1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳазрати Умарнинг насаблари ва дастлабки ҳаётлари

17:00 / 15 апрель 1233 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У кишининг тўлиқ исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулъуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Разоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луай Қураший Адавийдир. У киши ўзларининг саккизинчи боболарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ила туташадилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кучли ва шиддатли бўлганлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Абу Ҳафс деган куня берганлар. Бу «шер, арслон» деган маънони англатади.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга яна «Форуқ», яъни «Ҳақ ила ботилни ажратувчи» деган лақабни ҳам берганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн уч йил кейин туғилганлар.

У кишининг оталари – Хаттоб ибн Нуфайл.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг оналари Ҳантама бинт Ҳошим ибн Муғийра Махзумия бўлиб, у киши Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг амакиларининг қизлари бўлган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ёшликларидан жасурлик, мардлик ва жоҳилият ҳаёти руҳида тарбия топган эдилар.

У киши жоҳилият даврида Қурайшнинг ашрофларидан ҳисобланиб, уларга элчилик вазифаси топширилган эди. Орада уруш чиқиб қолса, у киши элчилик қилар эдилар.

Умар розияллоҳу анҳу новча, жуссадор, оппоқ, икки ёноқлари қизил одам бўлганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Исломга киришлари қиссасини Ибн Саъд, Абу Яъло, Ҳоким ва Байҳақийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Бир куни Умар қиличини яланғочлаб чиқди. Унга йўлда Бану зуҳралик бир киши учраб қолди ва: «Қаерга кетяпсан, эй Умар?» деб сўради.

«Муҳаммадни ўлдиргани кетяпман», деди Умар.

«Муҳаммадни ўлдирсанг, Бану Ҳошим ва Бану Зуҳрадан қандай эмин бўласан?» деди ҳалиги одам.

«Сен ҳам диндан чиққанга ўхшайсан?!» деди Умар.

«Сенга ажиб бир гап айтайми? Куёвинг билан синглинг диндан чиқишди! Ҳа, сенинг динингдан чиқишди!» деди.

Умар йўлидан қайтиб, иккисининг олдига борди. Уларнинг ҳузурида Хаббоб ибн Арат бор эди. У Умарнинг шарпасини сезиб, уйнинг ичига беркиниб олди. Умар кирди ва: «Бу шивир-шивир нима?!» деди.

Улар Тоҳони қироат қилишаётган эди. Иккиси: «Ўзаро гапимиздан бошқа нарса йўқ», дейишди.

«Эҳтимол, икковинг диндан чиққандирсанлар?!» деди.

Шунда куёви унга: «Эй Умар, агар ҳақ сизнинг динингиздан бошқада бўлса...» дейиши билан Умар унга ташланиб, босиб олганча ура бошлади. Синглиси уни эридан нари қилиш учун келди. У синглисини ҳам уриб, юзини қонга белади. Ғазабланган сингил: «Агар ҳақ сизнинг динингиздан бошқада бўлса, мен «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» деб гувоҳлик бераман», деди. Шунда Умар: «Ўзингиздаги ёзилган нарсани менга беринглар. Ўқиб кўрай-чи», деди. У ўқишни биларди. Синглиси: «Сиз нопоксиз. Буни фақатгина покланганлар ушлайдилар. Туринг, ғусл қилиб келинг», деди.

У туриб ғусл қилиб келди. Сўнг ёзилган нарсани олди. У Тоҳо сурасидан

«Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Менга ибодат қил ва Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт»гача (14-оят) ўқиди ва: «Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар», деди. Умарнинг гапини эшитиб, Хаббоб беркинган жойидан чиқди ва: «Эй Умар, хурсанд бўл. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайшанба кечасидаги «Аллоҳим! Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан азиз қилгин», деб қилган дуолари сен хақингда қабул бўлишини орзу қиламан», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафонинг пастидаги ҳовлида эдилар. Умар ўша ҳовлига борди. Унинг эшиги олдида Ҳамза, Талҳа ва бошқалар турган эдилар. Ҳамза розияллоҳу анҳу: «Ана Умар. Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилган бўлса, мусулмон бўлади. Агар ундан бошқани ирода қилган бўлса, биз учун уни ўлдириш осон кечади», дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида эдилар. У зотга ваҳий нозил бўлаётган эди. (Сўнг) чиқиб, Умарнинг олдига келдилар. Унинг ёқасидан ва қиличбоғидан тортиб туриб: «Эй Умар! Аллоҳ сенга Валид ибн Муғийрага туширган ор ва азобни туширмагунча қайтмайсанми?!» дедилар. Умар: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннака абдуллоҳи ва расулуҳ!» деди» («Тарихи хулафо»).

Ушбу ҳаяжонли лаҳзада ҳовлида турганлар бутун атрофни бошларига кўтариб, овозларининг борича «Аллоҳу акбар!» дея такбир айтдилар. Ҳазрати Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳақда эмасмизми?» дедилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақдамиз», дедилар.

«Ундай бўлса, нимага беркинамиз?!» дедилар Умар.

Мусулмонлар биринчи марта икки саф бўлиб, очиқчасига Байтуллоҳ томон йўл олдилар. Бир сафни ҳазрати Ҳамза, иккинчисини ҳазрати Умар бошлаб борар эдилар. Улар масжидга кирдилар. Қурайшликлар бир Ҳамзага, бир Умарга қараб, ичларидан зил кетишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга «Форуқ» лақабини ўша куни бердилар.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганининг олтинчи йили зулҳижжа ойи эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўттиз иккида эди. Бундан уч кун олдин Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга кирган эдилар.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллома, машриқ фақиҳи, шамсул аимма Абул Ваҳда Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад Имодий Кардарий Ҳанафий Баротқиний.Баротқин ndash Кардарнинг бир томони. Кардар давоми...

2205 15:00 / 03.03.2019
Мир Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ .Мажолисун нафоис,да Мирзо Улуғбек ҳақида ёза туриб .Улуғбек Мирзо донишманд подшоҳ эрди. Камолоти бағоят кўп эрди. Етти давоми...

1033 09:14 / 18.09.2023
Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фил йили туғилганмиз,..Усмон ибн Аффон Қубос ибн Ашям давоми...

2322 09:10 / 06.09.2019
1498 йил бундан 523 йил олдин ndash тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Пули чироғ дарасида Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўттиз ёшли ўғли давоми...

6249 11:30 / 26.04.2021
Аудиолар

120862 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42431 14:35 / 11.08.2021