1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Синов

11:00 / 15.07.2023 1981 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дейдиларки, олим илми билан, зангин моли билан, фақир эса жони билан имтиҳон қилинади. Олимга илми борасида синовлар, имтиҳонлар берилади. Фитналарга тутилади. Гоҳо, унинг нафси илми туфайли уни бошқалардан устун кўрсатмоқчи бўлади. Кибр ва ужуб шамоллари ҳар ён тебратади. Тўзғитади. Унинг синови шу. Обрўю мансаб ва шуҳратдан иборат дунёнинг муғриётларига қарши сабот билан тура олиш. Ўз йўлини йўқотиб қўймаслик. Ва холис Аллоҳ ризоси учун илм тарқатиш. 


Бадавлат инсоннинг синови эса моли билан боғлиқ бўлади. Эҳсон қилиш ҳақида сўралса, бу иш унга оғир келади. Осон бўлмайди. Бир бадавлат инсондан моддий ёрдам сўрашибди. Эҳсон қилишини илтимос қилишибди. У эса "мол бу жон эмас-ки, бериб юборсак(!)", дебди. 


Бу тоифа инсонлар бутун бу молу мулкка ўзим эришганман, ўз билимим туфайли қозонганман дея Қоруннинг йўлини тутадими, ёхуд Аллоҳ таоло менга эҳсон қилгани каби мен ҳам ўзгаларга эҳсон қиламан, дея муҳсинлар йўлига эргашадими, буларни зоҳир қилиш учун ҳам Аллоҳ томонидан синалади. Зеро, ҳеч бир неъмат йўқки, синови бўлмаса. Сўрови бўлмаса... 


Яна инсонга бою камбағаллигидан қатъи назар турли хасталиклар, дардлар етади. Жонига озор етади. Ўтин ёнар кул бўлар, инсон ёнар қул бўлар, демишлар. Банданинг бошига келадиган синовлар, имтиҳонлар, балою мусибатлар унинг жонини ёқади. Аммо, шу билан бирга унга қуллигини ҳам эслатади. Қозиғини кўрсатади. Яхшиликка сабаб бўлади. 


Ўйламанг, синов фақат аччиқ бўлади, деб. Синовнинг энг хатарлиси ширин бўлганидир. Чунки, бунда инсон синалаётганини билмайди. Аллоҳнинг "макридан" ўзини омонда ҳис этади. Ҳатто, ўзини Аллоҳга энг яқин банда, деб ўйлай бошлайди. Бирор яхшиликка йўлиқса, Худо деган одамман-да, деб қўяди. Мусибатга учраса, "эй Худо, нега менга бундай нарса юборяпсан, мен бунга лойиқ бўлган ёмон одаммасман-ку", дея эътироз қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло энг яхши бандаларига ҳам оғир синовлар берган. Ўз пайғамбарларини, авлиёларини тоқат қилиш қийин бўлган мусибатлар билан синаган. Бинобарин, инсонга берилган неъмат Аллоҳ уни яхши кўришини, мусибатлар эса Аллоҳ уни ёмон кўришини лозим тутмайди. Исломдан аввалги умматлардан бўлган кўр, кал ва пес қиссасини эсланг. Улар ўзлари орзулаган неъматлар билан имтиҳон қилинган эдилар. Лекин, улардан фақат биттасигина синовдан ўта олган.


Шундай экан, устингиздаги неъмат билан ғурурга кетманг. Аллоҳнинг синовидан хотиржам бўлманг. Айни чоғда бошингизга тушган мусибат ва қийинчиликлар билан, дарду аламлар билан эзилиб, ўзингизни бахтиқаро ҳис қилманг. Шоядки, бир нарсани ёмон кўрарсиз, аммо, Аллоҳ ўша нарсада кўп яхшиликлар пайдо қилар (Нисо сураси, 19-оят).


Яна бир ояти каримада эса шундай дейилади (мазмуни) "сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сиз билмассиз" (Бақара сураси, 216-оят).


Ниёзий Мисрий айтади: 
дармон излардим дардимга
дардим менга дармон эмиш
бурҳон излардим аслимга
аслим менга бурҳон эмиш.
ўнгу сўлим кўзлар эдим
дўст юзини кўрсам дея
Ташқаридан излар эдим
Ул жон ичинда бир жон эмиш.


Яъни, дардимиз аслида дармонимиз экан. Дардларга сабр қилсак, у бизни дармонга етиштирар экан. Аслу наслимизга бурҳон (ҳужжат) қидириб, юрибмиз. Аслида эса борлигимиз энг катта бурҳон экан. Ўзимизни танисак, Аллоҳни ҳам танир эканмиз. Ҳаққиқий дўстни ҳар-хил жойдан излаб юрамиз. Ҳолбуки, у бизга жон томиримиздан ҳам яқин экан.


Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ризқдаги тангликдан шикоят қиламиз. Қанча одамлар нафас олишдаги тангликдан қийналадилар.Тўполончи бўлса ҳам болаларимиз бор. Қанча одамлар фарзандсизликдан давоми...

1922 14:00 / 08.10.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазотидан қайтяптилар. Отларининг тизгини Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг қўлида. Узоқдан бир аёл кўринди. Булар давоми...

1285 14:06 / 18.01.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Албатта, Соат илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани давоми...

2232 09:09 / 02.06.2021
Хатиб Бағдодийнинг .Тариху Бағдод, китобида келади.Иброҳим ибн Рустамнинг таржимаи ҳолида қуйидагилар ёзилган.Иброҳим ибн Рустам аслида Кирмон аҳлидандир. давоми...

1820 14:17 / 13 март