1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Мусулмон олами ва унинг адабиётидан таъсирланганлар

15:05 / 22.08.2023 780 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғарбликлар, хусусан, испан шоирлари мусулмон адабиётидан жуда қаттиқ таъсирланганлар. Ғарб адабиётига мардлик, ботирлик, мажоз, гўзал бадиий образлар хусусан, Андалусдаги араб адабиёти орқали кириб келди.

Машҳур испан ёзувчиси Апониз айтади:

«Овропа араблар Андалусга келишидан, мардлик ва қаҳрамонлик жануб ўлкаларига ёйилмасдан олдин мардликни билмасди. Унинг одат тусига  кирган одобларини ва қаҳµрамонликларини риоя қилмасди».

Ғарблик адибларнинг ана шу асрларда мусулмон олами ва унинг адабиётидан таъсирланиш кўламининг катталигига Дўзининг Ислом ҳақидаги китобида испан ёзувчиси Ғоронинг рисоласидан келтирган нақли далолат қилади. Мазкур ёзувчи лотин ва юнон тилларига бепарволик қилиб, мусулмонларнинг тилига эътибор билан қаралганига жуда ҳам ачинади ва шундай дейди:

«Заковат ва завқ арбобларини араб адабиётининг таъсири сеҳрлаб қўйган, улар лотинчани назар-писанд қилмайдилар. Бошқанинг эмас, балки ўзларини мағлуб этганнинг тилида ёзадилар».

У қаттиқ таассуф билдириб шундай ёзади:

«Менинг масиҳий биродарларим араб шеър ва қиссаларига маҳлиёдирлар. Улар мусулмон файласуф ва фақиҳлари ёзган китобларни ўқиб-ўрганадилар. Улар буни китобларнинг нотўғрилигини исбот этиш ёки раддия қилиш учун эмас, балки фасоҳатли арабий услубдан иқтибос олиш учун қилишади. Дин кишиларини ҳисобга олмаганда, бугун Таврот ва Инжилнинг диний тафсирларини ўқувчи киши қайда? Инжилларни, расул ва анбиёларнинг саҳифаларини ўқувчилар бугун қаерда қолишди? Воҳ, афсус! Закий масиҳийлардан ўсиб келаётган авлод араб адабиёти ва тилидан бошқа бир тил ёки адабиётни билмайди. Улар араб китобларига берилиб кетадилар, қиммат баҳоларда харид қилиб, катта кутубхоналарга жамлайдилар. Ҳар ерда уларнинг захираларини (қимматбаҳо асарларини) мақтаб тараннум этадилар. Бир вақтнинг ўзида масиҳийлик китобларига қулоқ осишдан «улар илтифот этишга ҳақли эмас», деган баҳона билан ҳазар қиладилар. Эҳ, афсус! Масиҳийлар тилларини, албатта унутдилар. Бугун уларнинг ҳар минггидан битта ҳам дўстига мактуб ёза оладиганини тополмайсан. Аммо араб тилида эса кўплари гўзал услубда таъбир этишни ўрнига қўядилар. Улар бу тилда шундай шеър ёзадиларки, нафосат ва гўзаллиги билан араб шеъриятининг ўзидан ҳам ўтади”.

Ўн тўртинчи ва ундан кейинги асрларда Овропанинг адабиёт даҳолари ҳеч шубҳасиз ўз қисса ва адабий асарларини ёзишда араб адабиёти таъсирида бўлганлар. 1349 йили Бокаччо ўзининг «Декамерон» деб номланган китобини «Минг бир кеча» изидан бориб ёзди. Ундан, шунингдек Шекспир, «Ибрат хотималар билан бўлади» пьесасига мавзуни иқтибос қилади. Олмон адиби Лессинг ҳам «Доно Натан» пьесасини ана шу асардан ўзлаштирган.

