1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳижрий йил ҳисобининг бошланиши

15:43 / 19.07.2024 2854 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вақт ўтиши билан Ислом жамияти ҳар томонлама ривожланиб борарди. Чегаралар, вилоятлар, амирлар ва бошқаларнинг сони тезлик билан ортиб бормоқда эди.

Девонлар ташкил қилинди, ҳамма тарафдан пойтахтга мактублар кела бошлади. Бошқа алоқалар ҳам ривожланиб борди.

Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан мактуб олдилар. Унда «Сиздан мактублар келади, (бироқ) санаси номаълум бўлади. Санани белгиласангиз, яхши бўларди» деган маъно бор эди.

Бир оз вақт ўтгач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яна бир мактуб олдилар. Унда «шаъбон ойида» деган маъно бор эди. Қайси шаъбон? Ўтганими, ҳозиргисими ёки келгуси шаъбон ойими, била олмай қийналдилар.

Яна бир куни Ямандан, Яъло ибн Умайядан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб келди. Бу мактубда сана белгиланган эди. Бу иш ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга маъқул келди. Шундан сўнг у киши кенгаш мажлисини чақириб, ўртага мусулмонларга хос тарих – йил ҳисобини қабул қилиш масаласини қўйдилар. Ислом жамияти ўзлигини намоён қилиши, бировга тақлид қилмай, ўзига хос йил ҳисобига эга бўлиши керак эди.

Биринчи масала «Тарихни қачондан бошлаш керак?» деган саволга жавоб топишдан иборат бўлди.

Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди.

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф этди.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилдилар. У киши: «Ҳижрат ҳақ билан ботилнинг ораси ажралишига сабаб бўлган», дедилар.

Бошқа бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. Лекин кўпчилик Алий розияллоҳу анҳунинг таклифларини ёқлаб овоз бердилар.

Иккинчи масала йил ҳисобини қайси ойдан бошлаш масаласи эди.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: «Ражаб ойини биринчи ой қилиб олайлик, у ҳаром ойларнинг биринчиси», дедилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Рамазон ойини биринчи ой қилиб олайлик, у умматнинг шарафли ойи», дедилар. Алий розияллоҳу анҳу: «Муҳаррамни биринчи ой қилиб олайлик, унинг ўзи йилнинг биринчи ойи», дедилар.

Ҳаммага мана шу гап маъқул бўлди. Шу тариқа Ислом уммати ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ташаббуслари ва ғайратлари билан ҳижрий 17 йил 1 муҳаррамдан бошлаб ўзининг йил ҳисобига эга бўлди.

Албатта, бу катта иш эди. Дунёга етакчилик қилишни даъво қилаётган уммат учун ана шунга ўхшаш шиор бўладиган нарсаларнинг зарурлиги ҳеч кимга сир эмас.

«Ислом тарихи» китоби биринчи жуз

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Зотур риқоъ, сўзи луғатда .ямоқли, деган маънони билдиради. Айрим тарихчиларнинг фикрича, бу ғазот иштирокчилари оёқларига латталарни боғлаб олганлари учун давоми...

3014 11:03 / 29.08.2021
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврлари фатҳларга тўла бўлди. У киши Умар розияллоҳу анҳу даврларидаги фатҳларни тугатиш бўйича муҳим ишларни олиб бордилар. давоми...

1249 09:36 / 12.09.2024
Идрис алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Одам ва Шис алайҳиссаломлардан кейинги ndash учинчиси ва Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарлар ичида давоми...

20992 12:27 / 16.01.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнингҳаётларини ўрганиш АХЛОҚ Ва, албатта, Сиз улкан хулқ узрадирсизrdquo Қалам сураси, 4оят. Мен ахлоқ гўзаллигини тамомига давоми...

4282 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021