1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Жазолашга қодир бўла туриб кечириш буюклар ахлоқидандир

14:10 / 25 февраль 1737 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бадр жанги том маънода Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳуники бўлди, десак адашмаймиз. Аллоҳнинг шери ўша кунда олдидан чиққан мушрикларнинг отлиғи борми, пиёдаси борми, ҳаммасини ер тишлатди. Ахир, нега қатл қилмасин?! Унинг лақаби жоҳилиятда «Шерлар овчиси» эди! Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам исломиятда уни «Аллоҳнинг шери» деб атадилар.


Ҳамза розияллоҳу анҳу Бадрда мушрикларнинг жон томирига урдилар. Қурайшликлар у кишини мағлубиятларининг асосий сабабчиси деб билишди. Шунинг учун қасос олиш пайига тушишди.


Ваҳший ибн Ҳарб найзани яхши улоқтирарди. Бу ишда ғоят уста эди. Агар ҳазрати Ҳамзани қатл қилса, унга озод бўлишини айтишди. Шундай ҳам бўлди. Исломнинг энг буюк қўмондонларидан бири Уҳуд кунида қатл қилинди. Ваҳший шу иши учун озод бўлди.


Макка фатҳ қилингач, Ваҳший қилмишидан қўрққанидан Тоифга қочди. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун қасос олмасликларини, Ислом олдинги гуноҳларни ўтиб юборишини, агар бориб динни қабул қилса, унинг исломи мақбул кўрилиб, авф этилишини айтишди.


Ваҳший Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Расулимиз ундан сўрадилар:
– Ваҳший сенмисан?
– Ҳа!
– Ҳамзани сен ўлдирдингми?
– Иш сиз эшитганингиздек бўлган. Мен олдингизга Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, сиз эса Аллоҳнинг элчиси эканингизга гувоҳлик бериш учун келдим!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Кўзимга кўринмай юришга қодирмисан?


Улар қайтиб учрашишмади. Ваҳший розияллоҳу анҳу сўзида турди – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларига қайтиб кўринмади. У масжидда охирги сафларда турар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриб қолмасинлар деб, бошини паст тушириб ўтирар эди. Уруш сафларида эса энг олдинги қаторлардан жой оларди...


Вафони кўринг!!!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг Мусайлима каззоб пайғамбарликни даъво қилиб чиқди. Ваҳший ҳам унга қарши курашиш учун мусулмон аскарлари сафида борди. Ваҳший Мусайлима каззобни ҳам ўша найзаси билан ўлдирди. Кейинчалик у: «Бу найзам билан эн яхши ва энг ёмон одамни Ҳамза ибн Абдулмутталиб билан Мусайлима каззобни ўлдирганман!» деб айтиб юрарди.
«Кўзимга кўринмай юришга қодирмисан?»


Энди шу гапга тўхталамиз.
Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни ювади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлмоқ учун келган инсон, олдин нима иш қилганидан қатъий назар, унинг исломини қайтармас эдилар.


Гарчи у одам амакиларини қатл қилган бўлса ҳам...


Шунинг учун Ваҳшийнинг исломини қабул этдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсон эдилар. У киши ҳам бошқалар каби яхши кўрардилар, бошқалар каби ёмон кўрардилар. Шунинг учун кўзлари очиқлигида Ваҳшийни кўришни истамадилар.


Ваҳшийнинг исломини қабул этиш ила Робблари шариатини татбиқ қилдилар. Аммо уни кўришни истамасликлари ўзларининг шахсий ҳуқуқлари эди. Ваҳшийни кўрсалар, амакилари, бўлмиш Ҳамза розияллоҳу анҳу ёдларига тушарди.


Жазолашга қодир бўла туриб кечириш буюклар ахлоқидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса энг буюк инсон эдилар. Ваҳшийни авф қилдилар. Аммо авф бошқа, яхши кўриш бошқа экан.


Гоҳида бизни кимдир оғир яралайди. Шундай яралайдики, еру осмон бор экан, у яра битмайди. Кейин ярашмоқчи бўлишади. Биз уларни кечирамиз, аммо ёнимизда туришларини истамаймиз. Уларни кўришни ёқтирмаймиз. Чунки уларни кўришимиз билан етказган жароҳатларининг оғриғи бошланади. Улар етказган жароҳат ҳали-замон тузалмаганини ҳис қиламиз.


Ишларни қайтадан ўрнига тушира олмай турганларни ҳам тушунинг. Улар буни кин-адоватдан эмас, қайта озорланишни истамаганлари учун қила олишмайди.


Рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстойнинг бир гапи бор: «Инсонлар сенга хиёнат қилишар экан, уларнинг бу иши худди икки қўлингни кесиб ташлаганларига ўхшайди. Сен уларни кечиришинг мумкин, аммо яна қайта қучоқлай олмайсан!»


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қаҳрамонимиз Ҳузайфа ибн алЯмон розияллоҳу анҳунинг бошқа саҳобалардан фарқли бир фазллари бор. У кишини баъзи уламоларимиз муҳожирлардан ҳисоблайдилар, давоми...

8761 20:15 / 21.04.2017
Муоз ибн Жабал ибн Амр ибн Авс розияллоҳу анҳу 18 ёшларида Исломга кирдилар. Етмиш нафар мадиналик ансорлар билан бирга Ақаба байъатида иштирок этдилар. Кейинчалик давоми...

3832 14:00 / 05.04.2022
иккинчи мақола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макnotкадан Мадинага қилган машаққатли ҳижратларида ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг зикрлари давоми...

1688 09:00 / 10.06.2023
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларҲимоянгдан воз кечдим 5қисмМаккалик мусулмонлар бошига маломат ва давоми...

4151 16:34 / 21.04.2017