Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (211-дарс) Ўлим нима? Инсон ўлганидан кейин нима бўлади?

19:00 / 17.01.2023 2920 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақоид илмида «ғайбиёт» номини олган масалалар инсон зоти учун бутунлай ғойиб бўлган, ҳеч ким кўрмаган ва бошқа нарсага солиштириб ҳам билиб бўлмайдиган, уни билиш учун фақатгина ўта ишончли хабарга, Аллоҳ таолодан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан содиқ масдарлар орқали дақиқ илмий ва омонатли йўл билан нақл қилинган хабарга суяниладиган масалалардир.

Ҳозиргача ўрганиб ўтган нарсаларимизнинг ҳаммасини ақл билан, тадаббур билан, солиштириш йўли билан топиб олса бўлади. Аммо ғайбиётга оид ҳар бир нарсани фақатгина Қуръони Карим ёки ҳадиси шарифда келган ишончли хабар орқалигина билишимиз мумкин.

Ақоид уламоларидан баъзилари бу масалаларни «самъиёт» – эшитиш йўли билан билинадиган нарсалар деб атайдилар.

Ўлим ва унга боғлиқ нарсалар

Ўлим маълум ва машҳур нарса. Уни ҳамма билади ва соат сайин қайта-қайта бу ҳақиқатга гувоҳ бўлиб туради. Ўлимни билмаган, эсга олмаган одам боласи йўқ. Аммо ўлимга боғлиқ нарсалар тамомила ғайбиётлар жумласига киради. Уларни кўриб ҳам, ҳис қилиб ҳам, бошқа нарсаларга солиштириб ҳам бўлмайди.

Шу ерда тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини таъкидлаб ўтмоғимиз лозим.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида қуйидагиларни айтади:

 

ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ

 

«Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларини эса уйқуси вақтида олур. Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(ибрат)лар бордир» (42-оят).

Ушбу оят маънолари ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далилдир. Дунёдаги барча ишлар ёлғиз У Зотнинг Ўзига боғлиқлигини билдиради.

«Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларини эса уйқуси вақтида олур».

Ҳар лаҳзада қанчадан-қанча одамлар жон берадилар. Уларнинг жонини ким олади? Ҳар бир одам ҳар куни маълум муддат ухлайди, ўшанда у ўликка ўхшаб ётади. Унинг жони нима бўлади? Бу саволларга мазкур жумлада жавоб бор.

Жонларни ўлим вақтида ҳам, ухлаган вақтида ҳам оладиган Зот Аллоҳдир. Тандан жон чиқиши «катта вафот», ухлаганда тана билан жон орасида алоқанинг кучсизланиши «кичик вафот» дейилади. Чунки ухлаган одамнинг жонини ҳам Аллоҳ таоло олган бўлади.

«Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур».

Кимнинг қазоси етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб қолаверади. Аллоҳ ажали етмаганларнинг жонини қўйиб юборади. Улар белгиланган ажалгача яшаб юрадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеч ётаётганларида:

«Роббим, Сенинг исминг ила ёнбошимни қўйдим, Сен билан уни кўтарурман. Агар жонимни тутиб қолсанг, уни мағфират қилгин. Агар уни қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳларни муҳофаза этадиган нарса ила муҳофаза қилгин», деган дуони ўқиб, уйқуга кетар эдилар.

«Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(ибрат)лар бордир».

Чунки уларнинг жони доимо Аллоҳнинг қўлида. У Зот ул жонни хоҳлаган лаҳзасида олиб қўйиши мумкин. Кейин эса албатта ҳисоб-китоб қилади, сўраб-суриштиради.

Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига далиллардан бири – ўлим ва ҳаёт Унинг қўлида эканлигидир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бировга жон бера олмайди, бировнинг жонини ҳам ола билмайди.

Аллоҳ таоло Нажм сурасида қуйидагиларни айтади:

 

ﰝ ﰞ ﰟ ﰠ ﰡ

 

«Албатта, ўлдирган ҳам Ўзи, тирилтирган ҳам Ўзи» (44-оят).

Ўлим ва ҳаёт ҳаммага маълум ва машҳур ҳодисалардир. Бу икки ҳодиса ҳар куни сон-саноқсиз миқдорда содир бўлиб туради. Ўлим ва ҳаёт турли шаклда ва суратда бетўхтов такрорланиб туради. Инсоният ўлим нима-ю, ҳаёт нима эканини, уларнинг ҳақиқатини билишга уриняпти, лекин ҳеч нарсани била олмаяпти. Бутун дунё аҳллари бирлашиб ҳам жонсиз нарсага ҳаёт бера олмаяпти. Бутун борлиқ бирга тиришиб ҳам бирорта ўлимни қайтара олмаяпти.

