1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир

09:41 / 07 май 815 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: سَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَيُّ الْأَعْمَالِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: «إِيْمَانٌ بِاللهِ». قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: «الصَّلَاةُ لِوَقْتِهَا». قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ فَقَالَ: «بِرُّ الْوَالِدَيْنِ». قُلْتُ: فَأَيُّ الْعَمَلِ أَشَرُّ؟ قَالَ: «أَنْ تَجْعَلَ لِلَّهِ نِدًّا وَقَدْ خَلَقَكَ». قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: «أَنْ تَقْتُلَ وَلَدَكَ مِنْ أَجْلِ أَنْ يَأْكُلَ مَعَكَ». قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: «أَنْ تُزَانِيَ حَلِيلَةَ جَارِكَ». ثُمَّ قَرَأَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ﮋﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡﮊ.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассалламдан: «Амалларнинг қай бири афзал?» деб сўрадим. «Аллоҳга иймон», дедилар.

«Кейин қайсиниси?» дедим. «Вақтида ўқилган намоз», дедилар.

«Кейин қайсиниси?» дедим. «Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар.

«Амалнинг қай бири ёмон?» дедим. «Сени яратган Аллоҳга (бирон нарсани) тенг қилишинг», дедилар.

«Кейин қайсиниси?» дедим. «Нонимга шерик бўлади деб, болангни ўлдиришинг», дедилар.

«Ундан кейин қайсиниси?» дедим. «Қўшнингнинг аёли билан зино қилишинг», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмаслар. Зино қилмаслар»ни қироат қилдилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг саволларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавоблари жараёнида баъзи афзал амаллар билан бирга баъзи ёмон ишлар ҳам тилга олинмоқда.

Ҳадиси шарифда зикри келган афзал амаллар қуйидагилар:

1. «Аллоҳга иймон».

Албатта, Аллоҳга иймон барча яхшиликларнинг асосидир. Иймон бўлмаса, ҳеч қандай яхшилик бўлмайди. Аниқроғи, яхшилик сифатида қабул қилинган ишлар ҳам, агар Аллоҳ таолонинг розилиги учун бажарилмаса, Унинг наздида қабул бўлмайди. Шунинг учун барча ҳолатларда Аллоҳга иймон ҳамма амаллардан афзал ҳисобланади.

2. «Вақтида ўқилган намоз».

Бу ҳақда аввалги ҳадиси шарифнинг шарҳида сўз юритилди.

3. «Ота-онага яхшилик қилиш».

Бундан ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таолога бўлган иймон ва намоздан кейинги ўринда турадиган афзал ибодат экани билиб олинади.

Ҳадиси шарифда зикри келган ёмон амаллар қуйидагилар:

1. «Сени яратган Аллоҳга (бирон нарсани) тенг қилишинг».

Бу энг ёмон иш ҳисобланади. Чунки у ширкдир. Аллоҳнинг шериги (тенгдоши) бор, дея эътиқод қилиш барча ёмонликларнинг асосидир. Қолган ёмонликлар ҳам шундан келиб чиқади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзига тенгдош қиладиганларни жуда қаттиқ қоралаган.

Бақара сурасида Аллоҳ таоло айтади:

«Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир. Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида барча қувват Аллоҳга хослигини ва Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!» (165-оят).

Ҳа, Аллоҳ таолонинг ягоналигини тан олмайдиган, Унга ширк келтирадиганлар ҳам бор. Улар Аллоҳга шерик қилган ўша бут ва санамларини худди Аллоҳни севгандек севадилар, уларга муҳаббат қўядилар.

Ушбу оят нозил бўлган пайтларда Аллоҳга ширк тутилган нарсалар буту санамлар, тошу дарахт ёки ҳайвон ва бошқа содда ашёлар эди, бугунга келиб булар қаторига турли шахслар, жамият ёки фирқалар ҳам қўшилди.

Ҳа, «Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор».

Аммо ҳақиқий иймонли инсонлар бор муҳаббатларини Аллоҳ таолонинг Ўзига қаратганлар ва бу муҳаббатлари ниҳоятда кучлидир. Қалбларида Аллоҳдан бошқанинг муҳаббатига ўрин йўқ.

«Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир».

Ояти кариманинг давомида Аллоҳ таолога ширк келтирувчиларнинг ҳоли нима бўлиши баён этилади.

«Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида барча қувват Аллоҳга хослигини ва Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!»

Яъни Аллоҳга ширк келтириб, ўзлари ўзларига зулм қилган мушриклар қиёмат куни азобни кўрган чоғларида барча қувват фақат Аллоҳга хослигини ва Аллоҳнинг азоби ўта шиддатли эканини билсалар эди, зулм қилиб, ширк келтирмас ва Аллоҳга тенг қилган нарсаларини Аллоҳни севгандек севмас эдилар.

2. «Нонимга шерик бўлади деб, болангни ўлдиришинг».

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда очликдан қўрқиб, боласини ўлдиришни ҳам қаттиқ қоралаган. Биргина мисол келтиришимиз мумкин.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида айтади:

«Фақирликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз» (151-оят).

Аввалги жоҳилият пайтида қиз болаларни тириклай кўмиш одати бўлган. Аммо бу оятда ундан кўра кенгроқ маъно ифода этилган. Ўзи соғ-саломат, бақувват, ҳар жиҳатдан имкони бўла туриб, «Бола-чақам кўпайса, оч қоламан» деб қўрқиб, фарзанд кўришга ҳаракат қилмаслик мана шу гапга киради. Боласини олдириб ташлаш бўлсин ёки бошқа бир йўллар билан болани камайтиришга ҳаракат бўлсин, мана шу маънога дохил бўлади.

3. «Қўшнингнинг аёли билан зино қилишинг».

Зино – гуноҳи кабира, Аллоҳ ёмон кўрган, ғазаб қилган жуда ёмон нарса. Лекин зиноларнинг ичида қўшнининг аёли билан зино қилиш яна ҳам ёмони ҳисобланади.

Расули акрам алайҳиссолату вассалом юқорида зикр қилинган сўзларининг таъкиди ва далил-ҳужжати учун бир ояти каримани ўқиб қўйдилар.

Фурқон сурасидаги бу ояти каримада қуйидагилар айтилади:

«Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур» (68-оят).

Яъни мазкур мўминлар Аллоҳга ширк келтирмаслар. Зотан, Аллоҳга ширк келтириш улкан зулмдир. Бу ишни қилган одамнинг Раҳмонга бандалиги қолмас. Ягона Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилганларгина Раҳмоннинг суюкли бандалари бўла оладилар.

Раҳмоннинг суюкли бандалари «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмаслар».

Инсон ҳаёти, ким бўлишидан қатъи назар, катта қийматга эга. Ислом ноҳақдан бир одамни ўлдиришни бутун инсониятни ўлдиришга тенглаштиради. Исломда ҳар бир инсон ўз жони омондалигига чуқур ишонган ҳолда яшамоғи керак. Бировни ноҳақдан ўлдирадиган одам Раҳмоннинг суюкли бандаси бўла олмайди. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани қилиб туриб, яна қандай қилиб Унга суюкли банда бўлиши мумкин?!

Раҳмоннинг суюкли бандалари «зино қилмаслар».

Зинода ҳам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдириш руҳи бор. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар. Улар айниқса зинодан бола бўлиб қолмаслигига уринадилар. Бу эса ўзига хос одам ўлдиришдир. Яъни Аллоҳ фарзанд бериш учун ато этган имкониятни йўққа чиқарадилар.

Маънавий жиҳатдан одам ўлдиришга келсак, зино кишиларда руҳни ўлдирувчи пасткашликдир. Ундан келиб чиқадиган оқибатлар зинокорларни ҳам, уларнинг қариндошлари, яқин кишиларини ҳам маънавий жиҳатдан қатл қилади.

Албатта, бу ҳол ҳалол-ҳаромнинг фарқига борган, инсонлик қадрини тушуниб етган жамиятларда бўлади. Бу ишни қилган одамнинг эса Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишини ўйлаб кўриш ҳам мумкин эмас. Фақат Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишдан умидворларгина зино қилмайдилар ҳамда орзуларига етадилар.

«Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур».

Яъни Аллоҳга ширк келтирса, ноҳақдан одам ўлдирса ва зино қилса, гуноҳнинг уқубатига дучор бўлади.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: أَفْضَلُ الْأَعْمَالِ الصَّلَاةُ لِوَقْتِهَا، وَبِرُّ الْوَالِدَيْنِ...

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:

«Амалларнинг афзали: намозни вақтида ўқиш, ота-онага яхшилик қилиш…»

Шарҳ: Ушбу ривоят сиртдан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг гапларига ўхшаб кўринади. Аслида эса у киши бу маънони Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар. Бундан аввал ўтган ривоятларни ўрганиш давомида бунинг гувоҳи бўлдик.

Намоз Аллоҳнинг ҳаққи, уни ҳар бир банда адо этиши керак. Унинг орасига бирор нарса туша олмайди.

Намоздан кейин дунёдаги энг яхши ишни қиламан деган киши ота-онага яхшилик қилсин экан. Чунки бу эҳтиром ота-онанинг ҳаққи, фарзандларнинг улар олдидаги бурчидир. Ва бу ҳадисдаги маъно ҳам ота-онага хизмат қилиш қанчалик улуғ бир савоб иш, буюк бир фазилат эканлигини кўрсатади.

عَنْ أَبِي عَمْرٍو الشَّيْبَانِيِّ، عَنْ رَجُلٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَنَّ النَّبِيَّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ: أَيُّ الْأَعْمَالِ أَفْضَلُ؟ فَقَالَ: «الصَّلَاةُ لِوَقْتِهَا، وَبِرُّ الْوَالِدَيْنِ..».

 

Абу Амр аш-Шайбоний Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир саҳобаларидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Амалларнинг қай бири афзал?» деб сўрашди. «Вақтида ўқилган намоз, ота-онага яхшилик қилиш…» дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадис аввалги ривоятнинг бироз бошқача кўриниши. Демак, бу гап бир марта айтилган эмас, икки марта айтилган эмас, аҳамияти кўп бўлгани учун қайта-қайта, такрор-такрор айтилган. Токи мусулмон умматининг эсидан чиқмасин. Бир марта айтилиб, кейин унутилиб кетмасин. Ҳар доим фарзандларнинг қулоғида турсин, такрор бўлсин, қайта-қайта айтилсин.

«Яхшилик ва силаи раҳм» 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Файзли бир хонадонда ўта иноқ бўлган туғишган акаука бор эди. Улар ёнмаён қўшни бўлиб яшар, бирга деҳқончилик қилишар, ҳосилни ҳам бирга йиғиштириб олишар давоми...

3046 11:00 / 29.07.2022
1. Отанг сени айблаб уришаётган пайтда сени ёмон кўрганидан уришмайди.2. Отанг сенга босим ўтказаётган пайтда энг яхши нарсалар сен учун бўлишини умид қилади. 3. давоми...

3148 11:00 / 05 январь
31. Тойсаладан ривоят қилинади.У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг .Отаонани йиғлатиш оқ бўлишдир ва гуноҳи кабиралардандир,, деганини эшитган экан,.Шарҳ Демак, давоми...

2940 10:00 / 16.12.2018
Икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа эмизикли аёлни тўйиб эмиши ила у аёл боланинг онасига, эри отасига, фарзандлари акаукаси ва опасингилларига давоми...

2352 19:30 / 11.03.2020
Аудиолар

121616 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43078 14:35 / 11.08.2021