1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Набий алайҳиссаломга бўлган муҳаббат

11:00 / 06.05.2023 2296 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун жонимиздан, молимиздан, ота-онамиздан, барча оила аъзоларимиздан, жамики инсонлардан азизроқ ва маҳбуброқдирлар.


Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада яшаб, Мадинада вафот этганлар. У ердан бошқа шаҳарга чиқмаганлар. Сабабини сўралганда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётган шаҳарни ташлаб кетишни ёқтирмайман» деган эканлар.


Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳадис ўқиётиб, сесканган эканлар. Ҳадисни ўқиб бўлганларида, шогирдлари ўша сесканишларининг сабабини сўрашганда, чаён чақиб олгани учун шундай бўлганини айтган эканлар. Шогирдлари ҳайрон бўлиб: «Нега ҳадисни тўхтатмадингиз?» дейишганда, улуғ имом: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини бўлгим келмади!», деб жавоб берган эканлар.


Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадина кўчаларида умуман уловга минмаган эканлар. Сабабини сўрашганда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётган тупроқни уловнинг туёқлари билан босгани Аллоҳ таолодан ҳаё қиламан!» деб жавоб берган эканлар.


Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадина кўчаларида юрганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб ва ҳурмат юзасидан ҳеч қачон ерни тепиб, силтаб қадам босиб юрмаган эканлар.


Баъзи ошиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари, қабрлари устидаги гумбаз яшил рангда бўлгани учун яшил рангдаги поябзал кийишни ўзларига эп кўрмаган эканлар!


Баъзи аҳли илмлар тажриба қилиб кўришларича, бир жойда кўп ўтирганларида оёқлари увишиб, жимирлаб қолса, дарҳол севикли Пайғамбаримизнинг муборак исмларини зикр қилсалар, ўша увишиш ва жимирлаш кетган экан.


Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қанчалик севамиз? У зоти бобаракотга бўлган муҳаббатимиз боламизга ёки мол-дунёга бўлган муҳаббатимиздан кўпроқми ёки камми? Агар кам бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини кўпроқ ўрганайлик, муҳаббатимизни оширайлик!


Афсуски, ижтимоий тармоқларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан истеҳзоли, ҳақоратли гапирувчилар учраб турибди.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни истеҳзо қилувчи ана шундай кимсалар кўзларини каттароқ очиб, ўзларини ўнглашлари учун бир оятни келтирсак:
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:


إِنَّا كَفَيْنَاكَ الْمُسْتَهْزِئِينَ


«Албатта, Биз сенга истеҳзо қилувчилардан кифоя қилурмиз» (Ҳижр сураси, 95-оят).
Икки олам сарвари, маҳбубимиз, охиратда шафоатчимиз бўлган зотга Аллоҳ таолонинг саломи, саловоти ва баракоти бўлсин!


Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сизнинг ҳузурингизга Увайс ибн Омир келадиУмар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Ямандан кишилар ҳаж қилгани келишса улардан .Ичингизда Увайс ибн давоми...

2621 19:00 / 03.03.2021
Тиббиёт факультетида ўқийдиган талаба ўртоқлари билан факультет биноси олдида турган эди. Шу пайт бир машина катта тезликда келиб, уни уриб кетди. Талабани дарҳол давоми...

2707 11:00 / 26.01.2023
Мисрнинг Диқҳалия вилояти, Тафаҳнал ашроф қишлоғида яшовчи Салоҳ Атийя ҳақида замондошлари .Саҳобалар замонидан қолган киши, дейишар эди. Биласизми нега Салоҳ давоми...

3936 16:00 / 28.06.2023
Бир хунук юзли, лекин зукко одам соҳибжамол, лекин нодон бир аёлга совчи бўлибди. Ҳеч кимнинг маломатига қарамабди. Унинг бор умиди ўша аёлга уйланиб, фарзанд давоми...

4427 17:00 / 27.04.2022