1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Расулуллоҳнинг жаннатдаги қўшинлари (учинчи мақола)

14:17 / 21.05.2023 1024 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаларига энг яқин ёрдамчилардан бўлдилар. Абу Бакр Сиддиқ вақтларида шуро мажлисининг фаол аъзоларидан эдилар. Ислом жамиятини идора қилишда турли муаммоларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатдилар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб Исломга киришларига сабаб бўлган беш кишининг бири эдилар. Ана шу томондан ҳам уларнинг қадимдан алоқалари яхши эди.

Абу Бакр Сиддиқ ўринларига ҳазрати Умарнинг номзодларини тақдим қилганларида Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз фикрларини айтиб, у кишига баъзи саволлар ҳам берганлар.

Ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳумо вақтида ҳам шундай бўлди.

Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози ҳолларида ўтиб кетган олти кишининг номзодини халифаликка тавсия қилганларида Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам ана шулар ичида бор эдилар.

Аммо ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг фожиали ўлимлари Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан бирга, Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуга ҳам қаттиқ таъсир қилди. У кишининг ўчини олиш Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ҳам энг катта муаммосига айланиб қолди.

Толҳа розияллоҳу анҳу ўзларича Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан бирга бу масалани ҳал қилишга уриндилар, маккаликлар билан Оиша онамизни олиб, Басрага боришда ва бошқа ҳодисаларда бош бўлдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан бирга ижтиҳодлари ўз ўрнидан чиқмаганини ҳам англадилар.

Аммо фитначиларнинг фитнаси ила Туя уруши келиб ҳам чиқди. Ўша куни ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг уруш ичидаги гапларидан ке­йин Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу қилган хатоларини тушуниб, жанг майдонини ташлаб чиққанларидан кейин Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам жанг майдонини ташлаб, шаҳид бўлиш учун майдондан ташқарига чиқдилар. Жанг бўлаётган жойда бир лаҳза ҳам ҳушёрликни қўлдан бермаслик кераклиги қоидасига умр бўйи амал қилиб юрган уста жангчи хатосини тушунгандан кейин қуролини ташлаб, Роббига илтижо қилиш учун холи жойга ўтмоқчи бўлиб, жанг оралаб юриб кетди.

Жанг қилмай турган одам омонда эканлиги қоидасига амал қилмаганлар у кишини нишонга олдилар. Қўлида қуроли билан ҳушёр турганда яқинига кела олмайдиганлар Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни қуролсиз Аллоҳга илтижо ҳолида турганда нишонга олдилар. Номардлар ўқи мардларнинг мардининг тиззасидаги шох томирга тегди. Қон тўхтамади. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гаплар ҳақ бўлди. У киши шаҳид кетдилар.

Машъум жангдан сўнг ҳаммага баробар жаноза ўқиб, дафн қилаётган ҳазрати Али Зубайр ибн Аввом ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуларга ҳам жаноза ўқидилар, улар билан видолашар эканлар:

«Умид қилурманки, мен, Толҳа, Зубайр ва Усмонлар «Уларнинг кўксларидаги ғилли-ғашларни ‎чиқариб ташладик. Сўриларда бир-бирларига ‎юзланиб, биродар бўлган ҳолларидадирлар» дейилганлардан бўлурмиз», дедилар («Ҳижр» сураси, ‎47-оят).

Сўнгра ҳазрати Али икки дўстнинг қабрларига қараб туриб:

«Қулоғим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан у зотнинг:

«Толҳа ва Зубайр менинг жаннатдаги қўшниларимдир», деганларини эшитган», дедилар.

Ҳа, бу ҳақ гап. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаводан нутқ қилмаслар. У зотнинг айтганлари ваҳийдан бошқа нарса эмас.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги
03-07/5165-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ аввалда қароқчи, йўлтўсар эди. Битта, иккита мусофирни кўриб қолса уларни уриб, қўрқитиб молини олар эди.Унинг тавбасининг сабаби давоми...

2467 17:01 / 04.11.2021
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ САҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларМуаллиф Аҳмад МУҲАММАД ТУРСУНИслом.уз сайтининг муҳтарам мухлислари давоми...

17794 21:21 / 21.04.2017
биринчи мақола . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро тоғи устида эдилар. давоми...

2060 14:00 / 05.06.2023
иккинчи мақола Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг Исломга киришлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд бўлишларига, севинишларига сабаб давоми...

2885 11:00 / 26.01.2021