Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (227-дарс) Эътиборсизлик ила таҳоратда аъзоларнинг баъзи жойига сув етмай қолса, азобга сабаб бўлиши

19:00 / 19.04.2023 2090 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ الْمُغِيرَةِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَوَضَأَ فَمَسَحَ بِنَاصِيَتِهِ وَعَلَى الْعِمَامَةِ وَعَلَى الْخُفَّيْنِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар-да, бошларининг олд қисмига, саллаларига ва икки маҳсиларига масҳ торт­дилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Бу ҳадисда таҳоратда масҳ тортиладиган жойлар ҳақида сўз бормоқда:

1. «Бошларининг олд қисмига».

Ривоятдан кўриниб турибдики, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам салла кийган ҳолларида таҳорат қилганлар. Бошларига масҳ тортганларида ҳаммасига тортмай, салланинг бир томонини кўтариб туриб, бошларининг олд томонига масҳ тортганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари шу ҳадисни далил қилиб, «Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш фарз, ҳаммасига тортиш фарз эмас», яъни киши таҳорат пайтида бошнинг тўртдан бирига масҳ тортса, таҳорати тўғри бўлади, ундан оз бўлса, тўғри бўлмайди, деганлар. Бошқа мазҳаб уламолари «Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш керак», дейдилар.

2. «Саллаларига».

Саллага масҳ тортиш бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиб олгандан сўнг бўлган иш эканлиги ривоятнинг ўзида очиқ-ойдин кўриниб турибди. Кўпчилик уламолар «Бошга масҳ тортмасдан, салланинг ўзига масҳ тортиш жоиз эмас», дейдилар.

3. «Икки маҳсиларига масҳ тортдилар».

Бу ҳукмнинг тафсилотини ўрганиб чиқамиз.

وَرَأَى أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَوْمًا يَتَوَضَّئُونَ مِنَ الْمَطْهَرَةِ فَقَالَ: أَسْبِغُوا الْوُضُوءَ فَإِنِّي سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: وَيْلٌ لِلْعَرَاقِيبِ مِنَ النَّارِ. وَفِي رِوَايَةٍ: وَيْلٌ لِلْأَعْقَابِ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу таҳорат қиладиган жойда одамларнинг таҳорат қилаётганларини кўриб:

«Таҳоратни мукаммал қилинглар, мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ароқийбларга дўзахда ҳалокат бўлсин!» деганларини эшитганман», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«(Яхши ювилмаган) Товонларга дўзахда ҳалокат бўлсин» дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

«Ароқийб» – «арқуб»нинг жами бўлиб, араб тилида товон устидаги йўғон пай шу ном билан аталади.

Абул Қосим – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қосим исмли ўғиллари бўлиб, у кичиклигида вафот этган. Ўша фарзандлари исми билан куняланганлар.

Имом Бухорий қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўша одамларнинг товонларини яхшилаб ювмасдан, уларга масҳ тортаётганларини кўриб қолиб, ушбу ҳадисдаги гапларни айтганлар, дейилади.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Таҳоратни мукаммал қилиш лозим эканлиги.

2. Таҳоратда оёқнинг ҳаммасини яхшилаб, сув етказиб ювиш кераклиги.

Ушбу ҳадисда ушбу маънога алоҳида эътибор берилиши баъзи тоифалар, хусусан, шийъа мазҳаби ва баъзи зоҳирийларнинг «таҳоратда оёққа масҳ тортилади», деган гапларини ботил қилиш учундир.

3. Биладиган одам амалда хатога йўл қўяётган кишини кўрса, тузатиб қўйиши зарурлиги.

4. Эътиборсизлик ила таҳоратда аъзоларнинг баъзи жойига сув етмай қолса, азобга сабаб бўлиши.

5. Товонларни ювишга алоҳида эътибор бериш кераклиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳу .Намоз эллик вақт, жунубликдан ғусл қилиш етти марта, кийимдаги пешобни ювиш етти марта эди. Расулуллоҳ давоми...

1408 19:00 / 24.08.2023
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қиз боланинг пешоби ювилади. Таом емайдиган ўғил боланинг пешобига сув сепилади,, дедилар,.Абу Довуд ва давоми...

1569 19:00 / 14.12.2022
. . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга бавл қилмасин. давоми...

1917 00:00 / 06.09.2022
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй болам, агар эртаюкеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир давоми...

2899 14:00 / 19.05.2021