1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх ҳазратлари ва она тилимиз

19:29 / 21.10.2023 2062 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчилик тил мутахассислари, тил ва адабиёт ўқитувчилари каминадан:

«Шайх ҳазратларининг китобларини ўқисак, худди ўзлари ёнимизда тургандек сезамиз ёки аудио китобларини тинглаганда ўрганиб қолганимиз овозлари қулоқларимизда акс-бераётгандек бўлади. Ношир сифатида айтингчи, у кишининг баён қилиш услубларида биз билмайдиган қандайдир бир сир борми?», деб сўраб қолишади. 

Дарҳақиқат, бундан чорак аср муқаддам таниқли ёзувчи Муроджон Мансур билан ҳазратимнинг «Ҳадис ва Ҳаёт» китобларининг биринчи жузини «Шарқ» нашрётида чоп этиш жараёнида биз ҳам худди шундай бир
ҳолатни бошимиздан кечирган эдик. Ўшанда биринчи жузнинг таҳрири ҳазратимга ёқмаган. Бошқа муҳаррир топинглар, деган таклиф бўлган. У пайтда Қуръонни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини озми, кўпми тушунадиган муҳаррирлар «анқонинг уруғи» эди.

Тоҳир Малик билан маслаҳатлашиб, бу соҳада энг билимдонимиз деб, атайлаб, Муроджон Мансурда тўхтаганмиз. Роса бош қотган. Ҳазратимнинг китобларини давлат нашриёти сифатида чоп этишни юқоридан ўзимиз сўраб
олган эдик-да. Ўшанда Алишер Навоий ҳазратларига замондош бўлган, у кишидан турфа тортиқлар олган Воиз Кошифий ҳазратларининг «Тафсири Ҳусайни» китоби қўлимга тушиб қолди. Китоб аслиятдан олинган фотонусха
бўлиб, ўша даврнинг таниқли ношири, Аллоҳ раҳмат қилсин, Асрор Самад Ленинградда бостириб келган эди. Китобда келган Қуръон оятларининг маъно таржимаси шундоққина оятнинг тепасида, сўзма-сўз жойлаштирилган
эди. Ўқиб ҳайрон қолдим. Маъно аниқ ва тиниқ, бунинг устига жудаям тушунарли. Лекин жумла тузилиши грамматикага тушмайди, тушиш у ёқда турсин, ҳатто сўзлар бўйсинмайди ҳам. Эга ва кесим, келишикларни ўрнига
қўяман десангиз, биринчидан жой етмайди, иккинчидан шираси кетиб, оддий сўзга айланиб қолади. Муроджон ака ҳам ўқиб мендан баттар ҳайратта тушдилар. Бундан беш юз олдин килинган Қуръон маънолар таржимаси
билан ҳазратимнинг таржималарини эринмай, бир-бирига қиёслаб кўрдик.

Шунда кўз олдимиз «ярқ» этиб очилиб кетди.

Ҳазратимнинг баён қилиш услуби, тили, Кошифийники каби эркин, жонли воиз тили экан. Унга қанча бадиийлик киритаман, имло қоидаларига соламан, десангиз шунча охори тўкилар эди. Биз қилган бу кичик тадқиқотимизни ва ундан келиб чиққан хулосаларимизни ҳазратга айтганимизда у киши бош силкиб, доимгидек беғубор жилмайиб қўйган эдилар. Буни биз: «Энди эсинглар кирибди» деган маънода тушунганмиз.

Шундан кейин Муроджон ака воизлик тили бўйича китобни қайта кўриб чиқа бошладилар. Агарда буниси ҳам ҳазратимни қониқтирмаса, бошқа муҳаррир топишни Тоҳир Маликнинг зиммасига юклайдиган бўлдик.

Хайрият, қайта таҳрир ҳазратга маъқул бўлди, «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласини чоп этиш жараёни бошланиб кетди. Лекин орадан мана йигирма йилдан зиёд вақт ўтибдики, адабиётимизда пайдо бўлган воизлик тили бўйича бирон бир илмий иш қилинганини эслай олмайман. Баъзи бир араб, форс, турк тилларидан қилинаётган таржима асарлари тил услубларига солиш билан ўша асарнинг «охори»ни йўқотиб кулаётгандек, назаримда. Бу воизлик тилини билмасликдан, бу соҳада етарли тадқиқотлар қилиниб, қўлланмалар яратилмаганидан деб биламан.

