1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари (ўн учинчи мақола)

11:18 / 07.11.2023 551 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу баланд бўйли, улов минсалар, оёқлари ерга тегай деб турадиган, соқоллари ингичка, ёноқлари кичкина, қотма жуссали ва ўта чидамли одам эдилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу васф қилинган жанговар сифатларидан ташқари, вафодор, бир сўзли, карамли, сахий каби инсоний сифатларга ҳам эга эдилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу аввал ўта камбағал ҳаёт кечирганлар. Ҳатто ровийлар у кишининг хотинлари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг камбағалликдан қийналиб, уй ишларидан ташқари, қўй-мол боқиш, саҳродан ўтин териб, бошига қўйиб, кўтариб келиш ишлари билан ҳам машғул бўлганликларини келтирадилар.


«Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу кейинроқ тижорат билан шуғулланганлар ва яхшигина пул топадиган бўлганлар. Аммо ўшанда ҳам у киши ўта сахий бўлганлари туфайли уйларида бирор нарса турмаган. Катта маблағ тушган бўлса ҳам уйларига етиб келмас эди. Йўлдаёқ одамларга бериб юборар эди», дейишади гувоҳлар.


Шунинг учун ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу вафот этишларидан олдин катта ўғилларига қарзни узишни алоҳида таъкидлаб, васият қилганлар.


Имом Бухорий қилган узун ривоятда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тўнғич ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
«Зубайр Туя куни мени чақирди. Мен унинг ёнига бориб, турдим. Бас, у:
«Эй ўғлим! Бугун ўлдириладиган ёки золим бўлади ёки мазлум бўлади. Бугун мен мазлум ҳолда қатл этиладиганга ўхшайман. Менинг энг катта ғамим қарзимдир. Сенингча, қарзимиздан ошган молимиз қолармикан? Эй ўғлим, молу мулкимизни сотиб, қарзимни уз!» 


У учдан бирни васият қилди. Унинг учдан бирини у(Абдуллоҳ)нинг болаларига васият қилиб, қарзни узганимиздан кейин бирор нарса ортиб қолса, «Сенинг болаларингга», деди. Абдуллоҳнинг баъзи болалари Зубайрнинг болалари Хубайб ва Уббодга тенглашиб қолган эди. Унинг ўша кунларда тўққиз ўғил, тўққиз қизи бор эди.


Абдуллоҳ айтади:
«У менга қарзи ҳақида васият қилиб:
«Эй ўғлим! Агар қарзимни узишда қийналиб қолсанг, мавлоимдан ёрдам сўра», деди.
Аллоҳга қасамки, унинг нима деяётганини англай олмай:
«Эй отажон! Мавлоингиз ким?» дедим.


«Аллоҳ!» деди.
Аллоҳга қасамки, қачон унинг қарзини узишда қийин ҳолатга тушиб қолсам, «Эй Зубайрнинг мавлоси, унинг қарзини Ўзинг уз», десам, қарз ўзидан-ўзи узилар эди.
Бас, Зубайр қатл қилинди, аммо динор ҳам, дирҳам ҳам қолдирмади».


Аллоҳ таолонинг Ўзи Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Абу Муслим Хавлонийга хотини деди Уйда ун қолмаганАбу Муслимнинг ёнида пул йўқ эди. Шу боис, унга Мабодо, уйда ҳеч қандай пул қолмаганмиди деди. Йигирган давоми...

4301 15:03 / 28.05.2021
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу нега жанг майдонида шаҳид бўлиб вафот топмадилар. Бундаги Аллоҳнинг ҳикмати нимада эдиЗикр этилишича, аллома Абдулфаттоҳ Абу давоми...

1945 09:00 / 01.08.2021
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар СЎНГГИ КУНЛАР 23қисм Ҳижратнинг ўн учинчи йили, жумодилохир ойининг давоми...

4376 21:49 / 19.04.2017
БИРИНЧИ ХАЛИФА АБУ БАКР СИДДИҚ Разияллоху анҳу ДАВРЛАРИЭнг аввалги мусулмон ва энг биринчи сиддиқ ва Расулуллоҳнинг ҳамсуҳбатлари ҳамда Улардан кейинги биринчи давоми...

28178 20:20 / 21.04.2017