1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Шариат масаласида уялмай сўраш | Ҳадис дарслари (254-дарслари)

19:00 / 01.11.2023 841 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мустаҳоза» калимаси энг кўп ҳайз муддатидан ортиқ вақтда ҳам қон кўраверадиган аёлга нисбатан айтилади.

«Унинг ўз одатига қайтиши» дейилишига сабаб шуки, одат бўйича неча кун ҳайз кўрадиган бўлса, ўшанча кунни ҳайз ҳисоблайди, ундан сўнг ҳайздан чиққанда нима қилса, шуни қилади. Ортиқча қонни истеҳоза ҳисоблайди.

«Кучли қонни ҳайз деб эътибор қилиш» дегани агар одатда неча кун ҳайз кўриши аёлнинг эсидан чиқиб қолса ёки аввал ҳайз кўрмаган бўлса, қон кучли келган кунларини ҳайз, қон кучсиз келган кунларини эса истеҳоза деб ҳисоблайди.

Агар қон кучли ёки кучсиз бўлмай, бир хилда келса, ҳайзнинг аксар муддатидаги вақтни ҳайз ҳисоблаб, ундан ортиғини истеҳоза ҳисоблайди.

Ҳанафий мазҳабида ҳайзнинг аксар муддати ўн кундир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бокира қизнинг ва турмушга чиққан аёлнинг оз ҳайзи уч кундир, кўп ҳайзи ўн кундир», деганлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ فَاطِمَةَ بِنْتَ أَبِي حُبَيْشٍ سَأَلَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: إِنِّي أُسْتَحَاضُ فَلَا أَطْهُرُ أَفَأَدَعُ الصَّلَاةَ؟ فَقَالَ: لَا، إِنَّ ذَلِكِ عِرْقٌ وَلَيْسَ بِالْحَيْضَةِ، وَلَكِنْ دَعِي الصَّلَاةَ قَدْرَ الْأَيَّامِ الَّتِي كُنْتِ تَحِيضِينَ فِيهَا ثُمَّ اغْتَسِلِي وَصَلِّي. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ وَصَلِّي. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ، وَزَادَ التِّرْمِذِيُّ: وَتَوَضَّئِي لِكُلِّ صَلَاةٍ حَتَّى يَجِيءَ ذَلِكَ الْوَقْتُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинти Абу Ҳубайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Мен истеҳоза бўламан, пок бўлмайман. Намозни қўяманми?» деб сўради. У зот:

«Йўқ! Албатта, у томир (узилганидан)дир. Ҳайз эмас. Лекин сен одатда ҳайз кўрадиган кунларнинг миқдорида намозни қўй. Сўнгра ғусл қилиб, намозни ўқийвер», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ҳайз (кунлари) келса, намозни қўй. Қачонки у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер», дедилар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Термизий:

«Нариги вақт келгунча, ҳар намозга таҳорат қил», дедилар»ни зиёда қилди.

Шарҳ: Аввало Фотима бинти Ҳубайш розияллоҳу анҳо билан танишиб қўяйлик:

Фотима бинти Ҳубайш ибн Мутталиб ибн Асад ибн Абдул Уззо ал-Қурайшил-Асадия.

Мазкур ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлари билан машҳур бўлган Фотима бинти Ҳубайш розияллоҳу анҳо фаржларидан доимо қон келиб турадиган беморликка учраган эканлар. У кишининг:

«Мен истеҳоза бўламан, пок бўлмайман» деганларидан шу маъно тушунилади. Яъни, қон тўхтамайди. Ҳайз вақтида қон келгани учун намоз ўқиб бўлмас эди. Энди доим қон келиб турадиган бўлиб қолди. Нима қилиш керак? Умр бўйи намоз ўқимай юраверадими?

Бу саволни Фотима бинти Ҳубайш розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар ва:

«У зот: «Йўқ! Албатта, у томир (узилганидан)дир. Ҳайз эмас. Лекин сен одатда ҳайз кўрадиган кунларнинг миқдорида намозни қўй. Сўнгра ғусл қилиб, намозни ўқийвер», дедилар».

Демак, аёл кишидан доимо қон келиб туриши – беморлик. Баъзи томирлар узилгани учун доимо қон келади. Шунинг учун ундай дардга чалинган аёл соғлик вақтдаги одати бўйича неча кун ҳайз кўрадиган бўлса, ўша кунларни ҳар тарафлама ҳисоблаб, аниқлайди ва мазкур кунларнинг намозини ўқимайди. У кунлар тамом бўлгандан кейин эса ҳайзнинг ғуслини қилади ва истеҳоза қони келиб турса ҳам намозини ўқийверади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ривоятда:

«Қачонки ҳайз (кунлари) келса, намозни қўй. Қачонки у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер», деганларидан ғусл қилмаса ҳам бўлар экан, деган гап келиб чиқмайди.

Аввало ўзи шу гапнинг ичида ғусл маъноси бор.

Қолаверса, ғусл қилиш зарурлиги жуда ҳам равшан иш. Шунинг учун уни доимо зикр қилишга ҳожат йўқ. Учинчидан, ўзингдан қонни ювиб, деганлари ҳар намозга бир таҳорат қилиш маъносини ҳам англатади.

Бу маъно Имом Термизий келтирган зиёдадаги:

«Нариги вақт келгунча, ҳар намозга таҳорат қил» деган жумлада ҳам таъкидланади. Бу, яна ҳайз вақти келгунча, деганларидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шариат масаласини аёл бўлсин, эркак бўлсин, уялмай сўраб, ўрганиш кераклиги.

2. Мустаҳоза (одатдан ташқари қон кўрган) аёл намозларини қўймай ўқиши лозимлиги.

3. Истеҳоза қони ҳайз эмас, узилган томирдан чиқаётган қон эканлиги.

4. Истеҳозали аёл одатдаги ҳайзи миқдорича кунларни ҳайз ҳисоблаб, ўша кунлари ҳайзга оид ҳукмларга амал қилиши.

5. Истеҳозали аёл одатдаги ҳайзи миқдорича кунлар ўтганидан кейин ғусл қилиши ва намозини ўқийвериши лозимлиги.

6. Истеҳозали аёл ҳар намозга таҳорат қилиши лозимлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Муслим .Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади. Улардан қайси бириники устун келса ёки олдин бўлса, ўхшашлик давоми...

1560 19:00 / 07.06.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, давоми...

2955 21:30 / 12.05.2021
Суннат Қуръони карим билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис Суннат тарихи ҳам Қуръони карим ва Ислом тарихи билан бирдир. Биз эса Суннатни илм сифатида шаклланиш давоми...

8234 14:41 / 12.10.2018
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг ваҳийсининг бир тури экани, бу каби масалаларда у зот алайҳиссалом ўзларидан чиқариб давоми...

4841 17:03 / 03.05.2018