Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 жумадис сони | 2025 йил 08 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Душанба ва пайшанбанинг рўзаси | Сийрат дарслари (289-дарс)

19:00 / 06.07.2024 2486 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

450. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар келаси йили тирик бўлсам, албатта, тўққизинчини ҳам тутаман», дедилар». Яъни, Ашуро куни рўзасига (қўшимча).

Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай келган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлашади», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Келаси йил келса, иншааллоҳ, тўққизинчи куннинг ҳам рўзасини тутамиз», дедилар. Келаси йил бўлмай туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар».

Муслим ривоят қилган.

451. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким доимий рўза тутса, рўза ҳам тутмади, оғзи очиқ ҳам юрмади», дедилар».

Насоий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

452. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абдуллоҳ ибн Амр! Сен кечани бедор ўтказиб, доимо кундузнинг рўзасини тутар эмишсан? Агар сен шундай қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади. Ким доимий рўза тутса, рўза тутмаган бўлади. Ойдан уч кун рўза тутиш ойнинг рўзасини тутиш кабидир», дедилар. «Менинг ундан ҳам кўпига тоқатим етади», дедим. «Унда, Довуднинг рўзасини тут. У бир кун тутиб бир кун очар ва тўқнашганда қочмас эди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

453. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

454. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба ва пайшанбанинг рўзасини тутар эдилар».

Термизий, Насоий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

455. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳой Абу Зарр! Бир ойдан уч кун рўза тутадиган бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт ва ўн беш(инчи кунларнинг рўзаси)ни тут».

Термизий, Насоий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
826. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Киши дўстининг динида бўлади. Демак, ҳар бирингиз кимни дўст тутишига давоми...

3369 19:00 / 13.01.2023
386. Абу Бурда ибн Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади .Абу Мусо розияллоҳу анҳу бемор бўлди. Шунда ҳушидан кетди. Унинг боши аҳлидан бир аёлнинг қучоғида эди. Шунда давоми...

3275 19:00 / 16.03.2024
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совитиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг давоми...

3530 13:30 / 17.05.2020
354. Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, жума энг афзал кунларингиздандир. Унда Одам халқ қилинган. Унда давоми...

4363 14:05 / 24.04.2020
Аудиолар

211686 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар