1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (207-дарс) Намозни бузувчи нарсалар (биринчи мақола)

00:00 / 03.12.2022 1992 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозда уни адо қилиш учун шариатда кўрсатилган кайфиятга хилоф нарса содир бўлса, у бузилади ёки бошқача қилиб айтганда, ботил бўлади. Бу вақтда намозни қайта ўқишга тўғри келади. Қуйида ҳанафий мазҳаби уламолари «намозни бузади», деган нарсаларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.

Намозни қуйидаги нарсалар бузади:

1. Мутлақ калом.

Намозда қасдданми, унутибми, билмасданми, хато тариқасидами ёки мажбуранми, гапирилса, у ботил бўлади. Бу нарса икки ҳарфни ёки фаҳмласа бўладиган бир ҳарфни нутқ қилиш билан бўлади.

Бу ҳукмнинг далили:

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا نَتَكَلَّمُ فِي الصَّلَاةِ، يُكَلِّمُ الرَّجُلُ صَاحِبَهُ وَهُوَ إِلَى جَنْبِهِ فِي الصَّلَاةِ، حَتَّى نَزَلَتْ: ﮋﭖ ﭗ  ﭘﮊ بِالسُّكُوتِ، وَنُهِينَا عَنِ الْكَلَامِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. 

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Намозда сўзлашаверар эдик. Киши намозда ёнидаги шеригига гапираверар эди. Ниҳоят «Аллоҳ учун тоат ила жим туринглар» ояти нозил бўлганда сукут сақлашга амр қилиндик, гапдан наҳий қилиндик».
Бешовлари ривоят қилишган.

2. Қасддан берилган салом ва унга алик олиш.

Қасддан салом бериш намозни бузишига далил:

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا نُسَلِّمُ عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم وَهُوَ فِي الصَّلَاةِ فَيَرُدُّ عَلَيْنَا، فَلَمَّا رَجَعْنَا مِنْ عِنْدِ النَّجَاشِيِّ سَلَّمْنَا عَلَيْهِ فَلَمْ يَرُدَّ عَلَيْنَا، فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، كُنَّا نُسَلِّمُ عَلَيْكَ فَتَرُدُّ عَلَيْنَا. فَقَالَ: «إِنَّ فِي الصَّلَاةِ شُغْلًا». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ. وَلِمُسْلِمٍ وَأَبِي دَاوُدَ وَأَحْمَدَ: «إِنَّ هَذِهِ الصَّلَاةَ لَا يَحِلُّ فِيهَا شَيْءٌ مِنْ كَلَامِ النَّاسِ، إِنَّمَا هُوَ التَّسْبِيحُ وَالتَّكْبِيرُ وَقِرَاءَةُ الْقُرْآنِ». 

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздалик чоғларида у зотга салом берар эдик, у зот алик олар эдилар. Нажошийнинг ҳузуридан қайтгач, у зотга салом берсак, алик олмадилар. Шунда биз:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом берсак, алик олардингиз?» дедик. У зот:
«Албатта, намозда машғуллик бор», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад келтирган ривоятда:

«Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», дейилган.

Ноқасддан бировга салом бериш намозни бузмайди, чунки салом хитобни ўз ичига олган зикрдир. Бас, у қасддан бўлганда одамларга хитоблиги эътиборга олинади ва намоз бузилади. Ноқасддан бўлган ҳолатда эса зикрлиги эътиборга олинади ва намоз бузилмайди. Саломнинг зикрлиги ташаҳҳудда ўқилишидир.

Аммо алик олганда қасддан бўлса ҳам, ноқасддан бўлса ҳам, намоз бузилади. Чунки аликнинг лафзи намознинг зикрида йўқ.

3. Инграш ва шунга ўхшаш овозли нарсалар.

Оҳ уриш ва уф тортишга ўхшаш нарсалар ҳам икки ҳарфдан иборат бўлса, намозни бузади. Бу нарсалар беморлик, дунё иши учун бўлса, намоз бузилади. Аммо охират учун бўлса, бузилмайди. Бемор ўзини тутиб тура олмаса ҳам бузилмайди.

4. Охират ишидан бошқа сабаб ила овозли йиғи. 

Агар намоз ичида охират учун овоз чиқариб йиғланса, намоз бузилмайди. Бунинг далили қуйидагича:

عَنْ مُطَرِّفٍ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يُصَلِّي وَفِي صَدْرِهِ أَزِيزٌ كَأَزِيزِ الرَّحَى أَوِ الْمِرْجَلِ مِنَ الْبُكَاءِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Муторриф отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди». 

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Мусибат туфайли овоз чиқариб йиғласа, намози бузилади.

5. Узрсиз томоқ қириш. 

Мажбур бўлиб ёки овозини яхшилаб олиш учун томоқ қирган кишининг намози бузилмайди. Аммо узрсиз икки ҳарф миқдорида овоз чиқариб томоқ қириш намозни бузади.

(Давоми бор)


«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таяммумнинг суннатлари 1. Бошлашда .Бисмиллаҳ,ни айтиш. 2. Икки қўлни ерга уриш. 3. Чанг кириши учун бармоқларнинг орасини кенг очиш. 4. Сўнг қўлларни бирбирига уриб, давоми...

4058 13:02 / 17.12.2020
. . Урғочи ва эркакурғочи аралаш отларнинг ҳар биридан бир динор ёки қийматининг ўндан бирининг тўртдан бири, агар нисобга етган давоми...

2139 19:00 / 29.08.2024
иккинчи мақолаБобо, агар катта боболари, яъни бобонинг отаси бўлса ҳамМерос илмида .бобо, деганда отанинг отаси кўзда тутилади. У .саҳиҳ бобо, ёки .собит бобо, деб давоми...

2226 11:05 / 27.01.2020
. . . . . . Нифос болатуғилгандан кейин келадиган қондир. Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун. У эгизакларнинг онаси учун, Муҳаммадга хилоф давоми...

4238 13:00 / 18.02.2021