1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Фойдали илм

17:05 / 07.07.2023 1562 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Илм икки қисмдир:

1. Қалбда бўлган илм. Бу қандай илм? Илми нофеъ — фойдали илм!

2. Тилда бўлган илм. Бу эса Аллоҳнинг Одам алайҳиссалом ўғилларига, яъни инсонларнинг зарар бўлган Аллоҳ таолонинг ҳужжатидир.

Биринчи илм эгасига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда берадиган илм бўлади.

Иккинчиси эса сизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам зарар берадиган илм бўлади.

Юқоридагиларнинг биринчиси қалбдаги илм дейилмоқда, яъни ҳақиқий, фойдали илмдан биринчи бўлиб инсоннинг қалби таъсир олади. Инсоннинг қалби ислоҳ топади, қалб ислоҳ топгандан кейин қолган бутун аъзолар ҳам ислоҳ топади. Оқибатда инсон зоҳиран ислоҳ топади. Зоҳирий жиҳатда Аллоҳни эслатадиган ҳам сурат, ҳам сийрат соҳиби бўлади.

Иккинчи илм бўлса манфаатли, фойдали бўлмаган сохта илм, бу фақатгина тилда қолади, қалбга етиб бормайди. Тилнинг ўзида қолган илмнинг оқибати Аллоҳнинг наздида заррача ҳам қадри бўлмайди. Балки Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек: «Инсонларнинг зарарига бўлган Аллоҳнинг ҳужжатидир».

Фойдали илмнинг биринчи аломати қуйидагича:

Ҳақиқий илмнинг нури инсоннинг қалбида мужассам бўладиган бўлса, унинг қалби равшан, мунаввар, ҳақ билан ботилни ажрата оладиган бўлади. Унга худди қуёш чиққандан кейин оқ билан қора ажраб қолганидек худди шундай илм ҳам инсонга яхши билан ёмонни, оқ билан қорани, тўғри билан нотўғрини ажратиб беради. Илм нури инсоннинг қалбига киргандан кейин унда ажиб бир кайфият ҳосил бўлади. Бу ҳақда Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: «Инсонга фойдали илм ҳосил бўлгандан кейин шундай бир аломат зоҳир бўладики, бу ғурур дунёси, вақтинча бўлган дунёдан нафрат қилади ва абадий бўлган дунёга рағбат қилади».

Бу дунё вақтинча экани, лекин асосий амали, абадий дунё охират учун бўлади. Инсонни қалбида охиратга рағбати, дунёга эса нафрат, рағбатсизлик кўпаяётган бўлса билсинки, илм у инсонга фойда бераётган бўлади.

Иккинчиси, фойдали илм ҳосил бўлгандан кейин унинг илми билан амали бир хил бўлади. Айтгани билан унинг ҳолати, юриш-туриши бир хил бўлади. Илм ҳақиқий, тўғри, фойдали, саҳиҳ илм бўлса у амални талаб қилади. Амал ўша саҳиҳ илмнинг муқтазосидир. Амал бўлмаса, демак у илм ҳақиқий илм эмас экан.

Юқорида зикр қилинган нақллар «Таржиману суннаҳ» номли китобда келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кимни ҳидоят қилишни ирода қилса қалбини исломга очиб қўяди», дедилар.

Қалбнинг очилиши қандай бўлади?, деган саволнинг жавоби эса қуйидагича:

«Қалбнинг очилиши ўша илм нури унинг қалбига жойланади ва қалби илм нури билан мунаввар бўлади. Бунинг аломати бу ўткинчи дунёдан йироқлашиб охират абадий дунёга рағбат қилишдир ва ўлим келмасидан олдин унга тайёргарлик кўришдир. Мана шу ҳақиқий илм ҳисобланади».

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

«Ҳақиқий илмнинг 5 та сифати бор. Аллоҳ таоло кимга ҳақиқий илмни берса унда мана шу 5 та сифат зоҳир бўлади.

1. Аллоҳдан қўрқув, тақво.

2. Хушуъ.

3. Тавозеъли бўлади, яъни унда кибр бўлмайди.

4. Ҳусни-хулқ, гўзал хулқ, ахлоқ-одоб эгаси бўлади.

5. Зуҳд-дунёга рағбатсизлик, охиратга эса рағбат бўлиши.

Биз ўзимизни таҳлил, муҳосаба қилишимиз керак. Демак, толиби илм деймиз, бир неча йиллар илм йўлида юрибмиз, бизда мана шу сифатлар пайдо бўлдими? Агар топилаётган бўлса, Аллоҳга ҳамд айтайлик, агар бўлмаса истиғфор айтайлик. Биз ҳақ йўлда эмас эканмиз, биз ҳақиқий илмга эришмабмиз. Балки биздаги илм сохта илм экан, биздаги илм бизнинг зараримизга бўлган илм экан.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳақиқий илмни насиб этиб, Унинг Ўзи барчамизни қалбимизни илм нури билан мунаввар қилсин.

 

Ҳифзураҳман Полонпурий ҳафизуллоҳнинг «Толиби илмлар ҳаётига тегишли» китоблари асосида Юсуфхўжа Taиров ибн Аббос тайёрлади.

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўлиқ исми ва таваллуди Исо ибн Мино ибн Вардон ибн Исо ибн Абдуссомад ибн Умар ибн Абдуллоҳ азЗарқий. Куняси Абу Мусо. Қолун эса унинг лақабидир. У ансорлардан давоми...

1332 17:50 / 07.12.2022
.hellipВа мусобақа қилувчилар шу нарса учун мусобақа қилсинлар,Мутоффифун сураси, 26оятБандаларини Ўзининг розилиги йўлида мусобақалашишга чақирган Аллоҳ субҳанаҳу давоми...

4506 16:01 / 28.11.2017
Тўлиқ исми ва таваллуди Абу Довуд Абдураҳмон ибн Ҳурмуз алМаданий Аърож. У Муҳаммад ибн Робиъа ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб Ҳошимий Маданийнинг мавлоси бўлган. У давоми...

724 14:32 / 25.05.2023
Ҳазрати Жунайдни устозлари, Маъруф Кархийни шогирди бўлганлар. Тақвода ўз замонасининг ягоналаридан бўлганлар. У зот бозорда савдо қилар экан. Бир куни давоми...

1183 14:48 / 04.07.2023