1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Абу Бакр розияллоҳу анҳу амалга оширган буюк ишлар

11:11 / 12.11.2023 1461 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоқларида яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган эди. У зотнинг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.


Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида диндан қайтган муртадлар билан мусулмонлар орасида бўлиб ўтган қаттиқ жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Биргина Ямомада Мусайлима Каззобга қарши бўлиб ўтган жангда етмиш саҳобаи киром шаҳид бўлди. Шунда ҳазрати Умар ҳазрати Абу Бакрга: «Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин. Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин. Шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш керак», деган маслаҳатни бердилар.


Аввалига ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. У киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандай қилиб қиламан?!» деб туриб олдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам қатъий туриб: «Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш», дея Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ортларидан қолмай юравердилар.


Кейинроқ Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб: «Биз сени ҳеч нарсада айблов остига олмаганмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Қуръонни ёзар эдинг. Энди яхшилаб суриштириб, Қуръонни жамла», деб бу ишни амалга оширишни у кишига топширдилар, чунки Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ёзиб борган, Пайғамбаримиз охирги Рамазон ойида Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида ҳам у зотнинг ёнларида бирга бўлган эдилар.


Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам аввалига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандай қилиб қиламан?!» деб туриб олдилар. Энди Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш», деб Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни бу ишга кўндиришга ҳаракат қила бошладилар. Охири бориб, Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттоб ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуларнинг қалбларига солган нарсани Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қалбларига ҳам солди. У киши Қуръонни жамлашга рози бўлдилар.


Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу буюк ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишини кўзлаб, Масжиди Набавийда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва унинг Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин. Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эълон қилишди.


Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақт давомида Қуръонни жамлаб беришди. Сўнг уни кўпчиликка кўрсатишди, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўз ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиққан бўлар эди.


Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у зотдан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келди.


Шундай қилиб, Зайд ва Умар розияллоҳу анҳу­мо машаққатли меҳнатлардан сўнг Қуръонни ки­йик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб тугатишди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша саҳифаларни «Мусҳаф» деб номладилар. Мус­ҳафни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйларига қўйиб қўйишди.


Бу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида амалга оширган энг улуғ ишлардан бири бўлди. Аллоҳ таоло Ўзининг «‎Зикрни Биз нозил қилдик ва Биз унга муҳофазачимиз‎» деган ваъдасининг бир карра амалга ошишига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни сабабчи қилди.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида Қуръони Каримни жамлашдек нозик ва ҳассос ишнинг амалга оширилиши ўша вақтда у киши фақат жангу жадал билан овора бўлиб қолмай, бошқа ишларга ҳам вақт топганларини ва уларга иккинчи даражали иш сифатида қарамаганларини кўрсатади.


Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга «Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин. Шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш керак» деган маслаҳатни берганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандай қилиб қиламан?!» деб туриб олишлари бежиз эмас эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидан ва қилганларидан қилча ҳам четга чиқмас эдилар. Аммо ўзаро баҳслардан кейин бунга ўхшаш ишлар умматнинг ижтиҳодига боғлиқ қилиб қўйилгани маълум бўлди ва улар Қуръони Каримни жамлашга ижмоъ қилиб, ҳаммалари бир овоздан рози бўлдилар.


Ана шунга ўхшаш суннат нима-ю, умматнинг ижтиҳодига боғлиқ ҳолда қўйилган иш нима эканини ажратиб олиш ҳар доим ҳам муяссар бўлавермаганидан баъзан ихтилофлар келиб чиқади.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди
 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу ҳолат ҳақида имом Ибн Жарир Табарий Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар.Мусо алайҳиссалом фиръавннинг ҳузурига келиб, .Бану давоми...

1800 18:00 / 19.05.2019
нубувватнинг 4йили иккинчи ярми милодий 613 йилЯширин даъватдан ошкорага ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг амри ила бўлди. У Зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи давоми...

2048 18:05 / 18.12.2019
Ҳатто мусулмон бўлмаганлар билан ҳам тузилган шартномага амал килиш. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари билан танишиб чиққан киши, ушбу саҳоба давоми...

2147 11:34 / 21.12.2021
Вадо хутбасиrdquo жумласи луғатда .хайрлашув, айрилиқ хутбасихитоби, деган маънони билдиради. Ҳижрий ўнинчи йилнинг 9зулҳижжасида милодий 632 йил 8 март Пайғамбар давоми...

5864 05:00 / 06.01.2017
Аудиолар

120783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42348 14:35 / 11.08.2021