Ҳазратим сўзга жуда ҳам эҳтиёткор эдилар. Сўзларнинг вазнини, салмоғини, таъсир кучини яхши билардилар. Буни китобларнинг сарлавҳалардан ҳам билса бўлади: «Бахтиёр оила», «Ижтимоий одоблар», «Очиқ хат», «Васатия», «Кексаларни эъзозлаш», «Ҳадис ва Ҳаёт» ва ҳоказо.

Танланган номларнинг ўзи ўқувчининг эътиборини тортади ва ўша китоб нима мавзуда экани ҳақида маълумот бериб туради. Ҳазратим амри маъруфларда ҳеч қачон битта сўзни икки марта қайтармаганлар. Сўзларнинг муқобилини ҳар қандай адабиётчи ва тилчидан яхши билардилар. 

Эсимда, олий маҳадда ректор бўлиб ишлаганларида Тоҳир Маликни синфбоши қилиб биз журналист ва ёзувчиларга дарс ўтган. Дарсларнинг бирида бундай деган эдилар:

«Баъзилар газета ва журналларда жойлар номини ўзбеклаштириш учун «область» сўзини «туман», «район» сўзини «депара» деб ёзишяпти. Йўқ, «область»ни «вилоят»га, «депара» сўзини «туман»га алмаштириш тўғри бўлади.

Яна «остановка» сўзини «куналга» деб ёзяпсизлар, ундай эмас тилимизда «бекат» деган чиройли сўз бор.

Шунингдек, шайх ҳазратлари «республика»ни «жумҳирият», «журнал»ни
«ойнома» ёки «жарида», «самолёт»ни - «учоқ», «аэропорт»ни - «тайёрагоҳ» каби жуда кўп номларнинг муқобилини айтган эдилар. Биз бу сўзларни мақолаларимизда, радио эшиттириш ва телекўрсатувларимизда қўллар эдик.

Кейинчалик ҳазратим айтган атамалар халқимиз томонидан ҳам яхши қабул қилинди. Кейинчалик Атамалар қўмитасининг раиси ёзувчи Одил Ёқубов бошчилигидаги жамоа уларни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришда муносиб ҳисса қўшишди. Шу жараёнларнинг ўзи ёш тилчи, адабиётчилар учун яхшигина илмий мавзу бўлиши мумкин.

Сўзимнинг охирида шуни айтмоқчиманки, ҳазрат дунё тараққиёти билан боғлиқ тилимизга кириб келаётган у ёки бу атамаларга ҳам беэътибор эмас эдилар. Масалан, «диктафон»ни - «унёзар», «компьютер»ни - «билги сайёр», «радио»ни - «овоз нигор» деб таржима қилганлар. Мана фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари она тилимизни қанчалар яхши билганлар ва ардоқлаганлар. Шунинг учун ҳам асарлари тонгги насимидек бутун дунё бўйлаб таралмоқда. Тонг насими бу қуёшдан ерга урилмай тўғри бизга етиб келаётган ультра-бинафша, шифобахш нурлардир.

Эркин Малик

Муаллиф
Эркин Малик
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мулла Нуриддин пешқадам 1886 йил, Наманган шаҳри, .Дегрезлик, даҳаси, Тахтакўприк мавзеси ҳозирги 16мактаб қаршисидаги хонадонда таваллуд топди. Отаси мулла Ёқубжон давоми...

2282 14:00 / 26.07.2022
Ҳомиддин қори домла 1895 йил ҳозирги Наманган шаҳри, Шишшаки мавзесида истиқомат қилган Усмонхон ота ваф. 1899 хонадонларида дунёга келди.Падари бузруквори Усмонхон давоми...

2324 14:00 / 23.03.2022
Имом, ҳофиз, фақиҳ, Насаф қозиси, улуғ олим Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил ибн Ҳажжож Насафий. Насаф .Нахшаб, ҳам дейилган.Қутайба ибн Саъид, Жуббора ибн Муғаллис, давоми...

1597 17:00 / 14.03.2021
Муносабат Ҳар қандай шахснинг салоҳияти, меҳнату хизматлари ва албатта, муносиб тақдирланиши жамият ҳаётида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга воқеа ҳисобланади. давоми...

1082 15:28 / 04.07.2023
Аудиолар

120564 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7051 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42166 14:35 / 11.08.2021