1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Илмни қадрлаш борасида японлардан ибрат

11:03 / 09.09.2023 1193 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир пайтлар ўзбек тилидаги Қуръон тафсирлари ва таржималари ҳақида бир мақола ёзган эдим. Унда 9 та тафсир‑таржима ҳақида етарлича маълумот берилган. Ушбу мавзуга алоқадор тадқиқот олиб бораётган япон олимларидан бири ўша мақолага қизиқиш билдириб, уни япон тилига таржима қилиш ва илмий журналда нашр қилиш учун рухсат сўради. Мен хурсандлик билан розилик билдирдим. Олимнинг исми Сеика Вазаки. Ўзбекчани яхши билади. Спортчи бўлгани учун юртимизда ўтказилган айрим спорт мусобақаларида ҳакамлик ҳам қилган. Ўзи мусулмон, шу билан бирга, ўзбекларни яхши кўради. 


Сеика Вазаки мақолани таржима қилгач, мен билан учрашиш истагини билдирди. Бир неча бор кўришдик, яқиндан танишдик ва бир неча мавзуларда суҳбатлашдик. Унинг ахлоқу одоби ва тўғрилиги менга жуда манзур келди. Қаранг, бўлмасам, ўша мақолани ўқигач, айримларимиз каби индамай таржима қилиб, ўзининг тадқиқоти сифатида япон тилида нашр қилса, ким билиб ўтирибди. Мен япончани тушунмасам, истаб топа олмасам. Бироқ, ҳалоллик, илмга эҳтиром илмий омонатдорликни тақозо қилган эди. 


У киши бир гал яна бир тадқиқотчи доктор Сатору Кимура билан уйимга келди. Доктор Сатору Кимура 20 йилдан бери Бухоро тарихини ўрганмоқда экан. Араб, ўзбек ва форс тилларини яхши билади экан. Унинг ҳам одобу хулқи гўзал. Бироқ, у ҳали мусулмон бўлмаган эди.


Менга ҳаммадан ҳам таъсир қилгани, уларнинг илмий омонатдорлиги, илмни қадрлаши ва бу борадаги одоби бўлди. Икковлон мендан Қуръони Карим тарихи ва қироатлари ҳақида ўзларини қизиқтирган маълумотларни сўрашмоқчи экан. Афтидан, қироатлар борасида хабарлар уларни бироз шубҳага ҳам солган. Бу табиий ҳол, чунки бу илмни чуқур ўрганмаган одам унинг кўламини ақлга сиғдира олмайди.


Улар аввало савол учун рухсат сўрашди. Мен мамнуният билан билганимча жавоб беришимни айтдим. Шунда улар бир‑бирларига қараб, воситачи бўлиб келган ўзбек дўстлари шаҳрихонлик Муҳаммад ака орқали минг ҳижолат билан, моддий даромад мақсадлари йўқ эканини қаттиқ таъкидлаганча суҳбатни видеога олиш учун изн сўрашди. Агар суҳбатдан илмий мақсадда фойдалансалар ҳам, сўзни ўз эгасига нисбат беришларини айтиб ўтишди. Бу ҳол мен учун ғайритабиий туюлиши табиий эди.


Мен уларга биз одамлар диндан, илмдан сўраса, хурсанд бўлиб жавоб беришимизни, одатда берган маълумотларим учун ҳеч қачон маблағ кутмаслигимни, аксинча, одамларнинг илм исташи биз учун етарли шодлик бўлишини таъкидладим.


Шундан сўнг бир соатдан зиёд савол‑жавоб бўлди. Вазаки жаноблари ўзбекчани яхши тушунгани учун суҳбат ўзбек тилида борди. Улар қироатлар, уларнинг имомлари, ровийлари ва улар ўртасидаги фарқлар, уларнинг келиб чиқиши каби мавзулардаги сўзларни мароқ билан тинглашди ва жуда ҳам мамнун бўлганларини таъкид этишди. Мен уларга бу мавзуларни тушунтирар эканман, бирлари Қуръонга иймон келтирган янги мусулмон, иккинчиси ҳали мусулмон бўлмаган шахс эканини эътиборда тутишга ҳаракат қилдим. Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан улар жавоблардан қаноат ҳосил қилишди.


Илмни қадрлаш илмий омонатдорликни ҳам тақозо қилади. Бировнинг илмий маҳсулини ўзбошимчалик билан ўзлаштириш эса айнан илмга беҳурматлик ва унга хиёнат ҳисобланади. Илм қадрланмаган, ҳурмат топмаган жойда барака бўлмаслиги дунёда кузатилган қонуниятлардандир. Ўзим японларнинг ютуқларидаги сабаблардан бири уларнинг илмга эҳтироми ва омонатдорлигида экан, деган ўйга бордим.


Журнал 2019 йил нашр бўлган эди. Айтишларича, эътиборли илмий журнал экан. Мақола қарийб 30 саҳифани эгаллаган. Журналнинг Ўзбекистонга етиб келиши анча пайсал бўлди. Камига, уни қабул қилиб олган акамиз нимадир сабаблар билан уни йўқотиб қўйибди. Ҳалол нарса ўтда куймайди, сувда чўкмайди, деганларидек, ниҳоят журнал топилиб, куни кеча менга етиб келди. Ўзим япончани тушунмайман, балки тушунганлар ўқий олар. Орада ўзбекча сатрлар ҳам борлиги эътиборга молик деб ўйлайман. 


(Қўлида китоб ишлаб турган тадқиқотчи Сеика Вазаки жаноблари, ўнг тарафимдаги киши Доктор Сатору Кимура)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ризқдаги бараканинг омиллари1. Таомни биргаликда ейишда барака бор Ибн Можа.2. Бисмиллаҳ билан ейилган таомда барака бўлади Ибн Можа.3. Барака овқатнинг ўртасига давоми...

2283 12:30 / 28.06.2021
Одамлар тавбага нисбатан тўрт табақага бўлинадилар1. Тавба қилганидан кейин умрининг охиригача тавбасида мустақим турадиганлар тоифаси.Бу тоифадаги кишилар давоми...

3608 12:30 / 24.03.2019
Бу дунё ўзининг ёрқинлиги ва жозибаси билан жуда гўзал ва жимжимадордир. Баъзида биз унга шунчалик даражада берилиб кетамизки, унинг қулига айланиб, Роббимизни давоми...

2070 14:00 / 17.03.2022
Солиҳ ва муслиҳ фарзанд қандай камолга етади Унинг онаси фақат овқат тайёрлаш, уй ишлари ҳамда интернету бозор билан овораю машғул бўлса Руҳан соғлом, баркамол давоми...

3108 11:00 / 19.08.2021