Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (225-дарс) Баъзи нафл намозлар ҳақидаги маълумотлар (иккинчи мақола)

19:00 / 07.04.2023 3727 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4. Таҳорат қилгандан кейин ўқиладиган намоз.

Бу намозни «шукри вузуъ» – «таҳоратнинг шукри» дейилади.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ الْجُهَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ أَحَدٍ يَتَوَضَّأُ فَيُحْسِنُ الْوُضُوءَ، وَيُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ، يُقْبِلُ بِقَلْبِهِ وَوَجْهِهِ عَلَيْهِمَا إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир одам жуда яхшилаб таҳорат қилса-да, қалби ва юзи ила йўналган ҳолда икки ракъат намоз ўқиса, унга албатта жаннат вожиб бўлади», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

5. Истихора намози.

«Истихора» сўзи луғатда «хайрни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганда, хайрлисини танлаш учун истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَلِّمُنَا الْاِسْتِخَارَةَ فِي الْأُمُورِ كُلِّهَا كَمَا يُعَلِّمُنَا السُّورَةَ مِنَ الْقُرْآنِ، يَقُولُ: إِذَا هَمَّ أَحَدُكُمْ بِالْأَمْرِ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ مِنْ غَيْرِ الْفَرِيضَةِ، ثُمَّ لِيَقُلِ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلَا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلَا أَعْلَمُ، وَأَنْتَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ، اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي، وَمَعَاشِي، وَعَاقِبَةِ أَمْرِي - أَوْ قَالَ: - عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ، فَاقْدُرْهُ لِي، وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي، وَمَعَاشِي، وَعَاقِبَةِ أَمْرِي - أَوْ قَالَ: - فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ، فَاصْرِفْهُ عَنِّي، وَاصْرِفْنِي عَنْهُ، وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي. قَالَ: وَيُسَمِّي حَاجَتَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот:

«Қачон бирортангиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи Зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш менга динимда, тирикчилигимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) яхши эканлигини билсанг, уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, тирикчилигимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканлигини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил», десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ таоло ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, шу ишни қилади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади.

Истихора намозининг биринчи ракъатида Фотиҳа сурасидан кейин Каафирун сурасини, иккинчи ракъатда Ихлос сурасини ўқийди.

6. Тасбеҳлар намози.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِلْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ: يَا عَبَّاسُ، يَا عَمَّاهُ، أَلاَ أُعْطِيكَ، أَلَا أَمْنَحُكَ، أَلَا أَحْبُوكَ، أَلَا أَفْعَلُ بِكَ عَشْرَ خِصَالٍ، إِذَا أَنْتَ فَعَلْتَ ذَلِكَ غَفَرَ اللهُ لَكَ ذَنْبَكَ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، قَدِيمَهُ وَحَدِيثَهُ، خَطَأَهُ وَعَمْدَهُ، صَغِيرَهُ وَكَبِيرَهُ، سِرَّهُ وَعَلَانِيَتَهُ، عَشْرَ خِصَالٍ: أَنْ تُصَلِّيَ أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ تَقْرَأُ فِي كُلِّ رَكْعَةٍ فَاتِحَةَ الْكِتَابِ وَسُورَةً، فَإِذَا فَرَغْتَ مِنَ الْقِرَاءَةِ فِي أَوَّلِ رَكْعَةٍ وَأَنْتَ قَائِمٌ قُلْتَ: سُبْحَانَ اللهِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، وَلَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ، خَمْسَ عَشْرَةَ مَرَّةً، ثُمَّ تَرْكَعُ فَتَقُولُهَا وَأَنْتَ رَاكِعٌ عَشْرًا، ثُمَّ تَرْفَعُ رَأْسَكَ مِنَ الرُّكُوعِ فَتَقُولُهَا عَشْرًا، ثُمَّ تَهْوِي سَاجِدًا فَتَقُولُهَا وَأَنْتَ سَاجِدٌ عَشْرًا، ثُمَّ تَرْفَعُ رَأْسَكَ مِنَ السُّجُودِ فَتَقُولُهَا عَشْرًا، ثُمَّ تَسْجُدُ فَتَقُولُهَا عَشْرًا، ثُمَّ تَرْفَعُ رَأْسَكَ فَتَقُولُهَا عَشْرًا، فَذَلِكَ خَمْسٌ وَسَبْعُونَ فِي كُلِّ رَكْعَةٍ، تَفْعَلُ ذَلِكَ فِي أَرْبَعِ رَكَعَاتٍ، إِنِ اسْتَطَعْتَ أَنْ تُصَلِّيَهَا فِي كُلِّ يَوْمٍ مَرَّةً فَافْعَلْ، فَإِنْ لَمْ تَفْعَلْ فَفِي كُلِّ جُمُعَةٍ مَرَّةً، فَإِنْ لَمْ تَفْعَلْ فَفِي كُلِّ شَهْرٍ مَرَّةً، فَإِنْ لَمْ تَفْعَلْ فَفِي كُلِّ سَنَةٍ مَرَّةً، فَإِنْ لَمْ تَفْعَلْ فَفِي عُمُرِكَ مَرَّةً. وَفِي رِوَايَةٍ: فَإِنَّكَ لَوْ كُنْتَ أَعْظَمَ أَهْلِ الْأَرْضِ ذَنْبًا غُفِرَ لَكَ بِذَلِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَعِبَارَتُهُ: فَلَوْ كَانَتْ ذُنُوبُكَ مِثْلَ رَمْلِ عَالِجٍ لَغَفَرَهَا اللهُ لَكَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмуттолибга:

