Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (208-дарс) Тоат ва ибодат орасидаги фарқ

00:00 / 11.12.2022 1824 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ибодат» сўзи араб тилида бир-бирига зид бўлган икки тушунчани – «мулойимлик ва ўзини паст олиш» ҳамда «шиддат ва қўполлик» маъноларини англатади.

Уламолар уни қуйидагича таърифлайдилар:

«Ибодат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва рози бўладиган барча зоҳирий ва ботиний гап-сўзлар ҳамда амаллардир».

Ибодат – баркамол неъмат берувчига баркамол қуллик қилишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилиб бўлмайди. Ибодат қилинувчи ҳақида маърифат ҳосил бўлмагунича, ибодат ҳам ҳосил бўлмайди.

Тоат – уни ирода қилувчининг иродасига мувофиқ воқеъ бўлган ишдир. Тоатни ирода қилувчи уни адо қилувчидан юқори мартабада бўлиши шарт. Тоат Холиққа ҳам, махлуққа ҳам бўлаверади. Тоат бировга эргашишни истамаса ҳам, бўлаверади. Мисол учун, баъзилар шайтонга эргашишни истамасалар ҳам, унга тоат қилишлари мумкин.

Ибодат икки турли бўлади:

Биринчиси – беминнат хизматкор бўлиш ибодати. 

Бунда инсоният, ҳайвонот ва наботот оламлари тенгдир.

Иккинчиси – ихтиёрий ибодат.

Бунда фақат инсон қиладиган ибодат кўзда тутилади.

Ибодатнинг ҳақиқати:

Ибодат аслида ўзини ғоятда хокисор тутиш ва ғоятда олий даражада бўйсунишдир. Шунинг учун ҳам шариат
мукаллаф бандалардан таклиф қилган амаллар «ибодат» деб номланган.

Қуръони Каримда «ибодат» сўзи «тавҳид» ва «тоат» маъноларида келган.

Аллоҳ таоло Зориёт сурасида шундай марҳамат қилади:

ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ

«Ва эслат. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур. Жин ва инсонни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (55-56-оятлар).

Ушбу қисқагина оятда улкан ҳақиқат ўз ифодасини топгандир. Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона мақсад Аллоҳга ибодат қилиш экан. Кўпгина исломий тушунчалар қатори, ибодат тушунчасини таърифлаш ва тушунишда ҳам хатолар содир бўлган. Оқибатда ҳозирги кунимизда «ибодат» деганда кишилар онгида намоз, рўза, қироат, зикр каби нарсаларгина намоён бўлади. Тўғри, мазкур амаллар улкан ибодатлардир, буларсиз Исломни тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо ушбу тушунча билан ҳозир тафсир қилаётган оятимизга мурожаат қиладиган бўлсак, инсонлар ва жинлар бутун умрларини намоз ўқиб, зикр қилиб ўтказмоқлари лозим бўлиб қолади. Чунки инсу жинни Аллоҳ таоло фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратгандир.

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим».

Намозу рўза, зикру тиловатдан бошқа ишга қўл урган шахс, юқорида айтиб ўтилган тушунча бўйича, Аллоҳнинг иродасига қарши чиққан осий бўлади.

Ҳолбуки, бошқа оятларда Аллоҳ таоло бандаларини ер юзини обод қилишга, оила қуришга ва бошқа ишларга буюрган. Инсонни Ўзининг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) деб эълон қилган.

Демак, «ибодат» маъносининг бошқача талқини ҳам бўлиши керак.

Келинг, ибодатнинг луғавий ва истилоҳий маъносини ўрганиб чиқайлик-чи, қандай натижага эришар эканмиз. «Ибодат» сўзи араб тилида «бўйсуниш», «ўзини паст тутиш», «итоат этиш» ва «амрни бажариш» деган маъноларни билдиради.

Демак, ҳар бир ишда Аллоҳга бўйсуниш, итоат қилиш, Аллоҳнинг амрларини бажариш, ҳузурида ўзини паст олиш Аллоҳга ибодат қилишни англатар экан.

Уламолар истилоҳида эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир.

Алоҳида таъкидлаб айтмоқ лозимки, намоз, рўза, ҳаж, закот каби ибодатлар Исломнинг негизини ташкил этадиган улкан ибодатлардир. Буларсиз инсон мусулмон бўлиши қийин. Бу ерда хато «ибодат» маъносини фақат мазкур амалларга боғлаб қўйишдадир. Шунинг учун одам намоз ўқиётганида ўзини Аллоҳнинг ҳузурида ҳис қилади-ю, касб билан шуғулланаётганида ўзини Аллоҳга номаъқул иш қилаётгандек ҳис қилади.


«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуёш чиққандан кейин икки ракъат ишроқ намози ўқилади.Муъоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бомдод давоми...

2296 15:00 / 04.12.2018
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, суннати мутоҳҳарада келган ва турли муносабатлар ила қилинадиган зикрларни яхшилаб ўрганиб, ўз ўрнида адо этиб юриш лозим.Мисол давоми...

3142 19:09 / 10.12.2018
Аллоҳга ҳамдлар, Аллоҳнинг расулига, у зотнинг оли асҳобларига ҳамда у зотнинг йўлларидан юрганларга салоту саломлар бўлсин. Ва баъдҚалбларнинг тўғрилиги барча давоми...

3486 05:00 / 01.03.2017
.Ғурур, сўзининг .зийракликдаги нуқсон ва ғафлат туфайли алданиб қолиш, деган маъноси бор. Ғурурнинг таърифида уламолар бирбирини тўлдирувчи маъноларни давоми...

2365 19:00 / 25.06.2022