1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

«Фол» мени таажжубга солади!

11:28 / 27.12.2023 2997 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларнинг ақидасини тузатиш учун шундай дедилар:
– Касаллик юқиши йўқ, қушлардан шумланиш йўқ, бойқуш йўқ, сафар ойидан шумланиш йўқ, навъу йўқ, ғул йўқ. Фол мени таажжубга солади!


Шунда саҳобалар сўрашди:
– Фол нима, эй Аллоҳнинг Расули?


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Яхши сўз!


Бир киши касаллик юқиши ҳақида сўраб шундай деди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Туялар саҳрода худди оҳудек юради. Улар орасига битта қўтир туя аралашиб қолади. Уларнинг барисини қўтир қилади?!


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Биринчисига ким юқтирди унда?!


Касалликнинг юқиши ҳақидаги хабарлар собит, бунга шак йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бемор одам соғлом одамнинг олдига бормайди», «Моховдан худди арслонни кўргандек қоч», деганлар. Юқоридаги ҳадисдаги «касаллик юқиши йўқ», деганларига келсак, бу қалбларни сабаблардан Аллоҳ томон, яъни сабабларнинг Рабби томон буришдир. Бу маънони айнан юқоридаги савол сўраган кишига «биринчисига касални ким юқтирди унда?» деган саволларидан англасак бўлади.


«Қушлардан шумланиш» дегандан шуни тушунамизки, жоҳилият даврида одамлар бир ишни қилмоқчи бўлишса, қуш учиришган. Агар қуш ўнг томонга учса, ўша ишни қилишган, чап томонга учса, қилишмаган. Агар бир киши тижорат сафарига чиқса, олдидан кўзи кўр одам чиқиб қолса, бундан шумланиб ўша сафаридан қайтган.


Жоҳилият давридаги шумланиш ҳақида гапирилса, битта китоб бўлади.


«Бойқуш йўқ» деганини бундай тушунамиз: «Жоҳилият даврида бойқушни одамлар зулм қилиб ўлдирилган кишининг жасадидан чиқади, унинг қабри устида ўтириб, «Мени суғоринглар, мени суғоринглар», деб сайрайди деб эътиқод қилишар, токи қасосини олмаса қўймайди, дейишар эди».


Сафар ойи ҳижрий ойлардан бўлиб, жоҳилия даврида ундан ҳам шумланишган. Жоҳиллар ҳали ҳам шумланиб келишади.


«Навъу» дегани осмондаги юлдузлар бўлиб, улар чиқса, одамлар уйдан чиқмасдан ўтиришган. Тижоратга чиқишмас, уйланишмас, токи ўша юлдузлар ғоиб бўлгунича бошқа жойга боришмас эди.


«Ғул» эса жиннинг бир тури бўлиб, одамлар уни мусофирлар йўлида туриб олиб одамларни қўрқитади, уларни мақсадларидан чалғитади, деб эътиқод қилишарди.
«Фол» мени таажжубга солади».


Изоҳ: Бу ўриндаги «фол» биз билган фол эмас.
Мақсад ана шу ерда. Саҳобалар: «Фол нима?» деб сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Яхши сўз, – дедилар!


Агар бир беморни кўргани борсангиз, унга бу кунлар тезда ўтиб кетишини, ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши эканини, эртага янада яхшироқ бўлишини, ундаги ўзгаришлар яхши томонга бўлаётганини айтинг!


Яқинини йўқотиб қўйган кишининг олдига кирсангиз, унга мўмин учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса дунё ва ундаги нарсалардан ҳам яхшироқлигини, ҳамма ҳам яқинини йўқотишини, таъзия дегани Аллоҳ бизни жаннатда жамлайди, дегани эканини айтинг!


Қарздорнинг олдига борсангиз,унга Аллоҳнинг кенгчилиги яқинлигини, қанча–қанча инсонларга қийинчиликдан сўнг кенгчилик келганини, кунлар чархпалак эканини, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам вафот қилганларида совутлари бир яҳудийнинг қўлида гаровда турганини эслатинг!


Агар фарзандсиз инсонлар билан гаплашиб қолсангиз, болалар ҳам ризқлигини, мўминнинг энг олий ҳулқи тақдирдан розилик эканини, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам фарзандсиз бўлганларини, умид Аллоҳданлигини, Иброҳим алайҳиссаломнинг завжалари Сора онамиз ёши бир жойга бориб қолганида фарзанд кўрганини айтинг!


Инсонлар елкаларини силайдиган меҳрибон қўлга, уларни умидлантирадиган шафқат соҳибларига ва келажак бугунгидан афзал эканига уларни ишонтирадиган кишиларга муҳтождирлар!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03–07/1506–рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01–07/1959–рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир қишлоқда кекса одам бор экан. Жуда қашшоқ эмишу, лекин қирол ҳам унга ҳасад қилармиш. Фақир кексанинг тилларда достон бўлган оппоқ оти бор экан. Қирол шу отга давоми...

3263 11:00 / 24.07.2022
Абу Толибга ўлим соати яқинлашгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келдилар. Абу Толибнинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя бор эди. давоми...

1749 15:00 / 08.03.2021
Кечки овқат қани эй ҲубайбҲубайб кечки овқатни ҳозирлашда кечикиб кетди. Имом Ҳасан Басрий ундан .Ҳубайб овқат қани Очдан ўлай дедикку,, дея сўради.У деди .Бир давоми...

3603 17:00 / 15.04.2022
Фаластиндаги ушбу зайтун дарахтининг ёши Фаластин харитасини электрон харитадан ўчирган amazon, google дан ҳам қадимийроқ ҳисобланади. Ҳадисларда зикри келган, кўплаб давоми...

2184 14:00 / 16.06.2022