1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

«Наботот илмининг отаси» номи билан аталган олим

14:44 / 22.12.2022 1850 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон уламолар тарихда биринчи бўлиб, набототларга таъсир ўтказиб, ўзларига керак бўлган ранг ва моддаларни уларга киритиш йўлларини ишлаб чиқдилар.
Мусулмонлар ичидан етишиб чиққан дунёга донғи кетган олимлардан бири Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғофиқийдир. Бу олим наботот оламига бағишланган китобида набототларнинг исмини араб, лотин ва барбар тилларида келтирган. Милодий 1160 санада вафот этган. Ғарб олимларидан Макс Майрхуруф бу олимга баҳо бериб, энг машҳур наботот илми олимларидан бири, деб атайди.
Бу соҳада яна машҳур мусулмон олимларнинг энг кўзга кўринганларидан бири Ибн Байтор раҳматуллоҳи алайҳдир. Олим «Ал-Жомеъ фил адвиятил муфрада» номли китобида ўсимликлардан тайёрланадиган дориларнинг бир минг тўрт юзта турини васф қилган. Шулардан тўрт юзтасини Ибн Байтордан олдин ҳеч ким тилга олмаган экан. 
Ибн Байтор экинзорларда ўсиб, ҳосилга зарар етказадиган ўсимликларни биринчи бўлиб ўрганган набототшуносдир. У Мисрда набототшуносларнинг раиси ҳам бўлган.
Ибн Байтор ўсимликларни ўрганиб Юнонистонгача борган. Унинг «Ал-муғний фил адвиятил муфрада» номли китоби ҳам бор. Овруполиклар уни «наботот илмининг отаси» деб атайдилар. 
Ўн биринчи милодий асрда яшаб ўтган Ибн Бассол Тулайтилий раҳматуллоҳи алайҳ эса Андалус мусулмон давлатининг Тулайтила (ҳозирги Испаниянинг Толедо) вилоятида ҳокимларнинг улкан боғларини бошқарган. 
Олим кўчатларнинг янги турларини ҳосил қилиш ва зироатга етадиган офатларга қарши курашиш билан шуҳрат топган. Унинг «Ал-филоҳа» номли китоби бу фикрнинг тасдиғидир. 
Олим бу машҳур китобида турли сувлар, ерлар ва набототларнинг хусусиятларини ва уларга етадиган офатларни муолажа қилиш услубларини ажойиб илмий йўл билан баён этган.
Улуғ олим Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Авом ал-Ишбилий раҳматуллоҳи алайҳи  Андалус Ислом давлатининг Ишбилия (Севиля) вилоятида милодий ўн иккинчи асрда яшаб ўтган. У «Ал-филоҳа» номли китобида наботот илмига оид кўплаб илмий баҳсларни баён этган. Бу китоб милодий 1802 санада шарқшунос роҳиб Иосиф Антонио Бонкирри томонидан испан тилидаги таржимаси билан нашр этилган.
Ҳозирги кунда Испания, Франция, Италия, Португалия, Юнонистон каби жанубий Оврупо давлатларида ўсаётган хурмо, зайтун ва бошқа дарахту ўсимликларнинг ўша юртларда қандай пайдо бўлганини бир ўйлаб кўрганмисиз? Бу нарсалар бошқа илм ва тараққиёт воситалари қатори Оврупога унинг жанубида саккиз аср ҳукм сурган Андалус Ислом давлатидаги мусулмонлар ҳаракати ила кириб келган. 
Мусулмонлар машриқ томондан ва шимолий Африкадан Жанубий Оврупога юқорида зикр этилган хурмо ва зайтундан бошқа пахта, шоли, шакарқамиш, заъфарон каби кўплаб набототларни олиб келиб, ўша ер табиатига мослаштириб ўстирганлар.
Мусулмонлар ўсимликларни суғориш учун сув олиб келиш, бу соҳада сувни илмий равишда ишлатиш борасида ҳам пешқадам ҳисобланадилар. Мусулмон ўлкаларни қўйиб турайлигу ҳозирги Испаниядаги сув чиқариш каналлари ва бошқа шунга оид осори-атиқалар ҳам мусулмонларнинг қанчалик тараққиётга эришганларининг далилидир. Ҳаттоки баъзи минтақаларда ҳозир ҳам мусулмонлар қурган иншоотлардан суғориш ишларида фойдаланилмоқда. 
Набототшунослик бўйича мусулмонлар эришган ютуқлардан франциялик ва швецариялик инсонлар ҳам баҳраманд бўлганлар. Жанубий Франциянинг ҳозирги кундаги энг муҳим маҳсулотларидан бўлмиш қора буғдой мусулмонларнинг уларга қилган ҳадясидир. Айнан мусулмонлар қора буғдойнинг уруғини биринчи бўлиб жанубий Францияга келтириб экканлар. 
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Насронийлик дини мусулмон тадқиқотчиларининг диққатини кўпдан буён ўзига тортиб келади. Бу дин биноси уч асосга барпо қилинган ndash Муқаддас учлик1, дастлабки давоми...

17682 18:00 / 14.03.2019
Сиз муҳтарам азизлар дунёдаги энг пок ва покизаликка қаттиқ риоя қиладиган халқ вакили эканингиз билан фахрланиб юрасиз, албатта. Лекин ўша фахр боиси бўлган давоми...

2094 17:06 / 06.11.2020
.Зулматли асрлар,ни бошидан кечираётган зулматли ҳудудларга бир учи туташиб турган мусулмон ўлкалари ҳудудларининг барчаси Ислом нури билан порлаб турган давр. давоми...

2571 11:05 / 24.12.2019
Иймон рамзиМасиҳийликда ҳам худди мусулмонлардаги каби шаҳодат калимасини айтиш орқали иймон келтирилади. Бу динга киришнинг бошланиши ва асосий шарти давоми...

5346 17:30 / 16.05.2019