1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Яхши амал қилса хурсанд бўлади!

11:00 / 10.12.2023 3093 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир киши Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб иймон ҳақида сўради. Абу Зарр розияллоҳу анҳу унга қуйидаги оятни ўқиди:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарига, китобга, пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир, ана ўшалар тақводорлардир».


Ҳалиги киши деди:
- Мен сендан яхшилик ҳақида сўрамадим!
Абу Зарр розияллоҳу анҳу деди:
- Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб сен мендан сўраган нарсангни сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга мен сенга ўқиб берган оятни ўқиб бердилар. У сен менга айтган гапингни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. У рози бўлмагач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:
- Менга яқинроқ кел! Иймонли киши яхши амал қилса хурсанд бўлади ва савобини умид қилади. Агар ёмон амал қилса хафа бўлади ва азобидан қўрқади. Агар яхшиликларинг сени хурсанд қилса сен иймонлисан!».


Дунё охират экинзоридир. Биз бунда экин экамиз. Ҳосилни эса Аллоҳга йўлиққанимизда оламиз. Мўъмин киши дунёда бир яхшилик қилса замирида саодатни, қалбида роҳатни ҳис қилади. Буни Аллоҳ учун қилганига ишонади. Эртага Унга йўлиқишини билади. Аллоҳдан кўра вафоли зот йўқлигини, қиёматда унинг ажрини гўзал суратда беришини англайди!


Агар ёмон амал қилганингизда хафа бўлсангиз, демак сиз мўъминсиз!


Ҳаммамиз хатокормиз. Агар гуноҳнинг ҳиди бўлганида бир-биримиз билан ўтира олмаган бўлар эдик. Инсонлар кўришини истамаган томонларимизни сатр қилган, инсонлар кўришини истаган томонимизни тарқатган Аллоҳ покдир!


Мўъмин киши гуноҳ қилиб қўяди. Сўнгра унинг маҳзун бўлиб қолганини кўрасиз. Қалби синади. Сўнгра намоз, рўза, тавба, истиғфор, кечги намоз ва кўз ёшлари билан Аллоҳга қайтишга шошилади. 


Аммо гуноҳни қилиб хафа бўлмаса, надомат қилмаса мана бундан қўрқиш лозим. Аллоҳнинг ҳалимлигини ожизлик деб ўйласа, гуноҳ қилганида Аллоҳнинг сатр қилганини суистимол қилиб яна гуноҳда бардавом бўлса, мана бу хавфли!


Доктор Муҳаммад Ражаб айтади:
«Ўғлим! Гуноҳларинг ичида энг зарарлиси биринчиси ҳам эмас, охиргиси ҳам эмас, кўпи ҳам эмас, ози ҳам эмас. Сенинг ҳалокатинг гуноҳни қийналмасдан, қалбинг оғримасдан қилишингдадир.  Ана шундан сўнг қалбинг унга ўрганиб қолади. Уни тавбага ундайдиган синиқликни энди топа олмайсан. Эй ўғлим! Агар кунларимизни яхшилаб тафтиш қилганимизда, кўп гуноҳларимиз одатга айланиб кетганини англаган бўлар эдик. Бу гуноҳларнинг ҳаромлигига қалблар эътибор бермай қўйди. Эй ўғлим! Энг зарарли гуноҳ сени маст қилган гуноҳдир!».


Абдулқодир Полвонов


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири закотдир..Закот, сўзи луғатда .поклик, ва .ўсиш, деган маъноларни билдиради.Закот берган кишининг давоми...

2326 15:30 / 30.12.2019
ибратли воқеаГерманияда Рамазон ойида руҳоний уйига бир фабрикада ишлайдиган турк ишчиларини ифторликка чақиради. Баъзи ишчилар узрли бўлгани учун қабул давоми...

4515 09:00 / 13.04.2022
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розиёллоҳу анҳуни Яманга юбораётиб шундай дедилар .Сен аҳли китобнинг олдига бораяпсан. Аввал уларни Аллоҳнинг давоми...

3240 09:00 / 27.02.2023
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ Маккадаги ҳарамда, Бани Шайба эшиги олдида Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ билан учрашиб қолди. Абдуллоҳ ибн Муборак деди Эй давоми...

3470 14:00 / 18.07.2022