1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Аллоҳ бу ерни сабот манзили қилсин

13:59 / 24.06.2024 2011 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Форслар Мадоинни ташлаб, Жалво номли томонга қочдилар. Улар бирлашиб, ўзларига Меҳрон исмли одамни бошлиқ қилдилар ва шаҳар атрофига хандақ қазиб, ҳимояга ҳозирландилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг амрларига биноан, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу у томонга Ҳошим ибн Утба бошчилигида ўн икки минглик аскар юборди. Лашкарнинг аввалида Қаъқоъ розияллоҳу анҳу борар эди. Саксон кунлик қамалдан сўнг мусулмонлар яширин йўлни билиб қолиб, ўша ердан ҳужум қилиб, шиддатли жанглардан сўнг шаҳарни фатҳ қилдилар.

Подшоҳ Яздажир бўлса, бу хабарни эшитиб, Ҳалвондан Райга ўтди. Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу 16-ҳижрий сананинг Зулқаъда ойида Ҳалвонни ҳам фатҳ қилди.

Ўша йили Тикрийт, Найнаво, Мувсил, Мосабозон, Ҳайтлар ҳам фатҳ қилинди.

Мусулмонлар Кисронинг пойтахти Мадоин шаҳрини фатҳ қилганларидан кейин уни ўзларига марказ қилиб олган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у шаҳарда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ранглари сарғайиб, ўзлари заифлашиб бораётганларини мулоҳаза қилдилар. У киши Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга мактуб юбориб, «Салмон Форсий билан Ҳузайфа ибн Ямонни ер танлашга юбор. Ҳам қуруқлик, ҳам денгизга яқин, мен билан сизларнинг орангизда сув ҳам, кўприк ҳам йўқ жойни топсинлар», деб амр қилдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу икковларини ўша вазифани бажариш учун юбордилар. Улар икки томонга кетиб, ер танлаб келиб, Куфа деган жойда учрашдилар. У ерда намоз ўқиб, «Аллоҳ бу ерни сабот манзили қилсин», деб дуо қилдилар. Кейин Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг олдиларга бориб, хабар бердилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Қаъқоъ ва Абдуллоҳ ибн Муътам розияллоҳу анҳумога одам юбориб, «Ўринларингизга бошқани қўйиб, ўзингиз ҳозир бўлинглар», деб амр қилди.

Сўнгра Мадоиндан чиқиб, Куфанинг ерларига борди. Ўшанда 17-ҳижрий сананинг Муҳаррам ойи эди. Кейин Умар розияллоҳу анҳудан қамишдан уй қилишга изн сўрашган эди, у киши рози бўлдилар. Аммо режалаштириш пайтида қамиш уйлар куйиб кетди. Кейин ғиштдан қуришга келишилди.

Куфанинг бош меъмори Абу Ҳайёж ибн Молик эди. У биринчи бўлиб масжидга асос солди. Кейин шоҳ кўчанинг кенглигини қирқ аршин, унга яқинларини ўттиз, бошқаларини йигирма аршиндан қилди. Тор кўчаларни етти аршиндан, одамларга бериладиган қитъаларни олтмиш аршиндан қилди.

Куфа Фурот дарёсининг ғарбий қирғоғига қурилди. У билан дарёнинг орасида ярим фарсах масофа қўйилди. Шаҳар битганидан кейин хоҳлаганлар унга кўчиб ўтиши, хоҳламаганлар Мадоинда қолиши таклиф қилинди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Молик Куфа аҳлидан бўлган бир кишидан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзи юборган бир лашкар омилига .Менга етган хабарга кўра, сизлардан давоми...

1667 12:04 / 14.12.2024
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун давоми...

3420 11:00 / 16.08.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Мадинада Ислом жамияти қурилиб, мусулмонлар у зотнинг раҳбарликларида Аллоҳ таолонинг давоми...

1258 13:34 / 25 октябрь
1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ndash 5374 та. 2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ndash 2630 та. 3. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ndash 2286 та. 4. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ndash давоми...

3045 09:55 / 13.10.2024
Аудиолар

211011 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130271 14:35 / 11.08.2021