1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ўлим ҳам манфаатли одатга айланиб кетди

15:00 / 24.09.2024 2555 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир қора аёл масжидни супуриб юрар эди. У вафот қилганида саҳобалар унинг вафотини унча катта бўлмаган бир иш деб, ўзлари намоз ўқиб кўмиб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг вафот этганини эшитгач саҳобаларга дедилар:

– Унинг вафот этганини менга айтсанглар бўлмасмиди? Менга қабрини кўрсатинг!

Саҳобалар у аёлнинг қабрини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қабри олдида жаноза намози ўқидилар ва шундай дедилар:

– Қабрлар зулматга тўладир. Менинг намозим туфайли Аллоҳ уни нурга тўлдиради!

Бугун биз мубтало бўлган ишлардан бири шуки, агар биздан бирор-бир бойроқ, нуфузлироқ ва амалдорроқ киши вафот этса унинг таъзиясига ҳамма боради. Агар фақир, оддийгина инсон вафот қилса унинг жанозасидаги кишиларни санаса бўлади. Ўлим ҳам манфаатли одатга айланиб кетди.

Ривоят қилинишича, қозилардан бирининг ходимаси вафот қилади. Унинг таъзиясига барча обрў-эътиборли кишилар, вазирлар ва аъёнлар ташриф буюришади. Қозининг ўзи вафот қилганида улардан ҳеч бири келмайди. Улар янги қозини бу нуфузли мансаб билан муборакбод қилгани кетишган эди.

Бу дин наздида муҳаббат ҳам ибодатдир. Кишиларнинг қалбингдан жой эгаллаши уларнинг Аллоҳга яқинлиги ёки узоқлигига қараб бўлмоғи лозим. Бойлик, мансаби ёки қандайдир нуфузига қараб эмас. Масжидни супуриб юрган у қора танли хотиннинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидан ўрин олишига унинг солиҳ амали, масжидга ва динга қилган хизмати сабаб бўлган.

Кишиларга қўлидаги бойлигига қараб баҳо беришдан дарҳол тўхташимиз лозим. Инсон қалби билан инсондир. Қаердан биласиз, эҳтимол масжидга намоз ўқиш учун асосига таяниб келадиган оддий отахон Аллоҳ наздида дунёнинг энг катта бойларидан яхшироқдир?! У ҳақиқий, кучли қаҳрамондир. Балки у отахон спорт залларида оғир тошларни кўтарадиган ёшлардан ҳам кучлироқдир. Қанча-қанча ёшлар бомдодга азон айтилганида устидаги кўрпасини кўтара олмайди.

Аллоҳнинг наздида кўча супуриб, оддий маошга ҳалол умр кечирадиган фаррошдан ҳаромхўр, порахўр вазир афзал деб сенга ким айтди?!

Жойнамози устида рукуъга эгилиб Аллоҳдан гўзал хотима сўраётган мунис онахондан телевизорда ярим-яланғоч кийиниб авратларини очиб чиқадиган хонанда афзал деб сенга ким айтди?!

Инсонларнинг қиймати бизнинг наздимизда уларнинг Аллоҳнинг динига қилаётган хизматига қараб, унинг Аллоҳга итоатгўйлигига қараб бўлмоғи керак. Солиҳ бой осий камбағалдан яхшироқдир. Солиҳ фақир осий бойдан яхшироқдир.

Суҳайб розияллоҳу анҳу бор молини Маккага ташлаб Мадинага келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: «Суҳайб фойда қилди» деган эдилар. Билол розияллоҳу анҳунинг оғир ҳарсангнинг остида «Аҳад-Аҳад» лафзини такрор қилганлари учун шаънлари улуғ бўлди. Салмон розияллоҳу анҳу ҳақ қидириб дунё кезганлари сабабидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан: «Салмон биздан, аҳли байтдан» деган унвонни олдилар.

Оддий фақир инсонлардан жирканманг. Эҳтимол, Роббимиз сизнинг бойга қилган ҳадянгиз туфайли эмас, фақирга қилган садақангиз туфайли сиздан рози бўлар! Эҳтимол, сиздан мансабдор, бой ва нуфузли инсонни эмас, оддийгина камбағал мўъминни бир боғлам гул ёки бир қутича ҳолва билан зиёрат қилганингиз учун рози бўлар!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсимизни поклайдиган ва ахлоқимизни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири Қуръон тиловатидан сўнг энг афзал ибодат Аллоҳ таолонинг зикридир..Зикр, сўзи давоми...

3174 18:03 / 05.03.2020
Вақтига барака киришини истаган ҳар бир инсонга тавсияБиринчи бўлиб, Аллоҳ таолонинг сизнинг устингиздаги ҳақлари борасида фикр юритинг.Аллоҳ таоло сизнинг давоми...

2906 15:52 / 17.01.2023
Ризқдаги бараканинг омиллари1. Таомни биргаликда ейишда барака бор Ибн Можа.2. Бисмиллаҳ билан ейилган таомда барака бўлади Ибн Можа.3. Барака овқатнинг ўртасига давоми...

2927 12:30 / 28.06.2021
Дубайдаги Қуръон ёдлаш курси раисининг муовини Саид Ҳаарид шундай ҳикоя қилади Дубайда ўтказилган мусобақаларнинг бирида Совет тузумидан бўлган бир кичик бола давоми...

3786 17:00 / 14.07.2022