1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Нажот – Аллоҳни танишда

10:00 / 08.06.2023 2604 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Ёрқинжон қори Фозилов раҳимаҳуллоҳ суҳбатларидан)

Мавлоно Румий «Маснавийи маънавий» асарларида Ҳиндистонни фатҳ қилган Ғазнавийлар салтанати ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавийдан бир ҳикоя келтирадилар:
«Султон Маҳмуд Ғазнавий ҳеч ким таниб қолмаслиги учун оддий кийимда халқ орасига кириб, шаҳар айланар эди. Кунларнинг бирида тунда яна сарой ташқарисига чиқса, ўғрилар тўдаси бир ерни ўмариш маслаҳатини қилишаётган экан. Нима ҳақида гаплашаётганига қизиққан шоҳ уларнинг ёнига суқилди. Ўғрилар «Сиз кимсиз?» деб сўрашса, «Сизларданман», деб жавоб қилди шоҳ. Улар «Бу ҳам бизга ўхшаган ўғри экан» деб ўйлаб шоҳни сафларига қўшишди.


Ўғрилардан бири: «Ишимизга кор бўладиган кимнинг қандай ҳунари бор?» деб сўради. Бири айтди: «Мен вовиллаб турган итнинг нима деётганини тушунаман». Бошқаси: «Ерни ҳидлаб туриб, қаерга хазина кўмилганини аниқлай оламан», деди. Учинчиси эса: «Ҳар қандай деворни тешиб, ичкарисига киришни уддалайман», деб айтди. Яна бошқаси: «Менинг қўлимдан эса ҳар қандай баланд бинога арқондан сиртмоқ ясаб, чиқиш келади», деди. Бошқа бир ўғри: «Қоронғида қаршимдан ўтиб кетган инсонни кундузи ҳам таний оламан», деди. Ўғрилар подшоҳдан ҳам бошқалардан фарқли ўлароқ нимага қодир эканини сўрашди. Шунда Маҳмуд Ғазнавий: «Бу қобилиятим билан сизларга фойдам тегадими ёки аксинча, билмайман, аммо мен соқолимни бир силкитсам, дорга осиш учун ҳукм қилинган одам жазодан қутулиб қолади», деб жавоб берди. Ўғрилардан бири унга қараб: «Орамизда қутбимиз сен экансан. Қилаётган ишларимиз бизни дор остига олиб борса, сенинг ҳунаринг дор тагидан омон сақлар экан», деди. Шундай қилиб улар султоннинг хазинасини ўмариш учун йўлга тушишди.


Биргаликда сарой томон кетишаётса, йўлда ит вовиллади. Итнинг вовиллашидан нима деётганини тушунадиган ўғри: «Бу ит орамизда биримиз подшоҳ эканини айтяпти», деди, лекин ҳеч ким унинг гапига қулоқ солмади.


Сарой олдига келишганида, ўғрилардан бири бино атрофини айланиб туриб, хазина жойлашган ерни кўрсатди. Бошқаси ёнидан арқонини олиб сиртмоқ қилиб миноранинг тепасига отди. Барчалари чиқиб қарашсаки, қаршиларида девор турибди. Бу борада моҳир бўлган ўғри ишини бирпасда амалга оширди. Шу билан ўғрилар хазинани ўмариб, саройни тарк этишди. Шоҳнинг ўзи ҳам уларнинг ёнида бўлиб, ҳар бирининг яшаш жойини кўриб, саройига қайтиб келди.


Эртаси куни подшоҳ аъёнларини тўплади. «Тунда саройда ўғрилик содир этилди. Бунга ўзим гувоҳман. Ўғриларни ҳузуримга олиб келтиринг!» дея буюриб, уларнинг манзилларини айтди.


Ўғрилар шоҳнинг олдига тутиб олиб келинди ва ҳаммасини дорга осишга ҳукм қилинди. Улар жаллоднинг ёнида қўрқувдан қалтираб турар, аммо биттаси хотиржам экан. Бу тунда йўлиққан одамини кундузи таний оладиган ўғри эди. Қалбида бироз қўрқув бўлса-да, шоҳнинг берган ваъдаси, раҳматидан ҳам умидвор ҳолда подшоҳга қарата: «Шоҳим, менинг бир арзим бор. Сизни танидим, кеча сафимизга қўшилган одам сизсиз. Ўзингизга маълум, орамиздагиларнинг ҳаммаси айтган сўзининг устидан чиқди, истеъдодини ўрнида ишлатди. Сиз ҳам ваъда берган эдингиз. Энди шуни бажаринг», деди. Шунда султон: «Ўзини таниб турган одамга жазо бериш қийин», деб ўғрилар билан бир кечалик ошна бўлгани эҳтиромидан тавба қилиш шарти билан уларни афв этди».


