1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Шайтоннинг энг хатарли ва инсон зотини ғурурга кетказувчи ваъдаси

19:00 / 28 май 1131 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ

«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» – деганимизда, сажда қилдилар, магар иблис: «Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?» – деди» (Исро сураси, 61-оят).

Ушбу оятдаги хитоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Одам алайҳиссалом ва лаънати иблис қиссасини эслатмоқда.

Аллоҳ таоло Ўз қўли ила Одамни яратиб, унга Ўз руҳидан жон киритиб, сўнгра фаришталарга:

«Одамга сажда қилинглар!» – деганида, уларнинг ҳаммаси сажда қилдилар. Фақат иблис бўйин эгмади. У такаббурлик этиб:

«Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?» – деди.

Ўша вақтдаги ҳодисанинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатилишида «Ҳозир сенга озор бериб, иймон келтирмаётганлар ҳам ўша шайтоннинг ишини қилишмоқда», деган ҳикмат – ишора бордир. Макка мушриклари ҳам, ўзимиздан чиққан бир кишига эргашамизми деб, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришдан бош тортган эдилар.

Иблис Одам Атони лойдан яралгани учун паст санаб, унга сажда қилишдан бош тортибгина қолмади, балки ҳаддан ошиб, бошқа таклифлар ҳам қилди:

ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ

«У: «Менга хабар бер-чи, мендан устун қилганинг шуми? Агар мени қиёмат кунигача қўйиб қўйсанг, унинг зурриётининг озгинасидан бошқасини жиловлаб оламан», – деди» (Исро сураси, 62-оят).

Иблис Одамга нисбатан ҳиқду ҳасадга тўлганидан, Аллоҳ таоло Одамни мукаррам қилиб қўйганига чидай олмаганидан ўзини юқори тутиб, Одамни паст санашга уринди. Аллоҳ таолога беодоблик қилиб:

«Менга хабар бер-чи, мендан устун қилганинг шуми?» – дейишга журъат этди.

У ўзича, Одамни паст санади. Ўзининг лаънатга учрашига сабаб бўлган Одамдан ўч олишга қасд қилди. Нима қилиб бўлса ҳам, Одамнинг зурриётидан кўпроғини иғво ила йўлдан уриб, адаштириб, ўзига ўхшаган бадбахт этишга бел боғлади. У Аллоҳга:

«Агар мени қиёмат кунигача қўйиб қўйсанг, унинг зурриётининг озгинасидан бошқасини жиловлаб оламан», – деди».

У катта кетган эди. Одам боласи фақат ёмонлик қилишга эмас, балки яхшилик қилишга ҳам тайёр эканини билмас эди. Шунинг учун ҳам уларнинг озгинасидан бошқасини жиловлаб, ўз йўлига солиб олишни орзу қилар эди.

Иблиснинг бу гапига жавобан:

ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ

«У Зот деди: «Боравер, улардан ким сенга эргашса, бас, албатта, жаҳаннам тўлиқ жазоингиз бўлур» (Исро сураси, 63-оят).

Аллоҳ таоло шайтонни қиёмат кунигача қўйиб қўйишни ирода этди. Лаънати шайтонга:

«Боравер», яъни «қўлингдан келганини қилавер»,

«…улардан», яъни Одам болаларидан

«…ким сенга эргашса, бас, албатта, жаҳаннам тўлиқ жазоингиз бўлур», – деди.

Яъни «Сенга ҳам, сенга эргашган ўша Одам болаларига ҳам жаҳаннам тўлиқ жазо бўлур», – деди.

Аллоҳ ўз сўзининг давомида яна:

ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ

«Улардан кимга кучинг етса, овозинг ила қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда қўшинингни торт, уларга молларда ва болаларда шерик бўл ва ваъдалар қил». Шайтон уларга алдовдан бошқани ваъда қилмас» (Исро сураси, 64-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло шайтонга таҳдид ила «Қўлингдан келганини қил!» деган маънода амр сийғасида, буйруқ майлида қаттиқ гаплар айтганлиги кўриниб турибди. Одам болаларидан қайси бирига кучи етса, бор имконини ишга солиб, уларга қарши иғво ва васваса жанги ила йўлдан уришга ҳаракат қилиши мумкинлигини айтмоқда:

«Улардан кимга кучинг етса, овозинг ила қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда қўшинингни торт…»

«Наъра торт, ҳайқир, отлиқ ва пиёда аскар торт, хуллас, қўлингдан келган воситаю услубларнинг ҳаммасини қўллаб, одам боласидан кимга кучинг етса, мағлуб этиб, ўзингга қаратиб олавер», – дейилмоқда.

Албатта, шайтоннинг овозли аскарлари жуда кўп. Одамларни йўлдан оздириб, шайтонга мағлуб қилувчи овозлар, айниқса, ҳозир жуда ҳам кўпайган. Шунингдек, шайтоннинг отлиқ ва пиёда аскарлари ҳам жуда кўп. Улар ҳам турли услублар ила одам болаларини йўлдан уриб, шайтоннинг йўлига юргизишга тинмай ҳаракат қиладилар.

«...уларга молларда ва болаларда шерик бўл...»

Ҳаромдан топилган мол ва болага, албатта, шайтон шерикдир. Шунингдек, баъзи ҳалолдан топилган мол ва болаларга ҳам одамлар шайтонни шерик қилиб оладилар. Мисол учун, жоҳилиятда араблар молларининг бир қисмини сохта худоларга атаганлар ёки болаларини ҳам ўша сохта худоларига назр қилганлар. Ҳар икки ҳолатда ҳам шайтоннинг шериклиги бор.

«...ва ваъдалар қил», – деди.

Яъни «Ўзингга эргаштириш учун одам болаларига уларнинг ҳавасларини келтирувчи турли ваъдалар қил».

Шу ерга келганда, Аллоҳ таолонинг шайтонга таҳдиди тугайди ва оят сўнгида шайтоннинг ваъдаси қанақа бўлишини эслатади:

«Шайтон уларга алдовдан бошқани ваъда қилмас».

Яъни шайтоннинг ҳамма ваъдаси фақат алдамчиликдан иборатдир. Нотўғри йўлларга ва ишларга бошлар экан, уларни тўғри деб тақдим этади. Оқибатини ҳам чиройли қилиб кўрсатади. Шайтоннинг энг хатарли ва инсон зотини ғурурга кетказувчи ваъдаси: «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳни ҳозирдан ўйлама, барибир гуноҳинг кечирилади» деган ваъдадир.

Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва йиғлаб, юзлари ила йиқилурлар ва у хокисорликларини зиёда қилур. , Исро сураси, 109оят. Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни давоми...

587 19:00 / 18 сентябрь
.Сенга .Албатта, Роббинг одамларни қамраб олгандир,, ndash деганимизни эсла. Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат давоми...

1009 19:00 / 21 май
Бақара Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингиздай келинг. Ўзингиз учун яхшилик тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда давоми...

3441 13:45 / 03.01.2020
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун чин дилдан, қўрқув ила қоим бўлинг. Бақара сураси, давоми...

3326 12:00 / 08.03.2020
Аудиолар

133553 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53898 14:35 / 11.08.2021