1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Она кўз ёши

16:34 / 22 январь 2204 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Она ҳасратдан кўзёш тўкканида одамдан бошқа дунёдаги барча махлуқот дод-фарёд ураркан... 

Тандирдаги нонларнинг пишишини кутаётган Садафхон жўмракли қўл ювгич тепасига илинган тошойнадаги аксига қараб туриб, ўзига-ўзи баҳо берар, ўзича хулосалар чиқарарди: ҳаётнинг катта-кичик турткилари ҳаммани каттартирар, вақти келиб қаритар экан. Ўттиз йил илгари ёш, орзулари лиммо-лим кўзлари чақнаб, ёниб турган қишлоқ қизининг айни кунда кўзлари маъюс, танаси бемажол, руҳи сўниқ. Бир пайтлар седанали бўлиқ нон сингари сепкиллар билан «безатилган», соғлом оппоқ юзлардан асар ҳам қолмаган: икки чаккадаги ажинлар, қовоқ остидаги доғлар қуёшнинг тикка тушган нурларида куйиб, қорайиб кетган ёноқларини янада бужмайтириброқ кўрсатарди. Шундай бўлса-да, Садафхоннинг кайфияти чоғ бўлишига сабаб бор – бугун унинг ўқишдан таътилга чиққан икки фарзанди шаҳардан қайтади! Аёл барибир аёл-да. Қиладиган ишлари жуда кўп. Уйларга жой солиб, овқатга уннаш керак. Молхонадаги жониворлар ҳам бунга кўз тикиб турибди. Аксига олиб, турмуш ўртоғи даладаги ишларидан хабар олгани қўшни қишлоққа жўнаб кетган. Пашшахонани тўғрилаб қўйсалар яхши бўларди. Болалар мазза қилиб ухларди-да... Ўғилларим ҳам тез катта бўлиб қолибди. Биз ота-она эса бир пасда қарилик остонасига етибмиз. Садафхоннинг кўзи олдидан негадир мозор ва у ердаги қабрлар ўта бошлади. Ана шундай ўй-хаёлларга берилиб кетган пайтда у бирдан сесканиб кетиб, нон ёпаётгани эсига тушиб кетди. Ҳаллослаб тандир ёнига борди. Хайрият, куймапти.
Оддий қишлоқ аёли қанча юмуш бажарса, Садафхон улардан бир чандон кўп иш қилди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, у болаларини вояга етказиш билан бирга уларга илм ўргатди. Ҳа, шунча ишлардан бош кўтариб, вақт орттириб илм ҳам берди. Биринчи навбатда, хўжайинининг ёрдами билан фарзандларининг шаҳарда бекаму кўст ўқиши, яшаши учун шароит яратиб берди. Шу хотираларни эсга олган ҳолда Садафхон режалаштирган барча ишларни қилиб тугатди. Аммо дилбандлари ҳа деганда келавермасди.


Фарзандларини кўзи тўрт бўлиб, муштоқлик билан кутаётган она кун иссиқлигиданми ё чарчаганиданми эшикдан кираверишда қурилган, устига эски, баъзи жойларини куя еган тақирлоқ тўшалган супага чўзилди. Бироқ қани энди уйқу келса. Саккизта энсиз тахтани бирлаштириб ясалган, болалар унга осилиб ўйнайвергани учун бир томонга қийшайиб қолган «дарвоза» олдида тўрт-беш нафар зумраша бақир-чақир қилиб ўйнарди. Уларнинг овозларини эшитиб ётган Садафхонни яна хаёллар қаерларгадир олиб қочиб кетди. Каттамнинг мўйловлари чиқиб қолгандир. Аммо кичигим ундан кўра абжирроқ. Ҳойнаҳой акаси қолиб, у қизлар билан гаплашиб юрган бўлса керак. Дадасига айтаман, болаларига қизлардан узоқроқ юришни тайинлаб қўярлар. Ҳозир улар бор эътиборни ўқишга қаратиши керак. Шу пайт ташқаридан кимдирнинг «Садафхон» деб чақирган товуши эшитилди. Бу қўшни Дилором ая эди. Чақиравериб овози бўғилиб қолганидагина уни эшитган Садафхон рўмолидан чиқиб қолган сочларини тўғрилаганча қўшнисининг олдига югуриб чиқди:
– Ая, чақирмай киравермайсизми. Мана бу ерда чўзилиб, кўзим илиниб қолипти шекилли. Келинг.


