1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

«Ҳалола» номи ила машҳур бўлган нарса

12:32 / 12.06.2023 2085 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳалоллаш шарти ила қилинган никоҳ макруҳдир ва ҳалоллайди.

Халқ ичида «ҳалола» номи ила машҳур бўлган нарса шудир. Унда уч талоқ ила эрига ҳаром бўлган аёл талоқ қилган эрга ҳалолланиб олиш ниятида бошқа бир одамга никоҳланади. Бундай никоҳ тўғрисида уламолар ихтилоф қилганлар.

Жумҳур, жумладан, Ҳанафий уламолардан имом Абу Юсуф ҳам: «Ҳалола ниятидаги никоҳ фосид – бузуқдир», деганлар.

Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи: «Никоҳ дуруст, аммо хотин аввалги эрига ҳалол бўлмайди», деганлар.

Матндаги маъно, яъни никоҳнинг макруҳ ва хотиннинг аввалги эрига ҳалол бўлиши имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳига оид гапдир.

Ҳалола никоҳнинг никоҳ сифатида ўтишига имом Муҳаммад ҳалола фосид шарт экани ва никоҳ фосид шарт билан бузилмаслигини далил қилади.

Аммо, ҳалола никоҳ аёлни аввалги эрига ҳалол қилишига нақлий далил йўқ.

Ҳалолловчи – уч талоқ қилинган хотинни уни талоқ қилган эрига «ҳалоллаб» бериш учун никоҳлаб олиб, бир марта жинсий алоқа қилиб, кейин талоқ қилиб берадиган шахсдир.

Ҳалоллатувчи эса, хотинини уч талоқ қилиб қўйиб, ўзига яна «ҳалоллатиб» олиш учун бошқа бир эркакка никоҳлаб, бир марта жинсий алоқа қилганидан кейин қайтариб оладиган одамдир.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمُحَلِّلَ وَالْمُحَلَّلَ لَهُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалолловчи ва ҳалоллатувчини лаънатладилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари ҳаром нарса учун бўлади. Шунга биноан, ҳалола никоҳи ҳам ҳаром бўлади», дейдилар уламолар жумҳури.

Аёл «Ҳалол бўлдим», деганда муддат кўтарадиган бўлса ва эркакнинг гумони ҳам ғолиб бўлса, уни никоҳлаб олиши ҳалолдир.

Бир аёлни эри талоқ қилди. Бир муддат ўтганидан сўнг у қайтиб келиб: «Мен ҳалол бўлдим», деди. Яъни, «Бошқа эрга тегиб чиқдим», деди. Шунда аввалги эр ўзи талоқ қилганидан буён ўтган вақтга назар солади. Агар ўзи ва кейинги эр талоқ қилганидан кейин ўтиши лозим бўлган икки идда муддати ўтганига ишонса, аёлни никоҳлаб олиши жоиз бўлади.

Бу ерда бир киши, яъни аёлнинг ўзининг гувоҳлиги билан ҳукм собит бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.

Муҳаммадга хилоф ўлароқ, иккинчи эр уч талоқдан озини ҳам вайрон қилади.

Бир аёлни эри уч талоқ қилди. У бошқа эрга тегиб чиқди ва яна аввалги эрига никоҳланди. Шунда уни уч талоқ қилган эр яна уч талоққа эга бўлади.

Аммо, аввалги эр бир ёки икки талоқ қўйган бўлса-ю, кейин иккинчи эрдан яна қайта никоҳлаб олса, нима бўлади? Бу саволга юқоридаги матнда: «Аввалги эри бу ҳолатда ҳам яна уч талоққа эга бўлади», деган жавоб келмоқда.

Аммо имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи: «Бир талоқ қилган бўлса, икки, икки талоқ қилган бўлса, бир талоққа эга бўлади», деганлар. У кишининг ижтиҳодлари бўйича, иккинчи эр уч талоқдан камни вайрон қилмайди.

Ҳукм учун Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг ижтиҳодлари олинган. Яъни, хотин бошқа эрга тегиб чиққанидан кейин аввалги эрига яна никоҳланса, биринчи эр олдинги сафар неча талоқни ният қилганидан қатъи назар, яна уч талоқ ҳаққига эга бўлади.

«Бахтиёр оила» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1465-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Унаштирилган кишилар муносабатлари тўғрисидаги саволлар жуда кўп сўраладиган саволлардан. Масалан Унаштирилган йигит билан қиз телефонда гаплашиб юрса давоми...

6160 14:00 / 15.02.2024
Хотиннинг жиҳоди ndash эрга итоат этмоқдир.Алий ибн Абу Толиб Хотинининг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эркакни Аллоҳ жаҳаннам оташига отмай давоми...

3304 10:42 / 08.02.2023
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир,, давоми...

1977 16:47 / 21.10.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган.... Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, билиб қўйингки, балким сизлар ёмон давоми...

4091 15:00 / 10.01.2022
Аудиолар

211002 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130262 14:35 / 11.08.2021