1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳар бир нафснинг покланиши учта омилга боғлиқ

14:09 / 04.10.2023 3175 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эҳсон» диннинг қалб тарбиясига боғлиқ қисми бўлиб, у одатда, «тариқат» ҳам дейилади. Бу қисмга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм «тасаввуф илми» деб аталадиган бўлиб қолган.


Исломнинг руҳий-маънавий ва ахлоқ-одобга оид таълимотларини Қуръони Карим ва Суннат асосида руҳий тарбия илми – тасаввуф баён қилиб беради.


Руҳий-маънавий қисм «тазкиятун-нафс» – «нафсни поклаш» деб ҳам аталади, чунки унда мўминларнинг нафсларини, яъни шахсиятларини поклаш, уларга фазилатларни касб қилдириш ва уларни разолатлардан холи қилиш борасида ҳаракат кетади.


Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми ҳисобланади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, дин «яхши» деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, «ёмон» деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида олиймақом қадрият ҳисобланади.


Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.


«Ахлоқ» сўзи «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради. Тасаввуф илмида ўша хулқларнинг яхши ва ёмони, уларнинг яхшисига амал қилиб, ёмонидан четланиш йўллари баён этилади. Сўнгра ҳусни хулқ ҳақида алоҳида тўхталиб, унга оид кўплаб маълумот ва тажрибалар ўрганилади.


Мусулмонлар Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал, мукаррам ахлоқлар дини бўлган Ислом орқали ҳусни хулқни ўзларига касб қилганлар. Уларнинг ўзлари бу улуғ неъматлардан баҳраманд бўлибгина қолмай, ўзгаларга ҳам яхшиликлар етишини истаганлар.


Ҳар бир нафснинг покланиши учта омилга боғлиқ:
биринчи омил – покланиш, яъни қалб хасталикларидан даволаниш;
иккинчи омил – тикланиш, яъни маълум мақомотларни рўёбга чиқариш;
учинчи омил – хулқланиш, яъни маълум исм ва сифатлар ила хулқланиш.
Мазкур асосдаги руҳий тарбия инсон зоти ва унинг икки дунёдаги саодати учун жуда ҳам зарурдир. Ислом дини ҳар бир мусулмонга мазкур тарбияни мукаммал ҳолда тақдим этади.


Иймон-эътиқоди, дунёқараши тўғри ва соф, амаллари эзгу, ҳар бир лаҳзада, барча ҳолатда «Аллоҳ мени кўриб турибди» деган ишонч-эътиқод асосида яшайдиган, барча ёмонлик ва номаъқулчиликлардан покланган, ҳамма яхшилик ва фазилатларни ўзида мужассамлаштирган, Роббул оламийннинг хулқлари билан хулқланган, ўз зиммасидаги ҳақ ва бурчларни тўла адо этган шахсгина том маънодаги «комил инсон» бўлади.


Ислом динининг жамиятдаги хизмати ана шундай комил инсонни тарбиялаш ва ўшандай инсонлардан таркиб топган жамиятни барпо этишдир. Мақсад инсонга унинг инсонийлигини қайтариш, унинг яратилишидан кўзланган мақсадни рўёбга чиқаришдир. Сиз буни шу сатрларгача бўлган маълумотлардан ҳам англаган бўлсангиз керак. Бу ҳам бўлса, Ислом динининг айнан инсон бахт-саодати учун юборилгани ҳамда дунёда унга эркин, фаровон, бахтли ва унумли ҳаёт, охиратда эса чексиз саодат тақдим этувчи илоҳий таълимот эканидандир десак, муболаға қилмаган бўламиз.


Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг бевосита иштирокида айнан ана шундай жамиятнинг юзага чиқишига хизмат қилдилар. У зотга Аллоҳ таолонинг салавотлари ва саломлари бўлсин!


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҳижрий 41ndash60 милодий 661ndash680 Абдурраҳмон ибн Абу Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан давоми...

2366 09:39 / 01.02.2025
Имом, аллома, фақиҳ, усули фиқҳ илмининг олими, луғат билимдони, Хуросон аҳлининг пешвоси Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший Шофеъий. .Қаффоли Кабир, номи давоми...

4079 18:45 / 24.01.2019
Бану Ҳанифа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди. Уларнинг орасида машҳур бузғунчи Мусайлима Каззоб ҳам бор эди. Бу нобакор давоми...

2884 17:20 / 08.11.2023
иккинчи мақола Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари иккига бўлинади1. Аллоҳ таолодан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинганлари.Жаброил давоми...

1944 14:01 / 21.08.2023
Аудиолар

225968 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

144799 14:35 / 11.08.2021