Мавлоно ушбу ҳикояда бир нечта ҳикматларни баён қилмоқдалар. Банда бир ҳаром ишни қиламан дея таъма қилиб қолса, қулоғига насиҳат кор қилмаслигини итлар тилини тушунадиган ўғрининг сўзига ҳеч ким қулоқ солмагани кўринишида ифода этилади.


Банданинг ҳар қандай гуноҳни инсонлардан яшириши мумкин экани, бироқ оламларнинг Подшоҳи унинг ҳар бир амалини кўриб туришини ўғриларнинг яширинча иш қиляпмиз, деб ўйлашгани, аммо бунга подшоҳнинг ўзи гувоҳ бўлиб тургани тамсилида келади. Дарҳақиқат, Ҳақ таоло Ўз каломида бундай дейди: «Қаерда бўлсангиз ҳам, У сиз билан бирга» (Ҳадид сураси, 4-оят).


Мавлоно яна ҳикояда айтмоқчики, шоҳ бўлаётган ишларни кўриб туриб, жазони эртанги кунга кечиктиргани каби Аллоҳ таборака ва таоло ҳам бандасининг гуноҳларидан ғофил эмас, аммо жазони қиёматга қолдириб туради. Чунки Аллоҳ Ас-Сабурдир, осийларни азоблашга шошилмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Ал-Ҳалийм, ғазаби қўзимайдиган, кечиримли Зот. Бандалар эса бирор кимсадан зулм кўрса, қулай фурсат келиши билан ундан ўчини олишга ҳаракат қилади.


Ҳикоядан келиб чиқадики, инсониятнинг камоли фазилатидан деб ҳисоблаган ишлари аксар ҳолларда уни алалоқибат дор остига олиб бориб қўяди. Яъни дунё қанчалик тараққий топмасин, инсон ойга чиқмасин, қилаётган амалида Аллоҳнинг розилигини кўзламас экан, бу банданинг ваболига, жазога, азобга сабаб бўлаверади.


Сўнгги хулоса шуки, ўғриларни дорнинг тагига олиб борган уларнинг гуноҳидир. Ўғриларни фақат подшоҳни таниб қолишгани эмас, балки Аллоҳ раҳматидан умид узмаганликлари уларнинг нажот топишларига сабаб бўлди. Зеро, Мавлоно демоқчики, Яратганни таниган банда Унинг қандай буюк қудрат соҳиби эканини билади. Ўғри шоҳнинг ваъдасидан умидвор бўлгани каби қул ҳам Хожасини танигани учун гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса-да, Унинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор бўлади. Иймон – Аллоҳни таниш жуда улуғ фазилат бўлиб, Аллоҳни таниган одам ўзи ҳам жазодан омон қолади, бошқаларни ҳам шафоат қила олади.

Флюра Умурзоқова оққа кўчирди
«Ҳилол» журналининг 3 (48) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Қуръон аҳли Аллоҳга аҳлдир. ndash Қуръон тиловатининг савоби дунёдаги энг нафис молмулкдан ҳам улкандир. ndash Ҳарбир ҳарф учун ўнта ҳасанот берилади. ndash У давоми...

2506 11:00 / 08.03.2023
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Сияру аъломин нубало, китобида келтиради.Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мажлисларига давоми...

1244 17:03 / 25.11.2023
Одатда бировга зарари тегмайдиган одамларга нисбатан .Чумолига ҳам озор бермайди, иборасини қўллаймиз. Нима учун шундай Бир ўйлаб кўрганмизми Бошқа митти давоми...

8208 11:00 / 10.11.2020
Футувват mdash хилватда бўлса ҳам зоҳир бўлгандан сўнг шармисор бўладиган ишни қилмаслик ва ҳаммага яхши ахлоқ билан муомала қилишдир. Зеро, халқларнинг дўстлигини давоми...

1745 09:00 / 13.12.2021