– Гулқизим (биргина Дилором ая уни шундай чақиради), уйингга йўл босган ковушим кўп кирган. Ташқарига чиқ, райҳонларингни ёнида бир ҳасратлашайлик, – деб кулиб, ариқ бўйига қатор қилиб экилган гуллар томон йўналди. Садафхон шаҳардан келиши керак бўлган болаларини кутаётганини айтиб, унинг кетидан эргашди. – Қизгинам, болаларингни райҳон қилиб ўстирма, – қўшни аёл шундай деб гапни бошлади-ю кейин ўз уйидаги муаммолари, фарзандларининг каму кўсти, рўзғор ташвишлари, сарф-харажатлар ҳақида гапира кетди.


Садафхоннинг кўзлари доим ёшланиб тургани учун унинг йиғлагани сезилмасди. Дилором ая билан қилинган ҳасратли гурунгдан кейин она қалби негадир қоронғу хона каби бўш ва тунд бўлиб қолди.


Шунга қарамай, болаларининг соғинчи устун келиб, унинг юзида яна ним табассум пайдо бўлди. Садафхон бутун вужуди билан висол онлари яқинлашаётганини сезарди. У адашмаган эди. Она таниш овозлар ва оёқ товушларини эшитиши билан эшик томон шошилди. Бошидаги бир учи куйган «тандир рўмоли» тушиб қолганини ҳам сезмади. Она болаларини остонадаёқ маҳкам қучоқлаганча анча вақтгача йиғлаб турди.


– Яхши келдингларми. Вой, тавба. Бу ерда туришимизни қаранглар. Йўл юриб, қоринларинг ҳам очиб кетгандир. Қани ичкарига киринглар, чой устида гаплашамиз, – дея уларни уйга бошлади.


Айнан шу вақтда қўлида сара мевалар билан тўлдирилган халталар билан хонадон бошлиғи кириб келди. Болалар оталари билан сўрашганларидан сўнг ҳамма хонтахта атрофида жамланди. У ёқ-бу ёқдан сўзлашишди. Аммо саволларни фақат ота-она берар, болалар эса уларга зўрға жавоб берар, имкони борича суҳбатдан аста-аста йироқлашишарди. Садафхон ҳам, унинг хўжайини ҳам бу ҳолатни йўлдаги чарчоқ деб ўйлашди.


– Болам, ўқишларинг нима бўляпти, қийналмаяпсанми? – дея катта ўғлидан ҳал-аҳвол сўради она кечки овқатдан кейин. Аммо қулоғига кичкина қулоқчин тақиб олган бола нуқул ноутбукига тикилиб, бир нарсаларни ёзар, унда-мунда кулиб ҳам қўярди. Садафхон хўрсиниб боланинг бошини силаб ҳовлига чиқиб кетди. Бола эса ижтимоий тармоқлар орқали яқинда танишган дўстлари билан банд бўлиб, ҳатто, онасининг келиб-кетганини ҳам сезмади. Она бечора болаларининг кўнгли учун куйиб-ёнарди. Шундагина Дилором аянинг «болаларингни райҳон қилиб ўстирма» деган гапларини англади. Райҳоннинг ҳиди бўлгани билан у аччиқ ҳам экан...


