1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ислом – шариат

12:14 / 01.12.2023 1223 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шариат» сўзи араб тилида «поғона, босқич», «сув ичиш жойи» ҳамда «йўл, услуб» деган маъноларни англатади. Воқеликда «шариат» атамаси «қонунчилик» маъносида ишлатилади. Хусусан, Аллоҳ жорий қилган амалий ҳукмлар мажмуаси «шариат» дейилади. Шу маънода шариат «фиқҳ» маъносида ҳам тушунилади.


Самовий динларнинг барчаларидаги амалий қисм «шариат» деб аталади. Ислом шариати ҳукмлари Қуръон, Суннат, ижмоъ ва қиёсдан олинади. Мусулмон уламолар «Шариат ҳукмлари барча макон ва замонларга мос бўлиш қобилиятига эга» деган ғояни олға сурадилар.


«Шариат ҳукмларининг умумий мақсади бу дунёда одамларнинг ҳаёти ва саодати учун керак бўлган барча нарсаларни юзага чиқаришдир», дейди усулул фиқҳ уламолари. Бу эса уларга манфаатни жалб қилиш ва улардан зарарни даф қилиш орқали юзага чиқади. Шариат ўша ҳақиқатни ўзига жо қилган.


Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилган:
1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш.
2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
3. Инсон динини муҳофаза қилиш.
4. Инсон мол-мулкнини муҳофаза қилиш.
5. Инсон насл-насабини ҳимоя қилиш.


Шариатда асосан мўмин-мусулмон банданинг амалий ҳаётига тегишли ишлар тартибга солинади. Одатда бу ишларга оид манбаларда ибодатлар, муомалалар, оила ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар низоми ҳамда жиноятларга боғлиқ масалалар баёни келади.


Ибодатларда таҳорат, намоз, закот, рўза ва ҳаж масалаларига оид шаръий ҳукмлар ўрганилади.


Муомалаларда асосан савдо-сотиқ, турли молиявий алоқалар, мерос, васият, вақф, қулларга оид ишлар каби масалалар ўрганилади.


Оила низомида никоҳ, талоқ, идда, ҳазона, нафақа каби масалаларга эътибор қаратилади.
Жиноятларда эса маст бўлиш, зино қилиш, одам ўлдириш, бировга тан жароҳати етказиш ва шунга ўхшаш жиноятларни аниқлаш ва уларга тайин қилинадиган шаръий жазолар ҳақида сўз боради.


Албатта, таом, шароб, ҳалол-ҳаром каби шахсий ҳаётдаги масалалар ҳақида ҳам алоҳида боблар бўлади. Шунингдек, кишиларнинг ташқи ва ички алоқаларига боғлиқ, хавфсизликни сақлаш, мудофаа, асирлар, ўлжа каби ­нарсларга оид ҳукмлар, инсон ҳаётига боғлиқ бошқа барча масалалар ўрганилади.


Юқорида ҳам таъкидланганидек, шариатнинг умумий мақсади манфаатларни жалб қилиш ва зарарларни даф этишдир. Шу билан бирга, манфаатларни иложи борича кўпайтириш ва зарарларни имкон қадар камайтириш вожиблигини ҳам айтиб ўтишимиз керак. Буларнинг барчаси икки улуғ мақсад орқали амалга ошади. Улар ободончилик ва (ўзаро) тақсимотдаги адолатдир.


Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, тенглик ва адолатдир. Демак, бандалар бузғунчилик сабабларини йўқотишлари, шаҳарларни муҳофаза қилишлари, одамларга зулм қилишдан четда бўлишлари ва яна рушднинг сабабларига эргашишлари вожиб бўлади. «Рушд» деб тўғри йўлга эришиш, балоғат ва яна молу давлатни чиройли тасарруф қилишга ҳам айтилади. Яъни иқтисодни тўғри йўлга қўйиш ҳам муҳим вазифалардан биридир.


Шариат таълимотларида бундан бошқа ҳаёт, тараққиёт ва саодат учун керак бўлган барча нарсалар мавжуддир.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоифдан қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини турли қабилаларга очиқойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай давоми...

1522 16:00 / 28.07.2019
Биринчи. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотни араблар ичидан танлаб олди. Зотан, араб уммати ўртача уммат эди. Аллоҳ таоло у зотни Қурайш орасидан сайлади. Зотан, Қурайш давоми...

2139 11:05 / 29.08.2019
Имом, ҳофиз, пешво Абу Яъло Абдулмўмин ибн Халаф ибн Туфайл ибн Зайд ибн Туфайл Тамимий Насафий.259 йилда туғилганлар.Боболари Туфайл ибн Зайд ҳамда Абу Ҳотим Розий, давоми...

1729 17:30 / 20.03.2019
Имом Аҳмад ўзининг .Зуҳд, номли китобида Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилади.Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамнинг еган таомини ўзини мажбурлаб давоми...

6375 17:10 / 16.03.2017
Аудиолар

120773 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42336 14:35 / 11.08.2021