1447 йил 2 шаъбон | 2026 йил 21 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Касбларнинг ҳақири бўлмайди!

16:00 / 07.05.2024 2394 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларга дедилар:

- Аллоҳ юборган барча пайғамбарлар қўй боқишган.

Саҳобалар:

- Сиз ҳам боққанмисиз , эй Аллоҳнинг расули?

- Ҳа, мен ҳам боққанман. Макка аҳлининг арзимаган пули эвазига чўпонлик қилар эдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир кишининг касби бўлишини хуш кўрар эдилар. «Кишининг ейдиган таомлари ичида қўл меҳнати билан топилгани энг яхшисидир. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати орқасидан ер эди», деган эдилар.

Бир сафар саҳобалар билан суҳбат қилиб ўтирганларида: «Закариё алайҳиссалом дурадгорлик қиларди», деганлар.

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Бир киши менга ёқиб қолади. Сўнг мен унинг касби ҳақида сўрайман. Унинг касби йўқ дейишса, унга бўлган ҳурматим йўқолади».

Аввалгилар: «Касбнинг ҳақири бўлмайди, инсонларнинг ҳақирлари бўлади» дейишган экан.

Бир аҳли илм биродаримиз сартарошлик қиларди. Унинг устозини зиёрат қилганимизда: «Сартарошлик илм аҳлига тўғри келмайди» дедилар. Дўстимиз ҳунарини ташлади, аммо устознинг насиҳатларидан тўғри хулоса чиқармади, бошқа касб танламасдан кишиларнинг қўлига қарайдиган бўлиб қолди.

Инсонларни бир-бирига муҳтож қилиб қўйгани Аллоҳнинг азаматига далолат қилади. Ўзи эса барчадан беҳожатдир.

Шифокор дурадгорга, темирчи деҳқонга, савдогар ҳаммолга муҳтож бўлади. Яна ҳамманинг новвойга эҳтиёжи бор.

Ҳалол кирим олиб келадиган ҳар қандай фикр оқил фикрдир. Унинг соҳиби эҳтиромга сазовор. Зеро, у ўзини беҳожат қилиб бошқаларга юк бўлишдан сақлади.

Инсоннинг яхшироқ касб ёки иш топишга ҳаракат қилишининг зарари йўқ. Яъни, киши фарзандини новвой эмас, шифокор бўлишини исташи, маҳсидўз эмас, муҳандис бўлишини хоҳлаши гуноҳ эмас.

Аммо шифокор бўлганидан сўнг новвой ва маҳсидўзни таҳқирлаши гуноҳдир.

Касб аслида инсон ўз эҳтиёжларини қоплаши учун ҳаракат қилишидир. У ўзаро бир-биридан афзаллик эмас.

Тўғри, баъзи касбларнинг ижтимоий обрўси бошқаларидан устун бўлади. Кишилар у касб соҳибларига эҳтиром-ла боқишади. Бошқаларига эса ундай эмас.

Аммо инсоннинг қадрини касбига қараб белгилаш иллатли тушунчадир. Унинг эгаллаб турган мансаби ёки топган моли туфайли ҳурмат қилиш фикри хатодир.

Модомики, пайғамбарлар чўпонлик қилишган экан, сиз касбингиздан хижолат бўлманг. Модомики, бир бурда нонингизни меҳнат билан топар экансиз, бошингизни тик тутинг! Бундан фахр туйинг. Касбингиз туфайли кирланган кийимингиз айб эмас. Ҳақиқий айб кийимингиз гўзал, қалбингиз кир, молингиз ҳаром, ўзингиз эса бировларнинг қўлига боқишингиздир!

Меҳнат асносида зарбаларга дучор бўлган, қадоқ босган қўллар Роббисидан сўнг ўзига бўлган ишонч ва покизалик аломатидир. У дангасалик, танбаллик ва бошқалар ҳисобидан овқатланишдан саломатдир!

Ҳаётдаги сир қайси касбни қилманг, Аллоҳ билан бирга бўлишингдир.

Ҳаётда мухлис шифокор бўлгани каби хоини ҳам бор. Мухлис дурадгор бўлгани каби нокаси ҳам бор. Мухлис муҳандис бўлгани каби порахўри ҳам бор. Мухлис устоз бўлгани каби таъмагири ҳам бор. Аллоҳ қандай касб танлаганимиз ҳақида эмас, уни қандай ишлатганимиз ҳақида сўрайди.

Баъзилар университетга кирса, ўзининг оддий ҳунарманд отасини ўртоқлари кўришидан орланади, уялади, хижолат бўлади. Аслида, уни ўша университетга киришига ўша оддий инсон сабабчи эди.

Анча олдин ўқиган эдим: бир қиз университетни битиради. Отаси эса кўча тозаловчи бўлиб ишлайди. Отаси қизининг келажагини, ўртоқлари олдидаги эътиборини ўйлаб қизига ўзининг кўча тозаловчи эканини ўртоқларига билмаслигини айтади. Қиз битирув кийимини кийиб отаси ишлайдиган жойга боради. Отаси билан ўзини суратга тушириб, сўнг уни ижтимоий тармоқларда тарқатади: «Бу буюк инсон менинг отам!»

Касбларнинг ҳақири бўлмайди!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Султон Муҳаммад Алпарслон одил ва оқил султон сифатида машҳур бўлган. Вазир Низомулмлкнинг оқилона сиёсати ва маслаҳати Алпарслоннинг салтанати кенгайишида давоми...

3363 21:30 / 26.02.2022
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир,, дедилар, Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон давоми...

4301 14:00 / 13.06.2024
Жоҳилиятнинг энг кўзга кўринган ишларидан бири мана шу ndash аждодларнинг обрўэътибори, нуфузи билан мақтанишдир. Ислом дини келишидан олдинги араб жоҳилиятида ҳам давоми...

1281 10:16 / 16.05.2024
Дўстинга қарз беришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўр. Чунки баъзи ҳолатларда дўстдан ҳам пулдан ҳам айрилишинг мумкин.Хотиранга кўп ҳам ишонаверма Эшитган, ўқиган, давоми...

4550 14:00 / 31.03.2022