Эртасига ота фарзандларини иш билан аврайман, деб далага олиб борди. Бироқ шаҳар муҳитига ўрганиб қолгани учунми болаларнинг суяклари даланинг оддий ишларини ҳам кўтаролмади. Ота-она қаерда хато қилганини ўйлаб сиқиларди. Фарзандлар эса ўз «дўстлар»и билан завқланарди.Таътил мана шу зайлда давом этарди. Шундай кунларнинг бирида, ота даладаги ҳосилнинг бир қисмини машинага ортиб, шаҳарга жўнаб кетди. Куни билан компьютерга термулиб ўтирган эркатойлар кечқурун бошини ёстиққа қўйиши билан уйқуга кетди, она шўрлик эса ким билан дардлашишни билолмай зўрға ухлади.


Катта фарзанд йиғи овозидан уйғониб кетди. Ташқаридан жуда кўп одамнинг овози эшитиларди. Ёнида қондоши ётарди. Укасини туртди, аммо у турмади. Хонадан чиқиб онасини излади. Қўшни хонадаги аёллар – аммалари, холалари, қўшнилари ва бошқа нотаниш хотинлар оппоқ рўмолларда, уввос тортиб йиғларди. Негадир отаси кўринмасди. Кейин ҳовлига чопон ва дўппиларни кийиб, белбоғларни тақиб олган, тобут кўтарган одамлар кириб келди. Бола ҳеч нарсани тушунмай бир чеккада қаққайиб турарди. Шу пайт юрагининг уриши тезлашиб кетгач, у ҳовлиқиб одамлар орасидан онасини қидира бошлади. Лекин тополмади. Онасининг хонасига кирди. Кўзи бурчакдаги кўрпачага ётқизиб қўйилган ва устига оқ чойшаб ёпилган одамга тушганида оёғи қалтираб, йиқилди. Ўлган одамлар устига шундай чойшаб ёпиб қўйишармиди? У қўрққанидан судралиб жасад ёнига борди. «Ишқилиб, мен ўйлаган нарса бўлмасин», дея, бехосдан, йиғлаб юборди. Қўли қалтираб ўликнинг бош тарафидан чойшабни оча бошлади. Не кўз билан кўрсинки, у ерда онаси ётарди. Бола бақирди, бироқ унинг овози чиқмади. Кўзидан ёш томган вақт қаттиқ қичқирди ва ... уйғониб кетди.


Эшикдан юзи оқариб онаси югургилаб кириб келди. Бола тушида айрилиб қолган волидаи муҳтарамасини кўриб жон ҳолатда ўзини унинг оёқлари тагига ташлаб, ўкириб йиғлади. Онасини тирик кўрганидан кўзёшларини тўхтата олмади.


Садафхон ва унинг болалари ҳаётидаги жиддий ўзгаришлар катта ўғилнинг ана шу тушидан сўнг рўй берди. Аввал тўнғич фарзанд ота-онасига бўлган муносабатини ўзгартирди. Улар нима деса лаббай деб жавоб бериб, барча юмушларни бажаришда кўмаклаша бошлади. Буни кўриб, кичик ўғил ҳам унга тақлид қила бошлади. Ака-ука далага чиқиб, оталарига ҳам қарашишди.


Кузнинг дастлабки кунларида Садафхон яна болаларини шаҳарга кузатиш тараддудини кўра бошлади. Уларнинг қўлига тандирдан янги узилган нонларни узатар экан, кўзи тошойнадаги кўзлари ёшланган аксига тушди. Бу севинч ёшлари эди...

Мунира Асадуллаева
«Ҳилол» журналининг 8(53) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъий назар, бир кун келиб кексаяди. Аммо кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ бор. Энг яхши кексайиш яхшилик билан яшаб, яхшилик давоми...

1846 14:40 / 14.10.2019
Қобийса ибн Барма Асадийдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. У зотнинг .Бу дунёда аҳли маъруф бўлганлар у дунёда ҳам аҳли давоми...

1763 09:00 / 22.06.2021
22. Саҳл ибн Муъоз отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким отаонасига яхшилик қилса, унга Тубо бўлсин, Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда давоми...

2970 20:06 / 15.11.2018
64. Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди,, деганларини давоми...

4389 12:10 / 21.03.2019