«Эй Аббос! Эй амаки! Сенга ато берайми? Сенга марҳамат қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Қачон сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сенинг гуноҳингни – аввалгисию охиргисини, қадимгисию янгисини, хатосию қасдданини, кичигию каттасини, сиринию ошкорини мағфират қилади. Ўша ўн хислат: тўрт ракъат намоз ўқимоғинг. Ҳар ракъатда «Фотиҳатул Китоб»ни ва бир сура ўқийсан. Биринчи ракъатда қироатдан фориғ бўлганингда турган ҳолингда: «Субҳаналлоҳ валҳамду лиллааҳ ва лаа илааҳа иллалоҳу валлоҳу акбар», деб ўн беш марта айтасан. Сўнг рукуъ қиласан ва рукуъда турган ҳолингда уларни ўн марта айтасан. Сўнгра бошингни рукуъдан кўтариб, уларни ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва уларни сажда қилган ҳолингда ўн марта айтасан. Сўнг бошингни саждадан кўтариб, уларни ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб, яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни кўтариб (ўтириб), уларни ўн марта айтасан. Ана ўша бир ракъатда етмиш бештадир. Буни тўрт ракъатда ҳам қиласан. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, шуни қил. Агар қила олмасанг, ҳар жумада бир марта. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта. Агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Агар сен ер аҳлининг энг катта гуноҳкори бўлсанг ҳам, албатта у ила сенга мағфират қилинур», деган жумла зиёда қилинган.

Абу Довуд ривоят қилган.

Термизийнинг иборасида:

«Агар гуноҳларинг қумтепа мислича бўлса ҳам, Аллоҳ уларни сендан мағфират қилади», дейилган.

Ушбу ҳадисни Абу Довуд ва Термизийдан бошқа – Ибн Можа, Байҳақий, Ибн Хузайма, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Ибн Муборак, Табароний, ал-Хатиб, ал-Ожурий, Абу Саъид ас-Самъаний, Абу Мусо ал-Мананий ва имом Бухорий («Жузул Қуръон»да) ривоят қилишган.

Ибн Абу Сайф ал-Яманий «Ал Ламъа фий рағойиби явмил жума» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:

«Тасбеҳлар намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такаасурни ўқийди, иккинчисида «Вал Аср»ни, учинчисида Каафирунни, тўртинчисида Ихлосни», деб туриб, охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.

Абу Усмон ал Хайрий аз-Зоҳид:

«Қийинчиликлар ва ғам-ғуссалар учун тасбеҳлар намозидан яхши нарса кўрмадим», деган.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Намознинг вожиблари Фотиҳанинг қироати, бир сура ёки уч оятни зам қилиш, тартибга риоя этиш, қаъдаи аввал, ташаҳҳуд, салом лафзи, витрнинг қунути, давоми...

5729 19:00 / 16.12.2021
биринчи мақола Албатта, жамоат намози имомсиз бўлмайди. Шунинг учун намозда имом бўладиган шахс ҳақида кўпгина шаръий ҳукмлар келган. Имомликнинг тўғри бўлиши давоми...

6513 19:00 / 31.07.2022
Таъзия одоблариАйрилиқ дарди оғир, жуда оғир. Тақдири илоҳийга бўйсунсакда, қазонинг ҳақлигига иқрор бўлсакда, банда эканмиз, юраклар ўртанади, кўкраклар дамодам давоми...

6770 05:00 / 19.01.2017
. . . . . . . . . . .Ҳайз бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган болиғ аёлнинг раҳми чиқарадиган қондир. Ҳайзнинг ози уч кечаю давоми...

6055 13:30 / 28.01.2021