Умид қолмади деб, гўри қазиб қўйилган беморлар кутилмаганда соғайиб, яшаб кетяпти. Уларга қараган, гўрини қазиганлар тўсатдан ўлиб қоляпти. Бундай бўлиши табиий, чунки ўлдирувчи ҳам, тирилтирувчи ҳам фақат Аллоҳдир.
Аллоҳ таоло Ўзига маълум ҳикматга биноан одамларнинг жонини олишга муқарраб фаришталардан бирини вакил қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Сажда сурасида қуйидагиларни айтади:

 

ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ

 

«Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз»,  деб айт» (11-оят).

Оятда одам боласининг ўлими ҳам, тирилиши ҳам ўз ихтиёри билан бўлмаслиги баён қилинмоқда.

«Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир».

Жонни олишга юборилган фаришта Азроил алайҳиссалом экани маълум ва машҳурдир.

Уламолар жумҳури: «Ўлим фариштаси битта бўлса ҳам, унинг ёрдамчилари бор», деганлар. Бунга далиллар ҳам келтирганлар.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида қуйидагиларни айтади:

 

ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈﮉ

 

«Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима ҳолда эдинглар?» дедилар» (97-оят).

Кўриниб турибдики, бу ҳолатда бир эмас, бир неча фаришталар жон олишда иштирок этмоқдалар.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида қуйидагиларни айтади:

 

ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ   ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ

 

«Ниҳоят, бирортангизга ўлим келганда, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирадир» (61-оят).

Бу оятдаги элчилар ҳам ўлим фаришталари, яъни Азроил алайҳиссаломнинг ёрдамчиларидир. Кўплаб ҳадис ва хабарларда ўлим фариштаси аҳли солиҳ кишиларга мулойим, осийларга қўпол муомала қилиши собит бўлган. Ушбу нарсаларнинг барчасига, ўлимга боғлиқ нарсалар қаторида, ҳар бир мусулмон шахс жазм ила эътиқод қилмоғи лозим.

Ўлмайдиган ким бор? Ҳамма  ҳам ўлади. Ўлим ҳар банданинг бошида бор.

Ўлим нима? Инсон ўлганидан кейин нима бўлади? Унинг ҳоли не кечади? Ўлим – кишининг юраги уришдан тўхтаб, қон айланмай қолиб, қимирламай қолишидан иборат, холосми? Ёки бошқа нарсалар ҳам борми?

Инсон ўлганидан кейин иш битдими? Қабрида чириб тупроққа қўшилиб кетаверадими? Ундай бўлса, унинг бошқа ҳайвонлар, қурт-қумурсқалардан нима фарқи бор? Ёки инсон бу дунёда турли ҳайвон ва қурту қумурсқалардан фарқли бўлиб, ақл билан яшагани учун, ўлганидан кейин ҳам унга бошқача, инсонга тўғри келадиган муносабат бўлиши керакми?

Ислом ақийдаси бўйича бу дунё инсон учун синов майдони, холос. Асосий ҳаёт диёрига ўтишдан олдин имтиҳон топшириб, у ёқдаги ҳаётга ўзининг нақадар ҳақли эканини исбот қилиш фурсати, холос. Ана ўша боқий дунё мартабаси учун ушбу фоний дунёда ҳаракат қилади, холос.

Исломда инсоннинг ўлгани бу дунёдан у дунёга ўтгани, фоний дунёдан боқий дунёга кўчгани, холос. Янги, боқий дунёда уни фаришталар кутиб олиб, жойлаштирадилар. Қандай жойга муносиб эканини ўзига билдириш учун сўроқ-савол қилишади, қўлидаги номаи аъмолини кўришади. Сўнг унга жой кўрсатишади. Ана ўша ишлар қабрдан бошланади.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса. .Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди,, демаймиз.Шарҳ давоми...

5349 13:10 / 29.04.2019
1. Бу илмнинг мақсади ndash динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила кучлантириш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир. 2. Ақийдада тақлидчи давоми...

774 19:00 / 05 февраль
Эй иймон келтирганлар Сабр қилинг, сабрда устун келинг, қўриқчиликда шай туринг ва Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, зафар топсангиз.Сабр даъватнинг машаққатли давоми...

4382 18:53 / 01.03.2018
Аллоҳ таоло ҳидоят қилган кишисининг қалбини тўғри йўлга очиб қўяди. Бундай киши ҳеч қачон бу йўлдан тойиб, залолатга тушмайди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу борада давоми...

3466 22:44 / 02.12.2016
Аудиолар

119945 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41641 14:35 / 11.08.2021