Инглиз тилидаги янги шеърият раҳнамоси Шосер ўз замонасида Бокаччодан ўзлаштирганларнинг энг каттаси бўлган. У билан Италияда учрашган бґлиб, ундан кейин «Кантраберри ҳикоялари» номли машҳур қиссаларини ёзган.

Данте бўлса, кўпгина танқидчиларнинг таъкидлашича, охират оламига саёҳатни тавсифлайдиган «Илоҳий комедия»сида Абу Аъло Мааррийнинг «Ал-ғуфрон» рисоласидан, жаннат васфида эса Ибн Арабийдан таъсирланган. Бунинг сабаби у исломий ўҳазорага ва уни арабча манбадан ўрганишга шайдо император Фредерик Иккинчи замонида Ситсилияда турганлигидир. У ва Данте ўртасида Арасту мазҳаби борасида баъзи ўринларда арабий аслга таянилган мубоҳаса кечган. Данте Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларидан анчагина хабардор бўлган. Бундан Исро ва Меърож қиссаси ҳамда само васфи билан танишиб чиққан.

Петрарка эса Италия ва Франсадаги араб ҳазораси асрида яшади. Монбилия ва Париж университетларида таълим олди. Бу икки университет араб муаллафотларига биноан барпо бўлган Андалус университетларининг шогирдлари саналарди.

Овропа қиссаси вужудга келиш онларида ўрта асрларда арабларда бўлган қиссачилик фанларидан таъсирланган. У фанлар мақомчилик, қаҳрамонлик хабарлари, шон-шараф ва ишқ йўлидаги йигитларнинг саргузаштларидир. «Минг бир кеча» ўн иккинчи асрда Овропа тилларига таржима қилингач, бу борада унинг таъсири жуда катта бўлди. Ҳатто у ўша пайтдан бери ҳозиргача Овропа тилларининг барчасида уч юз марта чоп этилган. Бир неча овропалик мунаққидларнинг фикрича, «Свифт» саёҳатларини ёзган Жонатан, «Робинзон Крузо» саргузаштларини ёзган Дефо «Минг бир кеча», Ҳайй ибн Яқзоннинг «Рисола»си ва араб файласуфи Ибн Туфайлдан қарздордирлар.

“Минг бир кеча»нинг бунчалик ҳаддан ортиқ кўп нашр этилиши ғарбликларнинг уни ўқишга эътибор берганликларига ва бу ўз-ўзидан ундан таъсирланганликларига далил эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Ҳаётнинг турли соҳаларида ишлатиладиган Овропа тилларига кириб қолган арабча сўзларни эслатиб ўтишимизга ҳожат бўлмаса керак. Ҳатто баъзи сўзлар худди араб тилидагидек бўлиб қолган. Қутн (пахта), ҳарируд-дамашқий (дамашқий ҳарир), миск, шароб, жарра (кўза), лимон, сифр (нол) ва булардан бошқа сон-саноқсиз сўзлар шулар жумласидандир.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Доктор Саъид анНаҳид АлАховайн университети.Фас шаҳри чинакам исломий шаҳарнинг тимсолидир. Шаҳар энди қурила бошлаган пайтда муайян тартибга кўра ташкил давоми...

2105 13:05 / 26.11.2019
Мусулмонлар ўзлари борган юртларнинг бойликларини ташиб кетмаганлар, бошқа босқинчилар қиладиган тасарруфотларни қилмаганлар. Ҳамма келишув асосида давоми...

3186 14:30 / 26.09.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг сураларидан бирини қалам билан қасам ичиб бошлаган. Бунда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат воситаси, рамзи давоми...

2363 19:00 / 14.07.2022
тўртинчи мақолаФалакиёт ва риёзиёт соҳасидаги ўзининг ихтиролари билан андалусиялик олим Жобир ибн Афлаҳ XII аср шуҳрат қозонди. У Клавдий Птолемей ўзининг машҳур давоми...

1921 15:00 / 17.06.2020