1447 йил 2 шаъбон | 2026 йил 21 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Рамазондан кейинги энг афзал рўза | Сийрат дарслари (285-дарс)

19:00 / 08.06.2024 1497 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

430. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл уйидаги таомдан исроф қилмай инфоқ қилса, унга инфоқ қилган нарсаси туфайли ажр бўлади. Унинг эрига эса, касб қилгани туфайли ажр бўлади. Хазиначига ҳам ўшанинг мислича (ажр) бўлур. Баъзилари баъзиларининг ажридан ҳеч нарсани ноқис қилмаслар», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

431. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убоданинг онаси у йўқлигида вафот этди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?» деди. «Ҳа», дедилар у зот. «Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унинг номидан садақа бўлсин», деди».

Бухорий ривоят қилган.

432. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

433. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Шунда у зот: «Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дер эдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

434. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

435. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача кўпайтириб берилади. Аллоҳ азза ва жалла: «Фақат рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Мен берурман. У (рўзадор) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади», дейди. Рўзадорга икки хурсандлик бордир: ифтор қилса, хурсанд бўлади ва Роббига рўбарў бўлганда рўзаси билан хурсанд бўлади. Албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир».

Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай келган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Менинг учундир ва унинг мукофотини  Ўзим берурман»,  деди. Рўза сақловчидир. Бирингизнинг рўза куни бўлса, фаҳш гап гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «мен рўзадорман», десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва Роббига рўбарў бўлганда рўзаси билан хурсанд бўлгай».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энг яхши асрда дунёга келганларАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мен асрмааср, токи ўзим бўлган асрга етиб давоми...

3931 17:07 / 28.11.2018
349. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир одам ҳам масжидга кирди ва намоз ўқиди. Сўнгра давоми...

11343 15:45 / 10.04.2020
471. Алий ибн Ҳусайндан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари София розияллоҳу анҳо айтди .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

5041 14:00 / 29.01.2021
333. Аббос ибн Саҳлдан ривоят қилинади.Абу Ҳумайд, Абу Усайд, Саҳл ибн Саъд ва Муҳаммад ибн Маслама тўпланишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

5643 13:30 / 28.02.2020