1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Кафаннинг чўнтаги йўқ

11:25 / 27.05.2024 2254 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қўй сўйилди. У зот қўйни садақа қилишни буюриб, бир иш билан уйдан чиқиб кетдилар. Қайтиб келгач, Оиша розияллоҳу анҳодан «Гўштдан қанча қолди?» деб сўрадилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо «Бир бўлак қолди», деган эдилар, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аслида шу бир бўлакдан бошқа ҳаммаси бизга қолибди», дедилар.

Буюк инсоннинг буюк жавоби!

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам доимо инсонларга дунёнинг охират экинзори эканини таъкидлар эдилар: бугун фақат экиш бор, ҳосил олиш йўқ, охиратда эса ҳосил олиш бор, экиш йўқ!

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрни келиши билан инсонларга дунёнинг фонийлигини, охиратнинг боқийлигини сингдиришга ҳаракат қилардилар. Юқоридаги суҳбат ҳам ҳар бир уйда бўлиб турадиган оилавий суҳбат эди: эр хотинидан уйдаги чиқим ва овқат ҳақида сўраяпти. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса шу оддий суҳбатни ҳам набавий дарсга айлантиряптилар! У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳога дунёвий савол беряптилар:

– Ундан нима қолди?

Оиша онамиз ҳам дунёвий жавоб беряптилар:

– Фақатгина қўли қолди.

Оиша розияллоҳу анҳонинг жавобларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол охират дарсларидан бирини беряптилар:

–Бир бўлакдан бошқа ҳаммаси бизга қолибди!

Демак, қўлимизда турган мол бизники эмас экан. У баққолники, бензин қуйиш шохобчасиники, электр идорасиники, кийим сотувчиники, новвойхонаники, дорихонаники, биздан кейин эса меросхўрларники экан. Бизнинг ҳақиқий молимиз – бугун охиратга захира қилиш учун бераётган молимиз экан!

Қўйнинг гўшти еб тугатилади, аммо ундан берилган садақа Аллоҳнинг ҳузурида – охиратдаги «банк»да сақланади!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар:

«Ким ҳалол топган молидан бир дона хурмо садақа қилса, Аллоҳ таоло уни қабул қилиб, сизлар тойчоқ ўстиргандек ўстиради, садақаси тоғдек катта бўлиб кетади. Зеро, Аллоҳ таоло фақатгина ҳалол садақани қабул қилади».

«Банк»нинг ажойиблигини қаранг! Захиранинг ажойиблигини қаранг! Аллоҳнинг розилигини истаб қилинган хурмодек садақангизни Аллоҳнинг Ўзи қабул қилиб олиб, уни ўстирар экан. Охират кунида Аллоҳнинг ҳузурига борсангиз, садақангиз тоғдек каттариб кетган бўлар экан!

Султон Сулаймон Қонуний ўлим тўшагида ётганида шундай деган экан: «Вафот қилганимда қўлимни тобутдан чиқариб қўйинглар, токи одамлар султон ҳам дунёдан икки қўли бўш кетаётганини кўрсин».

Садақа қилайлик, кафаннинг чўнтаги йўқ!

Абдулқодир Полвонов

«Ҳилол» журнали 11(56) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Ўрнингдан турганингда Роббингга тасбеҳ айт Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбеҳ айт,, деган .Тур, сураси, 4849оятлар.Демак, ҳар доим давоми...

11449 19:21 / 21.03.2018
Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда ўтирсалар, саҳобалар ҳам атрофларида ўтирар эди. Шундай мажлисларнинг бирида кимдир орқасида боласини опичлаб давоми...

6059 17:03 / 22.12.2023
Яҳё ибн Холид Бармакий халифа Ҳорун арРашидга вазир эди. У олимлардан Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳга илм бериши ҳамда суннатни тарқатишидан чалғимаслиги учун ҳар давоми...

2172 12:00 / 16.01.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Азбо исмли туялари бор эди. Жуда тез югурарди. Араблар туя мусобақасидан маза қилишарди. Қавмнинг пайғамбари ҳам давоми...

2289 09:00 / 19.08.2025