладилар. Ибн Сирийн оналарининг олдиларида турганларида бир одам кириб борибди. У кишининг ҳолатини кўриб, қўрқиб кетибди. Қайтиб чиқиб: «Нима, Муҳаммад касал бўлиб қолдими? Аҳволи чатоқ-ку», деганида одамлар: «Йўқ, касал бўлгани йўқ, онасининг олдида турганида онанинг эҳтиромидан шунақа ҳолга тушиб қолади», дейишган.

Имом Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг биз ўрганаётган «Китабул бирри вас-сила» номли китобида жуда нодир ҳолатлар учраяпти. Мисол учун, Муҳаммад ибн Сирийннинг айтиб ўтилган ҳолатларига ўхшаш ҳолатни бошқа китобларда кўрмаганмиз. Яъни онанинг олдида турган фарзанд ҳайбатдан, у кишига бўлган муҳаббатдан, у кишини норози қилиб қўймайин, деган умид билан ўзини хокисор тутишидан ёнида турган одам: «Бу бечора касал бўлиб қолибди-ю, оғир аҳволга тушиб қолибди-ю», дейдиган даражада қақшаган ҳолда туришлари.

Онанинг фарзанддаги ҳаққи шу қадар улуғки, салафи солиҳ улуғларимизнинг, ўзлари катта ва машҳур олим, дунёга донғи кетган аллома бўлишларига  қарамай, оналарини қанчалик ҳурмат қилиб, уларнинг олдида ўзларини бу қадар хор тутишларидан ҳар бир мусулмон ўрнак олиши лозим бўлади.

عَنْ دَاوُدَ بْنِ قَيْسٍ قَالَ: أَخْبَرَنِي رَجُلٌ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ كَانَ إِذَا غَدَا مِنْ مَنْزِلِهِ لَبِسَ ثِيَابَهُ، ثُمَّ وَقَفَ عَلَى أُمِّهِ فَقَالَ: السَّلَامُ عَلَيْكُمْ يَا أُمَّتَاهْ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ، جَزَاكِ اللهُ عَنِّي خَيْرًا كَمَا رَبَّيْتِنِي صَغِيرًا. فَتَرُدُّ عَلَيْهِ: وَأَنْتَ يَا بُنَيَّ، فَجَزَاكَ اللهُ عَنِّي خَيْرًا كَمَا بَرَرْتَنِي كَبِيرَةً. ثُمَّ يَخْرُجُ فَإِذَا رَجَعَ قَالَ مِثْلَ ذَلِكَ.

Довуд ибн Қайсдан ривоят қилинади:

«Бир одам менга хабар берди. Абу Ҳурайра эрталаб уйидан чиқмоқчи бўлса, кийимларини кийиб, онасининг олдига келар, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, онажон! Мени кичкиналигимда тарбия қилганингиз учун Аллоҳ сизни яхши мукофотласин!» дер эди.

Онаси: «Ўғлим, кексайганимда менга яхшилик қилганинг учун Аллоҳ сени ҳам яхши мукофотласин!» деб қайтарарди.

Кейин чиқар эди. Қайтганида ҳам ўшанга ўхшаган гапни айтарди».

Шарҳ: Мана, фарзанд билан онанинг орасида бўладиган муносабатнинг намунавий бир ҳолати. Улуғ саҳобий, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорилфунунлари битирувчиси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу онани ҳурмат қилиш бўйича дунёдаги барча фарзандларга нумунавий дарс ўтмоқдалар.

Она уйда ўтиради. Ўғил турмуш юмушлари билан ҳар куни ташқарига чиқади. Ўзи, онаси, оиласи учун касб қилади. Аммо вафодор ўғил бир зум ҳам волидасини эсдан чиқармайди. Уйдан чиқаётиб, онасига салом беради, у кишининг ҳаққига гўзал дуо қилади. Уйга кираётиб, онасига салом беради, у кишининг ҳаққига гўзал дуо қилади. Ҳар бир оила учун ажойиб зийнат бўлишга арзийдиган бу иш ҳар куни такрорланади.

Ўзини билган мўмин-мусулмон фарзандлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу ишларини ҳозиргача давом эттириб келаётганларига ўзимиз гувоҳмиз. Дунёда мусулмонларчалик онасини бошига кўтарадиган қавмни кўрганимиз йўқ. Аллоҳ бу савобли амални қилишни барча фарзандларга насиб этсин.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кулгини камайтир. Зотан, кўп кулги қалбни ўлдиради,, дедилар,.Шарҳ Демак, беҳуда, ноўрин кулавериш давоми...

2785 17:00 / 15.03.2022
Отаси вафот этганидан кейин мусулмон фарзанд отасининг акаукаларини худди отасини эъзозлагандек эъзозлаши, уларни ота ўрнида кўриши лозимлиги шариатимизнинг давоми...

3076 11:06 / 14.01.2020
Аслида .мавло, деган сўзнинг таржимаси .хўжайин,, .валий, деган маънога яқиндир. Яъни хўжайин қулини эркалаб, унинг қадрини кўтариб, .хўжайиним,, деб чақиради. давоми...

3491 17:10 / 02.05.2019
Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида яхшиликда энг сахий инсон эдилар. Ул зотнинг яна ҳам сахий бўлган пайтлари давоми...

2884 16:00 / 15.05.2023