1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Оятул Курсийнинг фазилати

15:11 / 20.03.2023 4702 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Биров келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, «Аллоҳга қасамки, сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мен ҳожатмандман, бола-чақам бор. Қаттиқ муҳтожлигим бор», деди. Мен уни қўйиб юбордим. Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳали яна келади» деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, чунки мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман», деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.


Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман», деди. «Нима у?» дедим. У: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул-Курсийни – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни оятни тугатгунингча ўқи. Шунда тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди», деди. Уни қўйиб юбордим.


Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга манфаат берадиган калималарни ўргатишини айтган эди, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Улар нима экан?» дедилар. «У менга: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул-Курсийни – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни бошидан бошлаб, тугатгунингча ўқи», деди ва менга: «Тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим. – Улар (саҳобалар) яхшиликка энг ўч кишилар эди. – Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. «Йўқ», дедим. У зот: «У шайтон эди», дедилар».


Имом Бухорий ривоятлари.

 

Муаллиф
Анвар Аҳмад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат учун сув олиб бордим. У зот таҳорат қилиб бўлиб давоми...

3279 19:07 / 26.08.2019
Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга овқатланаётганимда .Аллоҳ исмини зикр қил ва ўнг қўлинг давоми...

997 09:28 / 03 август
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким тонг отганида ёки кеч кирганида .Аллоҳумма инний асбаҳту ушҳидука давоми...

11065 09:00 / 08.05.2022
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлларидан баъзиларига ўнг қўлларини суртиб, паноҳ тилаб, қуйидаги дуони ўқирдилар давоми...

1180 09:54 / 17 июнь
Аудиолар

211032 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130292 14:35 / 11.08.2021